Иброҳим Ғафуров

Юрак - аланга: бадиалар


Скачать книгу

унинг юрагида ёниши мумкин бўлган нурни кўрмайди. Чунки у қаҳрамони ҳаракат қилаётган муҳитни чала билади, чала тасаввур қилади. Муаллифнинг мана шундай чала тасаввури қаҳрамоннинг оёғига кишан уради…

      Меҳнат жараёнларини яхши билмаслик ёш адиба Х.Лутфуллаеванинг «Туташ тақдирлар» қиссасида ҳам кўринади. Асар қаҳрамони Азамат кўп оилавий машмашалардан сўнг чўлдаги заводга ишга келади. Унинг ҳам ҳайдовчилик, ҳам қурувчилик ҳунари бор. Азамат қурилишда яхши иш кўрсатади ва тезда ҳайдовчилар бригадасига бошлиқ бўлади. Азамат қурилишга келгач, унда тўгараклар ташкил этиб, ишчиларни турли ҳунарларга ўргата бошлайди. Бунга шубҳа билан қараган баъзи ёшларга кекса ишчи Файзи ота шундай дейди:

      «Чунки Азамат бирор соат ҳам бекор турмайди. Қоришмани олиб бориб тўкиб келиб, навбат кутиб ўтирмайди. Иш жараёнида ҳамма нарса бўлиши мумкин. Айтайлик, у қайтгунча тайёр қоришма бўлмайди. У эса дарҳол кабинасидан тушиб, ғишт териб кетаверади, бўш қолган ўринлардан бирида туриб пардоз ҳам қилаверади. Буларнинг ҳаммаси учун меҳнат ҳақи олади-да! Сизлар-чи? Бирингиз, айтайлик, ғишт терувчисиз, ғишт етиб келган бўлса, уни терасиз, бўлмаса кутасиз…» Бу ишлаб чиқариш ёки қурилиш жараёни мутлақо билмасликдан туғилган гап. Агар қурилишда ҳамма ҳар хил ишга уннаб кетаверганда, бу қурилиш афандининг ашуласидай ҳеч қачон тугамаган бўлар эди. Сўнг қайси қурилишда ҳайдовчи машинани бир четга қўйиб, қўлига чўтка олиб бўёққа тушиб кетган? Ким, қаерда кўрган буни? Ёш ёзувчи ўзи тасвирлаётган нарсани яхши ўрганмаганлиги оқибатида ўзини ҳам, қаҳрамонини ҳам кулгили аҳволга солиб қўяётир.

      Завод, қурилиш, корхона ҳаётини ўз кўзинг билан кўрмай, чуқур англамай туриб, замондош ишчи, қурувчи, бинокор ҳаётини, улар олдидаги жонли муаммоларни, дардларини, интилишларини тўлиқ тасвирлаш, бадиий тадқиқ этиш мумкин эмас. Олижаноб ва қимматли мавзуларни бадиий заиф гавдалантириш мавзулар моҳиятини ерга уради, уларнинг аҳамиятига путур етказади.

      Анча тажрибага эга ёзувчи Ёқубжон Шукуровнинг «Қалб қаноти» романи мавзуни ўзлаштирмасликнинг шундай намунасидир. Ёзувчи тўқувчилар ҳаётини қаламга олади. Лекин шу жараён ичига чуқур кириш ўрнига у бутунлай бошқа нарсалар билан машғул бўлиб кетади… Мана ёш, гўзал Баҳрихон комбинат эшигига бориб навбатчига рухсатнома кўрсатди. Шунда қари навбатчи «гўё туш кўраётгандек эласланиб (?) кўзларини йириб-йиртиб сухсурдек қизга тикилиб қолади», «йигирма икки ёшлар чамасидаги гўзал уни ҳайратга солди». Чол қўлидаги гувоҳномани нима қилишини билмай, «мошдек-мошдек бир хилдаги қора холларига маҳлиё бўлганиданми, одатдан ташқари қотиб қолди». Қиз ўтиб кетгач, навбатчи унинг «бўй-бастига, тақимига уриб турган йўғон бир ўрим сочига тикилиб, кўз узолмай қолди» (3-4-бетлар). Баҳрихон шундан сўнг киоскачи хотинга дуч келади. «Киоскачининг дилидан «Шодмонга лойиқ қиз экан» деган фикр ўтди», «Киоскачи Баҳрихондан кўзини узолмай қолди». Шундан сўнг Баҳрихон Шодмон ва Аъло деган йигитларга дуч