p>Мен унинг шеърларини биринчи навбатда бир йилча аввал ўқиган эдим ‒ улар менга жуда маъқул бўлганди. Шундан кейин унинг шеърлари билан учрашиш иштиёқида вақтли матбуотни кузата бошладим. Лекин негадир Сирожиддиннинг номи газета-журналларда кўринмади. Яқинда Сирожиддиннинг ўзи билан танишдик. У менга янги шеърларини келтириб берди. Бу шеърлар ҳам аввалгиларидан қолишмайдиган бақувват шеърлар эди. Шунда мен Сирожиддин шеърларидан кичик бир дастани эътиборингизга ҳавола қилишга журъат этдим.1
Сирожиддин ‒ сурхондарёлик. Табиийки, унинг кўпгина шеърлари Сурхондарё билан боғлиқ. Унинг поэтик образлари, анча-мунча шеърий деталлари шу воҳа одамларининг ҳаёти, шу воҳа табиати билан алоқадор. Лекин унинг поэтик тафаккури сира-сира Сурхондарё воҳаси билан чекланган эмас ‒ у ўз она юртининг заминида мустаҳкам туриб, дунё миқёсида, умумбашарият кўламида фикрлайди. Худди шу фазилат ‒ шеърларнинг умумбашарий ҳисларига тўлалиги, туйғуларнинг тиниқлиги, фикрларнинг теранлиги ва кутилмаганлиги, поэтик образларининг маънодорлиги, янгилиги Сирожиддин шеърларига алоҳида жозиба бағишлайди.
Ёш шоир адабиётимизда кўплаб марта тилга олинган нарсалар ҳақида ўз овози билан, ўз оҳангида гапиради ва унинг ўзига хослиги сизга маъқул келади. Мана унинг бир шеъри ‒ унда мадрасалар, миноралар, гумбазлар шоир назарида тарих наматининг устида чордона қуриб, чилим чекаётган чоллардай кўринади. Шоир халқнинг ўтмишидаги ҳаётини шундай поэтик образда ифодалайдики, у саҳифа-саҳифа тасаввур ўрнини боса олади:
Нонсиз тандирларнинг кўзлари билан
Ҳаётга ‒ ҳасратга боқар ҳовлилар.
Сирожиддин тафаккурида бундай оригинал образлар жуда енгил туғиладигандек кўринади ‒ унинг ҳамма шеърларида бундай образлар кўп. Лекин бу ҳар қанча муҳим бўлмасин, асосий масала эмас.
Шеърият оригинал поэтик образларсиз яланғоч ҳайкалдан ортиқ нарса эмас. Шеърни шеър қилиш учун, унга жон ато этмоқ учун поэтик образлар, деталлар билан бир қаторда теран фикр керак. Поэтик образ поэтик фикрни ифодалаш воситаси холос. Сирожиддин шеърлари шуниси билан қадрли. Бояги шеърда ўша мадрасалар, ўша гумбазлар халқнинг қадимий дардлари сифатида таърифланади. Шоир наздида мозий йўллари бошдан-оёқ халқ дарди тўшалган йўллардир, бу бениҳоя дардни “қирқ хотинли беклар тўшакдай тўшаб, йиғиштирмай” кетганлар. Шоир ана шу мозийни бугунги кунга қиёс қилади…
Шоир шеърларида инсон қалбининг турли қирралари ана шундай теран ва самимий куйланади. Китобхонда савол туғилиши мумкин – бу ёш шоирнинг бирор нуқсони борми ёки у камолот чўққиларига эришиб бўлганми? Бунга нима жавоб бериш мумкин?
Албатта, ижодда камолотнинг чеки бўлмайди. Ижодда ҳар бир эришилган маррадан кейин яна янги марралар келадики, уларни забт этиш янада қийинроқ ва машаққатлироқ бўлади. Ҳамма гап ижодкорнинг қандай маррага интилишида, ўз зиммасига нечоғлик оғир юк қўя билишида. Сирожиддиннинг ҳозирги шеърлари шундан далолат берадики, у ҳар қандай оғир юкни кўтара оладиган забардаст елкаларга эга. Мен ёш дўстим Сирожиддинга ижодда ойдин йўллар тилайман.
ШЕЪРЛАР
РУҲИМ ХАРИТАСИ
ВАТАН МЕҲРИ
Гар одамлар сўрашса мендан:
Бу дунёда истагинг недир?
Не истайсан, амал ё шуҳрат,
Ё ҳисобсиз бойликми, билдир.
Лол бўлмасдан берурман жавоб:
Булар менга асло керакмас.
Ёлғиз истак қалбда ҳукмрон,
Ватан меҳри тарк этмаса бас.
ОРЗУ
Орзуларинг жўшар қалбингда,
Орзу билан яшайсан ҳар он.
Кун келади орзунг ушалар,
Янги орзу бўлади меҳмон.
У кўкдаги Зуҳро сингари,
Жилва билан порлаб туради.
Тинчинг олиб, қалбга чўғ солиб,
Севгилингдай чорлаб туради.
БАҲОР
Кунда Жувоз2 тоғларида уйғонади айиқлар,
Уйғонади какликлар,
Пайдо бўлар оҳулар.
Табиатнинг унутилган луғат китоби каби
Уйғонади
Кунда Жувоз тоғларида бобомнинг боғи.
Бу боғ ичра уйғонади бобомнинг кўзи янглиғ,
Икки уйғоқ кўзи янглиғ бир жуфт булоғи.
Кунда Жувоз тоғларида уйғонади айиқлар,
Уйғонади какликлар,
Пайдо бўлар оҳулар.
Ҳар тонг ҳаёт тимсолидай –
Бобом боғига келиб,
Бобомнинг жуфт булоғидан сув ичиб кетар улар.
ЭСКИ УЙ
Ўтган йиллар ҳидин соғиниб,
Манзилларда бўлиб ўткинчи.
Оғушингга келдим толиқиб
Мен