кетмон чопишда давом этадилар. Адиб бу масаланинг охирига етолмайди. Лекин китобхонга уни изоҳлаб ўтирмасдан ечимини топиб беради. «Кеч кирди. Мен колхоз қишлоғини айланиб юрар эканман, кундузи далада кўринмаган эркакларнинг ҳаммасини қишлоқ чойхонасида чойхўрлик қилиб ўтирганларини кўриб ҳайрон қолдим». Шу воқеадан сал кейинроқ ёзувчи: «Ота-боболаримизнинг аёлларга ёрдам қилишдек олижаноб одатларини биз тарк эта бошлаганимиз, мени яна нотинч қила бошлаган эди…» дейди. Адиб масалага мана шундай очиқ ва рўй-рост ёндашади, мавзуни кенг очишга, унинг илдизларини, келажагини кўришга ҳаракат қилади.
Назир Сафаров халқ ичидан чиқиб вояга етган, халқнинг маърифати, фаровон ҳаёти, замонавий маданияти йўлида жон куйдириб келаётган зиёлилардандир. У халқнинг тилини, урф-одатларини жуда ҳам яхши билади. У ўз қаҳрамонларини, уларнинг хатти-ҳаракатларини, сўзларини, қилиқларини нозиклик билан кузатади, ҳис қилади, унинг қаҳрамонлари сўзлаганларида уларнинг ғазаби, нафрати, муҳаббати, ачиниш, хайрихоҳлик, олижаноблик ёки пасткашлик белгилари аён сезилиб туради. «Кўрган кечирганларим»да боласи эски мактабдан ноҳақ ҳайдалаётган она баджаҳл домлага ялиниб-ёлвориб кўндиролмагач, домлага қарата: «Ҳа, сиз ҳам домла, давлатмандга ёндашар экансиз. Оч баччағардан қоч баччагар-да! Ҳа! Камбағалдан қочдингиз!.. Майли, бойлардан қолманг!» деб аламини шу сўзларга сиғдирганча кетади. Давлатманд, ҳокимлар тилида дағдаға оҳанглари бўртиб турса, оддий халқ фарзандларининг тилида соддалик, доно халқ ҳикматлари ўзига хос ранг жило билан товланади.
Назир Сафаров эсини таниб, қўлига қалам олганидан бери ўз қаҳрамонлари билан бир сафда қадам ташламоқда. Унинг қаҳрамонлари кун сайин, соат сайин ўсмоқда, янги камолот чўққиларини кўзламоқда. Бунда адиб ўз қаҳрамонлари билан ҳамқадам, ҳамтафаккур, ҳамэътиқод, йўлда йўлдошдир.
Ўн беш яшар Назирқулнинг қиссасини тинглаганда, киши кўз ўнгидан кўп нарсалар ўтади: мен атай тинглаганда деяпман, чунки унинг ҳикояси шунчалар содда, шунчалар жонлики, гоҳо худди воқеаларни ўз оғзидан эшитиб тургандай бўлади одам, қисса тугаганда эса қулоғингизда ҳамон унинг айрим сўзлари жаранглаб туради, воқеалар яна қайта бошдан бирин-бирин экранга тушгандай липиллаб ўта бошлайди.
Гажак-бежаксиз, шоп-шалопсиз ва баъзан бироз бўлса ҳам беандоза бу ҳикоя ичида қанчадан-қанча юракни ўртайдиган воқеалар, қанчадан-қанча инсон фожиалари, аламли тақдирлар, қанчадан-қанча нурга интилган умрларнинг мазмуни тарихларнинг саҳифаси ётади.
«Кўрган кечирганларим»да ҳали Назирқул хаёли саҳифасига бевақт оғир уқубатлар сояси тушган бир гўдак эди, «Наврўз»да энди у – ўспирин. Бунда энди қувғинлар, чоп-чоплар, ос-ослар йўқ.
Наврўз – ёруғ кунларга умид.
Гарчи бунда ҳали очлик, ногиҳон офатлар, қашшоқлик, йўқсилликнинг яралари ҳамон очилиб ётади, ҳамон вақти-вақти билан улардан қон ва нола силқийди.
Бу вайроналар