Джеймс А. Робинсон

МАМЛАКАТЛАР ТАНАЗЗУЛИ САБАБЛАРИ: қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари


Скачать книгу

эга бўлмаган ашаддий мухолиф гуруҳларга бўлиниб олган. Бир жамоанинг ҳокимияти бошқасидаги қурол кучи билан чекланарди. Ҳокимиятнинг бу тариқа бўлиб олиниши инклюзив институтлар қолиб, тартибсизликка ва натижада, Сомалида марказлашган сиёсий ҳокимиятнинг, давлат бошқарувининг йўқолишига, ҳатто давлатнинг энг бирламчи қонунлар ижросига, тадбиркорлик фаолияти, савдо-сотиқ ёки фуқаролар учун энг муҳим хавфсизликни таъминлашга лаёқатсизлигига олиб борди.

      Макс Вебер (биз у билан биринчи бобда танишдик) давлатга энг кенг тарқалган таърифни беради. Уни “легитим (қонуний) зўравонлик монополияси” деб ҳисоблайди. Aна шундай монополия ва марказлашган ҳокимият бўлмаса, давлат ўзининг қонун ижрочиси ва тартиб ўрнатувчи вазифасини бажара олмайди, ижтимоий хизматларни йўлга қўйиш, иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш ва бошқаришни-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Қачонки давлат қандайдир марказлашган сиёсий ҳокимиятга эриша олмаса, мамлакат тез орада ёки кўп ўтмай, худди Сомали каби тартибсизлик гирдобида қолади.

      Биз етарлича марказлашган ва плюралистик сифатга эга бўлган сиёсий институтларни инклюзив сиёсий институтлар деб атаймиз. Бу иккала сифатдан бирортаси топилмаса, бундай институтларни экстрактив сиёсий институтлар деб биламиз.

      Иқтисодий ва сиёсий институтлар ўртасида мустаҳкам боғланиш бор. Экстрактив сиёсий институтлар ҳокимиятни тор элитанинг қўлида жамлайди ва бу ҳокимиятдан фойдаланиш бўйича жуда кам чекловлар қўяди. Ўз навбатида, ҳокимиятдаги элита томонидан кўпинча жамиятнинг бошқа аъзоларидан ресурсларни тортиб олишга мўлжалланган экстрактив иқтисодий институтлар ташкил қилинади. Шунинг учун экстрактив иқтисодий институтлар экстрактив сиёсий институтлар билан ёнмаён юради. Умуман олганда, уларнинг мавжуд бўлиши табиий равишда экстрактив сиёсий институтларга боғлиқ. Ҳокимият кўпчилик ўртасида тақсимланишига асосланган инклюзив сиёсий институтлар эса камчилик манфаати йўлида кўпчилик аҳолига тегишли ресурсларни ўзлаштириш, янги бизнес бошламоқчи бўлганларга тўсқинлик қилиш ва бозорларга барҳам беришга қаратилган иқтисодий институтларни йўқ қилиб юборади.

      Мисол учун, қуллар эксплуатациясига асосланган плантаторлар тузуми қулларни эзадиган ва сиёсий ҳуқуқлардан бутунлай маҳрум қиладиган сиёсий институтларсиз мавжуд бўла олмасди. Шимолий Кореяда миллионлаб одамларни бир ҳовуч элита фойдаси учун қашшоқликка маҳкум қилган иқтисодий тизим ҳам Коммунистик партиянинг мутлақ сиёсий устунлигисиз имконсиз бўлар эди.

      Экстрактив иқтисодий ва сиёсий институтлар ўртасидаги ана шу алоқа натижасида ўзаро чамбарчас боғлиқлик юзага келади: сиёсий институтлар элитага ҳокимиятни ушлаб туриб, чекловларсиз ва рақобатчиларсиз иқтисодий сиёсат юргизишга имкон беради. Шу билан бирга, элита бўлажак сиёсий институтларни шакллантириши ва уларнинг ривожланиш йўлини белгилаши мумкин бўлади. Экстрактив иқтисодий институт эса,