Комил Синдаров

ТЕРГОВЧИ. ДОРИХОНАДАГИ ҚОТИЛЛИК


Скачать книгу

ташвишни енгишга ҳаракат қиляпти, курашяпти… Аксинча, Худо кўрсатмасин, ҳамма нарсадан совиб, яшашдан безиб ўтирса, нима қилардик!

      – Тўғри-куя, лекин одамга алам қиларкан, – Назиранинг қалби сал ёришгандай бўлди. – Қайси қилган гуноҳлари учун шунақа аҳволга тушиб қолганига ҳайронман… Сизга кўпдан-кўп салом айтдилар.

      – Саломат бўлсинлар, – Санжарбекнинг тағин ўпкаси тўлди, – устозни роса соғиниб кетдим… Насиб қилса, кейинги ҳафтада ёнларига ўтиб келишни режалаштириб турибман.

      – Йўқ, йўқ, ҳозирча келмай турсин, дедилар. Сизга гап тегиб қолишидан хавотирдалар…

      – Эй, шу ишиниям… гап тегса-тегар! Майли, янгажон, сиз ташвиш чекманг, бир амалларман…

      – Укажон, эҳтиёт бўлинг-да! Йўқ жойдан тағин бошингиз балога қолиб ўтирмасин, дейман.

      – Ўзларингиз яхши ўтирибсизларми? – Санжарбек гапни бошқа ёққа бурди. – Иш билан овора бўлиб, сизлардан ҳам хабар ололмай қолдим…

      – Биз яхшимиз, хижолат чекманг, амаллаб турибмиз.

      – Янгажон, зарурат бўлса, тортинмай қўнғироқ қилаверинг.

      Санжарбек аёл билан илиқ хайр-хўшлашиб, жойида ўтирганча ўйланиб қолди… У ҳамон аёлнинг гапларини ҳазм қилолмай қийналарди. Буни қаранг-а, Фахриддин Каримович ўз қўллари билан жемпер тўқиганмиш… Эсиз! Шундай одам-а! Қанчадан-қанча мураккаб жиноятларни фош этган, оддий терговчиликдан вилоят прокуратураси раҳбари даражасигача кўтарилган инсон бугун шу кўйга тушиб ўтирса-я! Бу Абдулла Қаҳҳор айтганидек, атомнинг кучини ўтин ёришга сарфлашдай беъманилик эмасми? Ишонгинг келмайди… Бир тарафдан ўзига машғулот топиб, нима биландир андарман бўлгани ҳам маъқул. Тушкунлик ботқоғига ботиб қолишдан Яратганнинг ўзи асрасин!

      Эшик тақиллаб, милиция ходимлари хонага қорачадан келган, бўйдор, сочларига қисман оқ оралаган, қирқ ёшлардаги бадқавоқ кишини олиб кирдилар ва қўлидаги «кишан»ни ечиб, чиқиб кетдилар. Қисқа муддатли танишувдан сўнг Санжарбек мулойимлик билан гап бошлади:

      – Самиғ ака, соғлиғингиз яхшими? Ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?

      «Айбланувчи» бунақа муомалани кутмаган, шекилли, бир муддат нима дейишини билмай анқайиб қолди. Сўнг ундан иқрорлик хатини олиш учун қилинаётган навбатдаги найранг бўлса керак, деган ўйга бориб, қовоғини очмасдан тўнғиллади:

      – Раҳмат, ўтирибмиз Худо деб. Ҳар кимга инсофни Аллоҳнинг ўзи берсин!

      – Фарзандлардан нечта? – терговчи атайлаб «рақиб»ни нозик жойидан тутишга уринди.

      – Раббимга шукур, икки қиз, икки ўғлимиз бор, – кутилгандек Самиғнинг чеҳраси сал ёришгандай бўлди.

      – Ўғилларингизнинг ёшлари нечада? – терговчи худди ҳеч нарса билмайдигандай савол беришда давом этди.

      – Каттаси Омонжон йигирмага чиқди, кичкинаси Валижон саккизинчи синфда ўқийди, яқинда ўн тўртга тўлди.

      – Ота-онангиз, ака-укаларингиз борми?

      – Тўрт укам, икки синглим бор. Ҳаммаси уйли-жойли бўлиб кетишган. Мен оилада тўнғич фарзанд эдим, – терговчининг берилиб тинглаб туриши Самиғни руҳлантириб