Митч Элбом

Моррининг сешанба дарслари


Скачать книгу

ҳасса тўрт оёқли тиргак билан алмаштирилди. Танаси заифлашиб бораркан, ҳожатхонага бориб-келиш ҳам унинг тинка-мадорини қуритадиган бўлди. Морри тувакка ўтиришга одатланди. Бироқ шуни ҳам мустақил бажаришга ҳоли йўқ эди. Кимдир унга тувакни тутиб туришига тўғри келарди.

      Кўпчилигимиз бундай ишлардан хижолат чеккан бўлардик, айниқса, Моррининг ёшида. Аммо Морри кўпчилигимизга ўхшамасди. Яқин ҳамкасблари уни кўргани келганда Морри улардан: “Менга қара, ҳожат чиқаришим керак. Ёрдамлашиб юбормайсанми? Малол келмайдими?”, деб сўрарди.

      Меҳмонлар кўпинча уларга бу иш малол келмаслигидан ўзлари ҳам ҳайрон қоларди.

      Уни кўргани келувчилар оқими ошиб борар, у эса меҳмонлар кўнглини овлашдан мамнун эди. Ўлим, унинг асл моҳияти, одамлар ўлимнинг нима эканини англамай азалдан ундан қўрқиб яшашлари борасида фикр юритиш учун муҳокама гуруҳлари тузиб олганди. Морри дўстларидан агар улар чиндан ҳам ёрдам бермоқчи бўлсалар, унга ачиниш кўзи билан қарамасликларини, аксинча, ташрифлари, телефон суҳбатлари, одатдагидек муаммоларини Морри билан бўлишиш орқали уни хурсанд қилишларини сўради, чунки у ҳар доим ажойиб тингловчи бўлган.

      Дард кучайиб бораётганига қарамасдан, унинг жарангдор овози ҳали ҳам ўзига тортар, хаёлида эса минглаб ўйлар чарх урарди. “Ўлим” тушунчаси “кераксиз” сўзи билан маънодош эмаслигини исботлашга бел боғлаганди.

      Янги йил ҳам ўтди. Ҳали ҳеч кимга айтмаган бўлсада, Морри бу йил умрининг сўнгги йили эканини билиб турарди. Бу пайтга келиб, у ногиронлар аравачасига михланган, қадрли инсонларининг барчасига айтиши лозим бўлган гапларни айтиб қолишга улгуриш учун вақт билан курашаётганди. Брандейсдаги ҳамкасбларидан бири кутилмаганда юрак хуружидан вафот этганда Морри унинг дафн маросимига борди. Уйга тушкун ҳолда қайтди.

      – Эсиз, – деди у. – Келганлар у ҳақида шунча яхши гапларни айтса-ю, Ирв буларнинг ҳеч бирини эшитмаса.

      Кутилмаганда Моррининг хаёлига ажойиб фикр келди. У бир нечта дўстларига қўнғироқ қилди. Керакли санани танлади. Совуқ якшанба кунларининг бирида “жонли дафн маросими”ни ўтказиш учун уникида оила аъзолари ва дўстларидан иборат кичик жамоа тўпланди. Уларнинг ҳар бири сўзга чиқиб, кекса профессоримга ўз ҳурматини изҳор қилди. Баъзилар кўзига ёш олди.

      Кулганлар ҳам бўлди. Бир аёл шеър ўқиди:

      Севимли ва азиз жигарим…

      Ҳаёт сўқмоқлари оралаб,

      Замон оша кезарсан танҳо.

      Абадий навқирон юрагинг –

      Барҳаёт секвойядир гўё.

      Морри ҳам уларга қўшилиб кулди, йиғлади. Одатда азиз инсонларимизга айтишга журъатимиз етмай, қалбимиз тубида қолиб кетадиган гапларнинг ҳаммасини айтиб олди ўша куни. Унинг “жонли дафн маросими” муваффақиятли ўтди.

      Фақат… Морри ҳали ҳаёт эди.

      Бунинг устига, профессор ҳаётининг энг ҳайратланарли даври энди бошланаётганди.

      Талаба

      Шу ерда мен учун қадрли ва доно профессоримни охирги