Бундан фойдаландингиз, усталик билан унинг оёқ-қўлини боғладингиз. “Ухлаган одам зарарсиз”, деб ўйладингиз ва арк дарвозасига Бухорони осдингиз! Аммо адашасиз! Қаттиқ адашасиз!
Бухоро ўлмаган булутлар ортида қолган қуёшдек кўринмаяпти, холос!
Сиз бор адолатни, бор ислоҳни, бор номусни осишингиз мумкин, аммо келажакни оса билмайсиз!
Қара, Бухоро тирилмоқ истаяпти… Қара, она, у тебраняпти… Бухоро тириляпти, у тирик она! Ё Аллоҳ!”
Она йиғлайди.
“Онаизор, нега йиғлайсан?”
“Шўрлик Ватанимни осиб қўйишди. Ўлигини ҳам бермаяпти номардлар. Пашшалар кўзини ёқмоқда, қара, қара, қара, бола-а-ам!”
Бухоро ухлайди… Дарвеш одамларни излайди… Мўминлар салом беради раҳмонга, кейин бир-бирларига…
Бухоро бўзлайди.
Менга бир ҳиндни рўпара қилишди: “Тарихни биласан, тил биласан… шунга гидлик қил… долларда тўлайди… Ўзи тарихчи, қадрли меҳмонимиз!”
Мен кулдим: “Мен тарихчиман, масхарабозлик қилиш қўлимдан келмайди. Гидларнинг тарихни истаганча қош-кўзларга мослаб талқин қилишларига қаршиман. Самарқанд ва Бухоро аҳмоқ тилчиларга тўлиб-тошиб ётибди. Улар лўлилардан доим сон жиҳатдан кўп ва қадим шаҳарларимиз учун улардан кўра хавфлироқ, кўпроқ талафот келтиради. Улар шаҳар эстетикасини ҳеч қачон ҳис қилмаган. Улар “Минораи Калон”га қараб фақат Франклиннинг расми туширилган чойчақанигина кўришади, холос!”
Аммо ўша куни амакиларимнинг “Текинтомоқ” деган гапи жонимдан ўтувди. Оёқ кийимдан аллақачон сув ўтган, уни ишлаб чиқарган хитой усталарининг ҳеч ҳаққи-ҳурмати қолмаганди.
Йўқчилик – кўргилик, йўқчилик – итчилик.
Кўндим. Ўзим ҳам лўлига айландим. Бир томондан қизиқдим ҳам, балки янги сирлар очилар. Аммо меҳмонни кўришим билан ҳафсалам пир бўлди, ўлгудай семиз экан, тарихчинимас, тарихда ўтган жаллодларни эслатарди. У билан Бобур ва Тожмаҳал борасида баҳслашиб қолдик. У Лондонда кўп бўлган экан. “Биз ҳиндларни одам қилган инглизлар”, – деди. Мен унинг аҳволидан кулдим. Ўзимизда ҳам бундайларнинг ҳисоби йўқ-ку, лекин ўзга юртга бориб очиқча айтадиганлари кам.
“Тентак миллат танламайди”, дерди бобом, рост экан!
“Бобом сендан тарихни кўп билади”, – дедим. Бу гал менинг гапимга у кулди, негадир йиғлагим келар, аммо қани…
Мен илк бора ўзим истамаган ишни қилаётганим учун йўқчилик – халқнинг ўлимлиги эканлигини яхшироқ англадим.
“Бу Самарқанд… ҳар бир ғишт минг ҳасрат… унинг атрофи улкан мозор… мозорлар остида эса беш минг йиллик саройлар ётибди… ундан ҳам тагларида эса эллик минг йиллик хазиналар, ундан ҳам олдин эса…”
“Менга остимдаги сочи узун самарқандлик муҳим!”
“Нима?”
Меҳмоним терлаш бўйича чемпион экан, сал қолса Самарқандни сувга бўктирарди. Пишиллашда эроний пахмоқ мушуклар йўлда қолади…
Мен уни Бибихонимга олиб бормадим… Онамизни ундан қизғандим… Шунда у бирдан тўғри қилганимни айтди: “Ука, Бибихониминг ўлган бўлса, нима қиламан, менга тирик қиз керак!” “Биродар, сен Осиёнинг маркази – Самарқанддасан. “Тирик