қурби етса-да, уни камтарона уйда яшаш, Volvo седанини ҳайдаш ва ўртамиёна кийимлар кийиш бутунлай қониқтирарди. Лекин гап оёқ кийими ҳақида кетганда, Сьюзан камтарлик қилолмасди. Ҳатто колежда ўқиб юрган кезлари ҳам у энг қиммат оёқ кийимларидан пулини аямасди.
Ёшлигида холаси берган «оёғинг оғриса, ҳеч қачон узоққа бора олмайсан» деган маслаҳатга ҳозиргача амал қиларди.
Сьюзан эринчоқлик билан керишиб, ишга ўтирди ва Изқуварни чиқариб, созлашга киришди. Шу алфозда Стратмор унга тутқазган почта манзилига яна бир бор кўз ташлади.
Ўзини Шимолий Дакота деб атаётган кишининг аноним аккаунти тез орада махфийлигини йўқотади. Изқувар ARA серверини бузиб кириб, унинг ҳақиқий интернет манзилини Сьюзанга жўнатади. Агар ҳаммаси қиз ўйлагандек силлиқ кетса, бир неча соатдан кейин Шимолий Дакотанинг шахсини аниқлаб, Стратморга топширади. Бу орада Девид ҳам Танкадодаги калитнинг нусхасини топиб, олиб келади ва командор иккала калитни баравар йўқ қилади. Танкадонинг бомбаси зарарсизлантирилиб, хавф бартараф этилади.
Сьюзан шуларни ўйлаб, қоғоздаги манзилни икки мартадан яхшилаб текширди, сўнг маълумотни Изқуварга киритди. Стратмор Изқувардан фойдаланишни эплолмаганини эслаб, лабларига кулги ёйилди. Афтидан, командор манзилларни ёзишда чалкашиб кетган, шунинг учун ҳар сафар нотўғри маълумот қабул қилган. Жуда оддий хато, хаёлидан ўтказди Сьюзан ва Изқуварни созлашни якунлаб, ишга туширди. Компьютердан чийиллаган овоз чиқди.
Изқувар юборилди
Энди фақат кутиш қолганди холос.
Сьюзан чуқур хўрсинди. У ҳалиям командорга қўполлик қилиб, ўшқиргани учун ўзини кечиролмаётганди. Бундай мушкулотларда фақат командоргина, ёлғиз ҳаракатланиб бўлса ҳам, ечим топа оларди.
Олти ойча муқаддам Электрон чегараланиш жамияти МХА сув ости кемаси океан остидаги телефон симларини яширинча кузатаётгани ҳақидаги ҳикояни айтиб, оммага жар солди. Стратмор эса бунга жавобан сув ости кемаси аслида заҳарли чиқиндиларни ноқонуний равишда кўмиб, зарарсизлантираётганини ошкор қилди. ЭЧЖ ва ташқи муҳит озодалигига жавобгар идоралар бир неча ой давомида кимнинг ҳикояси тўғри экани ҳақида тортишибди, ахийри ОАВ бу жанжалдан зерикиб, эътибор қаратмай қўйди. Барчаси МХА фойдасига ҳал бўлди.
Стратмор ҳар бир юришини пухталик билан режалаштириб, уларни кўриб чиқишда компьютерига қаттиқ суянарди. Бошқа МХА ходимлари сингари, Стратмор ҳам режаларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Brainstorm номли компьютер дастурдан фойдаланарди.
Brainstorm тажриба сифатида яратилган сунъий интеллект бўлиб, «сабаб/натижа» стимулятори сифатида кашф этилганди. Дастлаб сиёсий партияларнинг келгуси натижаларини аниқлаш мақсадида яратилган бу дастур ўзига киритилган маълумотлар базаси – партиядаги машҳур кишилар, ходимлар, уларнинг бир-бири билан шахсий алоқалари, партиядаги шахсларнинг жинси, миллати, пули ва қудрати, қизиқишларини ҳисоблаб чиқиб, келгусида кутилаётган натижанинг тахминий моделини ишлаб чиқарди. Фойдаланувчи Brainstorm’га исталган бир воқеани киритса, дастур