бир умумий томони бор: талаб ва таклиф ўртасида жуда қулай (ва арзон) алоқа ўрнатиш, истеъмолчини турли маҳсулотлар билан таъминлаш, икки томонлама муносабатга киришиш ва ўз фикрини билдириш имконини бериш орқали ушбу платформалар мижозлар ишончини қозонмоқда. Бу эса илгари eтарлича қўлланмаган, ўзларини таъминотчи деб билмаган одамларга тегишли воситалардан самарали фойдаланиш имконини беради. (Масалан, автомобилдаги бўш ўриндиқ, уйдаги бўш ётоқхона, сотувчи ҳамда ишлаб чиқарувчи ўртасидаги тижорат муносабатлари ёки eтказиб бериш, уйни таъмирлаш ёхуд ташкилий ишлар каби юмушларни бажариш учун вақт ва имконият.)
Талабга асосланган иқтисодиёт муҳим саволни ўртага ташлайди: нимага эга бўлиш муҳимроқ – платформагами ёки у таклиф қилаётган ресурсларгами? Оммавий ахборот воситалари бўйича мутахассис Том Гудвин “TechCrunch” онлайн журналининг 2015 йил март сонидаги мақоласида ёзганидек: “Дунёнинг энг йирик такси компанияси бўлган “Uber”нинг битта ҳам автомобили йўқ. Энг йирик медиа компанияси “Facebook” ҳеч қандай контент яратмайди. Дунёнинг энг қиммат чакана савдо платформаси “Alibaba” ҳеч қандай инвентарга эгалик қилмайди. Ва ниҳоят, дунёнинг энг йирик уй-жой таъминотчиси “Airbnb” кўчмас мулкка эга эмас”.9
Рақамли платформалар одамлар ёки ташкилотлар биргаликда бирор воситадан фойдаланганда ёхуд хизмат кўрсатганда юзага келадиган қўшимча харажат ҳамда тушунмовчиликларни кескин камайтирди. Ҳар бир олди-сотди эндиликда жуда кичик қисмларга бўлиниши ва ундан барча томонлар манфаат кўриши мумкин. Бундан ташқари, рақамли платформалардан фойдаланилганда қўшимча маҳсулот ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш харажатлари деярли нолга тенг бўлади. Бу ўз навбатида бизнес ва жамиятга катта таъсир ўтказади, буни китобнинг учинчи бобида батафсил кўриб чиқамиз.
2.1.3 Биологик
Биология, қисман генетика соҳасидаги инновацияларни таърифлашга тил ожиз. Сўнгги йилларда ген секвенциясини аниқлаш жараёнини арзонлаштириш ҳамда соддалаштириш, кейинроқ эса генларни фаоллаштириш ва таҳрирлаш борасида катта ютуқларга эришилди. “Инсон геноми” лойиҳасини амалга ошириш учун 10 йил ва 2.7 миллиард доллар талаб этилган бўлса, эндиликда геном секвенциясини аниқлашни бир неча соат ичида минг доллардан камроқ маблағ эвазига бажариш мумкин.10 Компьютерларнинг ҳисоблаш қуввати кучайгани сабабли олимлар геннинг маълум бир комбинацияси қандай хусусият ёки касаллик келтириб чиқаришини синов ва хатолар орқали эмас, балки шунчаки компьютерда синаб кўриш орқали ўрганмоқда.
Кейинги босқич эса синтетик биологиядир. У бизга организмлар ДНКсини ёзиш йўли билан уларни маълум талабларга мослаштириш имконини беради. Юзага келувчи жиддий ахлоқий саволларни четга суриб турадиган бўлсак, бу ютуқлар нафақат тиббиётда, балки қишлоқ хўжалиги ва биоёқилғи ишлаб чиқаришда ҳам бевосита катта бурилиш ясаши мумкинлигини кўрамиз.
Юрак касалликларидан то саратонгача