Чунки тарихий роман, айниқса, «Навоий» каби кенг эпик планда ёзилган тарихий асар ёзувчидан улкан бадиий маҳоратдан ташқари, танланган давр тарихини чуқур ўрганишни, ўша давр ижтимоий ҳаётида юз бераётган жараёнларга тўғри ёндашишни, фалсафий теран фикрлашни ва яна бошқа кўпгина талабларни илгари сурадики, бу талабларга илмий ва бадиий жиҳатдан камолотга эришган ёзувчиларгина жавоб бера олишади.
Халқимизда, ким табиб, бошидан ўтган табиб, деган ибора бор. Ва мен бу меҳнатнинг, тарихий роман меҳнатининг нақадар мушкул эканини «Улуғбек хазинаси» романига киришганимдан кейингина сездим. Лекин менинг олдимда турган қийинчиликларни Ойбек ака олдида турган қийинчиликлар билан сира тенглаштириб бўлмайди. Чунки Ойбек акани адабиётимизда том маънодаги тарихий роман соҳасида қўриқ очган ёзувчи дейиш мумкин. Албатта улкан ёзувчимиз Абдулла Қодирий тажрибасини, «Ўткан кунлар» билан «Меҳробдан чаён» тажрибасини инкор этиб бўлмайди. Лекин Абдулла Қодирий, ўз ибораси билан айтганда, яқин ўтмишдаги хонлар замонига мурожаат қилган бўлса, Ойбек ака адабиётимизда биринчи бўлиб узоқ ўтмишга, кўҳна тарихимизнинг қарийб беш юз йил аввалги воқеа ва ҳодисаларга мурожаат қилди. Бу эса ёзувчининг олдига янги қийинчиликлар қўйди.
Юқорида санаб ўтилган мураккаб масалалардан ташқари, ёзувчи ўша давр урф-одатларини, кийим-кечакларини, меъморчилигини, сарой ва шаҳарлар тузилишини, тилини, қўшиқ ва куйларини, рақсларини, қўйингки, минг хил деталларини билиши шарт эдики, бусиз ўша давр руҳи ва реалистик манзарасини ярата олмас эди.
Бу жиҳатдан Ойбек домла менинг, нафақат мен, Мақсуд Шайхзода ва Уйғун, Иззат Султон ва Мирмуҳсин каби тарихий мавзуга қўл урган ҳамма ўзбек ёзувчиларининг мушкулини осон қилган, ҳаммага тўғри йўл кўрсатиб берган улуғ устоздир!..
Ойбек ака мана шу қийинчиликларнинг ҳаммасини енга олгани учун ҳам, ўзида ҳам тарихчи, ҳам файласуф, ҳам этнограф, ҳам улкан санъаткор фазилатларини мужассам қила олгани учун ҳам «Навоий»дек баркамол ва етук асар ярата олди.
Ойбек ака бу романи билан улуғ Алишер бобомизга ўлмас ҳайкал яратди. Айни замонда ўзбек реалистик прозасининг шуҳратини бутун дунёга таратди. Зотан, улуғ аждодимиз Алишер Навоий образини Ойбек ака романи ва қолаверса, Уйғун билан Иззат Султон драмасидан кейингина аниқ тасаввур этдик, десак янглишмаган бўлардик. Чунки бу асарларга қадар, хусусан, Ойбек домланинг романига қадар Алишер Навоий ҳақида, шоир яшаб ижод қилган мураккаб давр ҳақидаги тасаввурларимиз анча мавҳум, анча ноаниқ эди. Бу жиҳатдан роман биз учун бир ёруғ машъал бўлдики, бу машъал шуъласида биз ўша давр социал тузумининг бутун адолатсизлигини ва бу адолатсиз тузумда яшаб ижод этган бобомиз Алишер Навоийнинг улуғ ижоди ва улуғ фожиасини равшан кўрдик, дил-дилимиздан ҳис этиб, унга нисбатан фарзандлик меҳримиз ортди.
«Навоий» романи тўғрисида гапирганда, мен унинг тили ҳақида ҳам озгина тўхтаб ўтишни истардим.
Маълумки, роман дастлаб нашр этилган пайтларда китобнинг тили жуда