Жаъфар Термизий

Қуёш сийрати


Скачать книгу

б, фавқулодда синчковлик билан юқори даражада уддалади. Унинг “Жомий ва “ваҳдат ул-вужуд” таълимоти” номли тадқиқоти – монографияси олимга чинакам шуҳрат келтирди. Бугунги кунда у нафақат зукко олим, балки истеъдодли шоир сифатида ҳам эл-юртга танилиб, кўплаб мухлисларнинг эътирофига сазовор бўлди.

      Жаъфар Муҳаммад – зуллисонайн шоир. Классик шоирларимизнинг анъаналарини давом эттириш истагида форс-тожик ва ўзбек тилларида узоқ йиллардан бери ижод этиб келади. Ўзи Тошкентни ватан тутган бўлса-да, шеърлари Тожикистон, Эрон ва Афғонистонда анчайин машҳур. Унинг 2011 йилда Теҳронда нашр этилган “Ҳануз ишқ…” номли форсий шеърлари ва ғазаллари сайланмаси бунинг яққол мисолидир.

      Эътиборингизга тақдим этилаётган “Қуёш сийрати” номли шеърлар тўплами Жаъфар Муҳаммаднинг навбатдаги ўзбек тилида яратилган шеърларидан таркиб топган. Ундаги шеърлар, ғазаллар, қасидалар ва таржималар шоирнинг узоқ муддатли кузатишлари ва ижодий заҳматлари эвазига яратилган бўлиб, мустақиллик шароитида ўз миллий қадриятларимизнинг тикланаётганлиги, мумтоз адабиётимизга хос анъаналарнинг барқарор давом этаётганлигидан, шунингдек, муаллиф тили ва услубининг ўзига хослигидан далолат бериб турибди. Шоирнинг “Қалбдаги қуёш” ва “Кечиккан сўз” номли туркум шеърлари ҳамда “Қуёш сийрати” номли балладаси замонавий руҳда яратилган бўлиб, уларда Ватан рамзлари, тарихий хотира, самимий ва пок муҳаббат, табиат тасвири, инсон ва ҳаёт моҳияти, инсоний муносабатлар, одоб-ахлоқ мавзулари фалсафий мушоҳадалар орқали бадиий тарзда ёритиб берилган. Жаъфар Муҳаммад шеърларда инсон меҳнатини улуғлаш, руҳият манзараларининг нозик қирраларини англаш, ўз тафаккури чиғириғидан ўтказиб, уларни шеърий мисраларда сўз дурлари сифатида тизиб, китобхон онгу шуурида такрорланмас поэтик қиёфаларни жонлантириш ва бадиий-эстетик завқ бағишлаш маҳоратига эга эканлигини кўрсата олган. Шоир томонидан ўринли қўлланилган ҳар бир жумла, ҳар бир сатр кенг кўламли маънони ифодалаб, китобхонни ўйлашга, теран мушоҳада юритишга, ўз кўнгли тубига назар солишга ундайди. Зеро, ижодкорнинг мақсади, халқ эътирофига сазовор бўлишини таъминловчи хусусият ҳам шунда.

      Маълумки, бадиий асарнинг асосий вазифаси – бу инсонни маънавий покликка етаклаш, уни жамиятга фойдаси тегадиган эзгу ишларни амалга оширишга йўллаш ва уни Комил инсонга хос хулқу атвор, фазилатлар эгаси қилиб камол топишига кўмаклашишдан иборатдир. Айнан мазкур хусусиятлар Жаъфар Муҳаммад ғазалларида етакчилик қилади. Айниқса, “Ул қалам қошим…”, “Сен қайдасан, мен қайдаман?”, “Бобораҳим Машраб ҳасрати”, ”Шарҳ ат-таъарруф”, ”Жонондан сўра”, “Ибрат олмадинг”, “Нури ҳайрат”, “Ишқ”, “Келдим яна”,”Сенга айтар бир сўзим бор”, ”Юрак” каби ғазалларда инсон руҳияти сарҳадлари кенглиги, ошиқ инсон маънавий оламининг сеҳрли гўзалликларга, сир-синоатларга бойлиги, ишқ тушунчасининг илоҳийлиги, тасаввуфий талқини мумтоз адабий мезонларга амал қилган ҳолда китобхонга ҳадя этилади.

      Жаъфар Муҳаммад ўз ижодида бир томондан мумтоз шоирлар ижодига хос анъаналарни давом эттирган бўлса, бошқа томондан ўз мустақил фикрларини, фалсафий-дидактик қарашларини, инсоният яралгандан буён бадиий ижоднинг гултожи бўлиб келган ишқ талқинининг ўзига хос бадиий тасвирини чиза олган. Ғазалларда Алишер Навоий анъаналарига эргашиш, улуғ шоир асарларидан таъсирланиш сезилиб туради. Шоир ана шулардан руҳланиб, ўзининг “Ноқис ғазалига мухаммас”ини яратган.

      Жаъфар Муҳаммад Термизий ижодининг салмоқли қисмини қасидалар ташкил этади. Унинг “Истиқлол қасидаси”, “Сурхон қасидаси”, ”Бухоро қасидаси”, “Ифтихория”, “Элим”, “Наврўзона”, “Бойсун қасидаси”, “Ўзбек тилим, давлат тилим” ва “Баҳор қасидаси” каби қасидаларида мустақил Ватандан фахрланиш, инсоний туйғуларни улуғлаш ғоялари яққол кўзга ташланади. Қасидалардаги миллий истиқлол ғояларини тараннум этувчи теран фалсафий мушоҳадалар, ахлоқий қадриятларнинг поэтик тавсифи ва муаллифнинг уларга бўлган муносабати, нозиктаъб сўз санъаткори сифатидаги ёндашуви ўз бадиий қиёфасига эга бўлган. Шоир қасидаларида юрт гўзаллиги, табиат тасвири, инсоний муносабатлар, ошиқона ҳис-туйғулар, ахлоқий-фалсафий фикрлар асарнинг сюжет чизиғида ўзаро боғланиб, бир-бирини тўлдирувчи занжир ҳолида қасиданинг ғоявий руҳига мослашиб кетади ва юксак бадиий-эстетик таъсирчанлик юзага келади.

      Жаъфар Муҳаммаднинг ҳам ўзбек, ҳам форс-тожик тилларида яратилган шеъру ғазалларида инсоният бадиий тафаккурининг азалий ва абадий мавзуси – ишқ, ишқнинг поэтик образлари алоҳида ўрин тутади. Шоир ижодида Ватанга бўлган муҳаббат мавзуси гоҳида ёр ишқи билан, гоҳида инсониятга бўлган муҳаббат оҳанглари билан қоришиб кетади ва кўз ўнгимизда ўзига хос манзараларни гавдалантиради. У ишқнинг янги қирраларини, янги поэтик образ ва маъноларини кашф этишга интилади ва маълум даражада бунга эришади ҳам.

      Жаъфар Муҳаммад нафақат шоир, балки моҳир таржимон ҳамдир. Китобнинг шоир таржималаридан намуналар келтирилган фасли “Ишқ таржимони” деб номланган. Бу фаслда Жаъфар бин Муҳаммад Рўдакий, Шайх Саъдий Шерозий, Мавлоно Жалолиддин Румий, Нойиб Бухорий ғазалларидан қилинган таржималар ўрин олган. Айниқса, Мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Девони кабир”идан қилинган таржималар китобхонда яхши таассурот қолдиради, уларни мутолаа қилган ўқувчига олам-олам завқ бағишлайди. Шоирнинг Рўдакий