хотиржам, саҳнада осмондан тушгандек пайдо бўлганди.
– Хайрли оқшом, дўстлар! – деди буюк шоумен сокин овозда.
Атрофни қоплаган туман секин тарқала бошлади.
Саноқли сониялар ичида одамлар баравар ўрнидан туриб, мезбонни олқишларга кўмиб ташлади. Лэнгдон хурсандчилигини яширолмай, уларга қўшилди.
“Йўқ жойдан бор бўлишда Эдмондга етадигани йўқ!”
Куфрона бўлишига қарамай, бугунги тақдимот ҳақиқий шоуга айланганди – қизиқарли, яхлит ва кутилмаган – худди эгасига ўхшаб. Жаҳоннинг ўсиб бораётган кенг фикрловчи аҳолиси нима сабабдан Эдмондга юқори баҳо бериши сабаби Лэнгдонга энди тушунарли бўлди.
Ўйлаганини дангал гапириш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Эдмондга тасанно айтиш керак бу борада.
Юқоридаги экранда Эдмонднинг чеҳраси намоён бўлгач, Лэнгдон шогирди профессионал макияж ёрдамида аввалгидан тузукроқ кўринаётганини пайқади. Шундай бўлса-да, Лэнгдон унинг толиққанини сезди.
Олқишлар давом этаркан, Лэнгдон кўкрак чўнтагидаги титроқни базўр ҳис қилди. Одатига кўра, телефонига қўл югуртирди, лекин унинг ўчирилганини эслади. Вибрация чўнтагидаги бошқа ускуна – суякка ўрнатиладиган қулоқчиндан тараларди. Афтидан, Уинстон алоқага чиққан чоғи.
“Жуда нотўғри вақт топдингиз-да!”
Лэнгдон қулоқчинни олиб, бошига ўрнатди. Унинг ёстиқчаси жағ суягига тегиши биланоқ, Лэнгдоннинг мияси ичида овоз янгради:
– …фессор Лэнгдон? Шу ердамисиз? Телефонлар ишламаяпти. Мен алоқага чиқа оладиган ягона одам сизсиз. Профессор Лэнгдон?
– Эшитаман, Уинстон? – жавоб берди Лэнгдон қарсаклар шовқини ичра.
– Хайрият! – оҳ тортди Уинстон. – Мени диққат билан тингланг. Жиддий муаммо чиқди!
Йигирма биринчи боб
Катта ареналарда чексиз ғалаба онлари нашидасини сурган инсон сифатида Эдмонд Кирш ўз муваффақиятларидан ҳамиша рағбат оларди, лекин аҳён‐аҳёнда чинакамига хурсандчиликни ҳис қиларди. Айни лаҳзада минбарда турганча мухлислар эътирофини қабул қиларкан, Эдмонд дунёни ўзгартириш арафасида эканлигини билиб, чин қалбдан масрур эди.
– Марҳамат, жойингизга ўтиринг, дўстлар, – ишора қилди у. – Энг қизиғи ҳали олдинда.
Туман буткул йўқолгунча Эдмонд миллионлаб томошабинлар қаршисида ўзининг жонли тасвирини акс эттириб турган юқоридаги экранга қарашдан зўрға тийилди.
"Унутилмас онлар келди, – деб хаёлидан ўтказди Эдмонд, – бу онлар миллатлар, табақалар ва динлар ўртасидаги чегараларга чек қўяди".
Эдмонд чап томонда турган Амбра Видалга миннатдорлик билдириш учун ўгирилди. Аёл бир неча ой мобайнида тиним билмасдан бу томошани ташкиллашда катта кўмак кўрсатганди. Ажабланарлиси, Амбранинг эътибори Эдмондда эмасди, у хавотир билан оломон ичига тикиларди.
“Бу ерда бир гап бор”, ўйлади Амбра томошабинларни кўздан кечириб.
Залнинг марказида баланд бўйли, башанг кийинган эркак меҳмонлар тўдасини ёриб ўтиб, қўлларини силкиганча Амбра т�