кўринарди – чунки Ғарбнинг зарарли ва қабиҳ таъсири Дариушнинг юртида илдиз отиб, унинг асосларини синдираётган эди. Аммо унинг ота-онаси айнан ўша дамлар – Паҳлавий кўчасида рақсга тушган ва маза қилиб ичган лаҳзалар бахтлироқ бўлганини ўйлаш Дариуш учун оғриқли эди. Бошқа тарафдан эса унинг ота-онаси шарафсиз маданият таъсирига тушиб қолгани ҳам Дариушга оғир ботарди. Хаёлан у ота-онасини оқлашга уринди: ахир улар 1970-йиллардаги теҳронлик ўрта синф ёш-яланг каби бор нарсадан завқланишган, холос. Аммо буларнинг бари баҳона эканини Дариуш биларди. Гуруҳ унга тўғри йўлни кўрсатган, Худо доим уларни кўриб туришини айтган эди.
Шаҳар уйқудан уйғонмоқда эди. Бўм-бўш кўчаларда одамлар, машиналар пайдо бўла бошлади. Уларнинг ёнидан қадди букилган қария апельсин ортилган аравани итариб ўтиб кетди. Сочи тўкилмаган бўлса ҳам, кўринишидан 100 ёш дейсиз. Овози эса ундан ҳам қарироқ – машиналар шовқинида эшитилмай қоладиган, баҳор шабадаси тўсиб қўядиган хирилдоқ овоз.
– Эҳ, бояқиш. Ҳой бобо, қанчадан сотяпсиз? – деди ҳайдовчи унга қараб.
– Килоси 300 туман, ўғлим. Янги узилган, Мошининг ҳосилдор тупроғидан бугун терилган, – пичирлади қария елкалари орасига чўккан бошини кўтарган ва катаракта тушган кўзларини юқорига тикканча.
Унинг уст-боши ҳам қадимий бўлиб кўринди: уринган, доғ тушган кўйлаги, ғалати тарзда крахмалланган ёқаси ва енги унинг нимжон танасида осилиб турар, деҳқонларникидақа ғижим иштони эса ерга тегай-тегай дерди.
– Бобо, биз иккимизнинг сочимизни қўшганда ҳам сизникига етмайди. Қайтими ўзингизда қолаверсин.
– Бу мендаги бошқалардан ортиқ бўлган ягона нарса, – қария табассум қилганида милклари кўринди. – Умринг узоқ бўлсин, болам.
Такси олдинга силжиди, ҳайдовчи қариянинг олд ойнадаги аксига қараб бошини силкиди.
– Қишлоғидаги ҳамма мевани сотган тақдирда ҳам топган пули оиласини боқишга етмайди. Шу ҳам тирикчиликми? Шу ҳам ҳаётми? Бу шаҳарга лаънат теккан.
“Пайкон” дарахтлар туннелидан ўтиб, Парквейга кириб борди. Кўприк остидагида бу кенг бетон шосседа одамлар ва машиналар ҳар томон зигзаг шаклда ҳаракатланаётган эди. Ҳайдовчи пиёдалар учун махсус ажратилган жойда тўхтаганида машина офис ишчисининг портфелига тегди. Аммо у оломонга қўшилиб йўлдан ўтаркан, портфелини туртган машинага қайрилиб қарамади ҳам. Дариуш таксидан тушди-ю, тонгги тартибсизликлар ўчоғига ўзини отди. У буёғига тинч кетмаслигини, йўлни эронча усулда, яъни тирбандликка ўзини уриб кесиб ўтиш кераклигини англаганди. 10 метрча масофани кесиб, йўлнинг нариги бетига ўтишга 5 дақиқадан ортиқ вақт кетди. Ҳар қадам ташлаганида машина ёки мототцикл баланд овозда сигнал чалиб унинг қаршисидан чиқарди. Охири, чодра ёпинган аёл унга ўз ортидан эргашишини айтди. Аёл йўлдан лапанглаб ўтаркан, семиз танаси Дариушни машиналар ҳужумидан ҳимоя қилди. У Дариушга анчадан бери Эронда бўлмагани сезилаётганини айтди. Йигит хўрсинди.
Дариуш шимол томонга, Вали Аср ва Фаришта