Xurshid Do`stmuhammad

Изхор


Скачать книгу

1991 йил 5-сонидаги «Жажман»нинг жилвалари» мақоласида ўша ҳикояни беш аспектда текширишга ваъда беради. Мазкур мақола эълон қилинган вақтларда «экзистенциализм» атамаси ҳали адабий истеъмолимизга кирмаган эди. Шунинг учун ҳам тадқиқотчи «Жажман»ни «Сизиф»га қиёслаш билангина чекланади. Аммо эътиборли жиҳати шундаки, Н.Довурбоева мақола бошида «Тилшуносликда яхши бир мезон бор: текширилаётган сўз синхроник ва диахроник аспектларда олиб қаралади. Биз ҳам бу ҳикояни бир неча аспектларда кўриб чиқамиз» деб ўзгача усулни танлаганини маълум қилган. Мунаққид ўша замон зайлига берилиб, Жажманни салбий образ сифатида баҳолайди. Мақола муаллифининг айни шу нуқтаи назардаги мулоҳазаларига қўшилиб бўлмайди. Нега? Боиси, асар матнидагни имо-ишоралардан аёнки, ёзувчи Жажманни қораламаяпти, балки шу образ орқали сотувчиларнинг зиқналигини, дунёқараши торлигини фош этяпти. Ўқиб кўрайлик-чи: «Жажман тилга кирди:

      – Ло-кила!.. Локил…ла!»

      Бу бир калима ҳеч қандай маъно англатмайдими? Тескарисига ўқиб кўрайлик: «ал…ликол! Алик…ол!» Демак, у бозор аҳлига салом беряпти. Чунки салом бергангина «алик ол» дейишга ҳақли. У ўзини таништирмоқда ва бошқаларни-да, таниганини маълум қилмоқда.

      Хўш, Н.Довурбоева талқинича, Жажман юҳо экан, унда нима учун бир оғиз калимадан оломон қотиб қолади? Нима учун Жажман ўлимини эшитиб, қувониш ўрнига Зардушт бобонинг кайфияти бузилади? Ва нима учун девор ёрилиб, баҳайбат ҳовучдан «Минг бир азобда ўлдирилган Жажманга икки томчи сувдек ўхшаш бошқа бир Жажман» сакраб ерга тушади? Экзистенциализм назарияси вақтли нашрларда чуқурроқ ўрганилганда эди, ўқувчилар бу саволларга осонгина жавоб топган бўлур эдилар.

      Н.Довурбоева Жажман атамасини «жажжи» ҳамда «яъжуж-маъжуж»дан ясалган, қабилида тахмин қилади. Ҳар ҳолда, унинг изланишлари эътиборга лойиқ.

Баҳром РЎЗИМУҲАММАД(«ЎзАС» газетаси. 7 декабрь 2001.)

      ИККИ ҚУТБ ФАЛСАФАСИ

      Х.Дўстмуҳаммад «Жимжитхонага йўл» ҳикоясининг ёзилиш тарихи ҳақида шундай изоҳни келтиради: «Кўп йиллар бўлди, италиялик машҳур адиб Дино Буцаттининг «Етти қават» ҳикояси таъсирида юраман. Ниҳоят, ушбу фавқулодда ўзига хос ҳикояни эркин таржима қилиб, унга «назира» ўлароқ ҳикоя битдим».

      Изоҳда «назира» сўзи тирноқ ичига олинган. Шунинг ўзи ҳам «Жимжитхонага йўл» асари том маънодаги назира эмаслигидан далолат беради. Мумтоз шеъриятимизда назира ёзиш анъанаси ўта ривожланган эди. Уларда машҳур бир шеърнинг шакли (вазни, қофияси) олиниб, унга бошқа бир мазмун юкланган. Албатта, назира ёзилишида бирор шеърнинг мазмун ва шакл жиҳатлари ўта мукаммал эканлиги сабаб бўлади. Назира бағишловчи ўша шеърдан қаттиқ таъсирланиши натижасида янги шеър вужудга келади. Х.Дўстмуҳаммад ҳам «Етти қават» ҳикоясига назира бағишлар экан, ундан кўп йиллар мутаассир бўлиб юрганини айтади. «Етти қават» ҳикоясининг эркин таржимаси билан ўз ҳикоясини кетма-кетликда беради. Бу эса назирачилик анъаналарида учрамайдиган ҳолат. Шунинг билан бирга ёзувчининг бундай кетма-кетликдан кўзлаган мақсади муқоясадир.