буюртма қилинган пишириқлар учун хамирдан зувала тайёрлай бошлашади. Маълум вақт сўзсиз ишлашади, бирдан Фрэнк кепкасини ечиб қўйиб:
– Эй, Жимпи, кел, Чарлига ҳам нон билан пишириқ пиширишни ўргатиб қўямиз, – дейди.
Жимпи қўлларини столга тираб:
– Кел, яхшиси, уни тинч қўямиз, – дейди.
– Жимпи, мен жиддий айтяпман. Гаров ўйнаймизми, унга пишириқ пишириш каби осон ишни ўргатсак бўлади.
Афтидан, Жимпига бу ғоя маъқул келган кўринади ва орқасига ўгирилиб:
– Тўғри айтасан. Эй, Чарли, бир дақиқага бу ёққа келгин.
Чарли доимгидек оёқ кийимининг боғичига қараб турарди. Агар бошқалар у ҳақида гапирса, доим шундай қилади. У оёқ кийим боғичини боғлаб‐ечишни ҳам билади. Пишириқлар пишириш унинг қўлидан келади. Унга хамирни қандай қилиб ёйиш ва ундан зувала ясаб, пишириқ пиширишни ўргатиш мумкин.
Фрэнк шубҳа билан унга қарарди:
– Жимпи, гапларими унут! Бу жиннига вақтимизни сарфлаб нима қиламиз.
– Уёғини ўзимга қўйиб бер, – дейди Фрэнкнинг ғоясидан илҳомланган Жимпи. – Менимча, ҳаммаси яхши бўлади. Чарли, мен билан Фрэнкка ўхшаб пишириқ пиширишни ўрганмоқчимисан?
Чарли унга қарар экан, юзидаги табассуми сўнди. Жимпи ундан нима хоҳлаётганини тушунди ва ўзини қопқонга тушиб қолган сичқон каби ҳис қила бошлади. Жимпини ҳеч хафа қилгиси келмаяпти, лекин «ўқиш», «ўрганиш» каби сўзларни эшитар экан, кўз олдида топшириқни тушуна олмагани учун уни «Ўқи! Ўқи!» деб савалаётган оқ кўйлак жонланди.
Чарли қўрққанидан ортига чекина бошлайди, лекин Жимпи уни тўхтатади: “Қўрқма, биз сенга асло ёмонлик қилмаймиз. Худди ҳозир минглаб бўлакка бўлиниб кетадигандай титрашингни‐чи. Қара, менда нима бор”?
Унинг кафтида “СТАР-БРАЙТ БУЮМЛАРИНГИЗНИ ЮЛДУЗДАЙ САЙҚАЛЛАЙДИ” ёзувли медальон осилган мис туморча турарди. Тилла рангли медальонда люминисцент чироқ нури акс эта бошлади. Бундай ялтирашни Чарли олдин ҳам кўрган эди, аммо қачон ва қаерда кўрганини эслай олмади.
Бировнинг нарсасини олсанг, албатта, жазоланасан. Бу қоидани Чарли жуда ҳам яхши билади. Лекин кимдир ўзи қўлингга тутқазса, бу ёмон иш эмас. Ҳа, шундай. Жимпи унга медальонни ўзи бермоқчи-ку. Чарлининг оғзи қулоғида эди.
– Ҳа, у билади, – деди Фрэнк ва тажрибанинг давомини ўтказишни Жимпига топширди. – Унга ялтироқ нарсалар ёқади.
Жимпи эс ҳаяжон билан олдинга қадам ташлаб:
– Агар унга тумор керак бўлса, балки пишириқ пиширишни ҳам ўрганиб олар, – деди.
Икки новвой Чарлига пишириқ пиширишни ўргатишга жиддий киришадилар. Уларни бошқалар ўраб олади. Фрэнк столнинг бир қисмини бўшатади, Жимпи стол устига ўртача катталикдаги бир бўлак хамирни ташлайди. Томошабинлар гаров ўйнашга киришадилар.
– Диққат билан кузат, – дейди Жимпи ва туморчани стол чеккасига қўяди. – Кузатиб, бизнинг орқамиздан қайтар. Пишириқ пиширишни ўрганиб олсанг, тумор сеники бўлади.
Стулда букчайиб ўтирган Чарли синчиклаб қараб, Жимпининг пичоқ билан хамирдан бир бўлак ажратиб олишини кузатади.