Иброҳим Ғафуров

Мангу латофат: бадиалар


Скачать книгу

Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев ташкил этган ва ўзи муҳаррирлик қиларди. Бу кўркам ва фасиҳ фикрли зотнинг бутун ўй-хаёли Туркистонни зиёли қилиш, уни қарамлик ва зулмдан қутқариш, эзилган бечора халқнинг аҳволини қандай бўлмасин енгиллатишга қаратилган эди.

      Убайдулла Асадуллахўжаевнинг ҳаёти ва олиб борган фаолияти ўзи бир улуғ достон. Бул тариф зотни қарши билиш учун алоҳида асарлар ёзмоқ керак бўлади. У мустамлакачиликка кураш олиб борди ва охири шу мустамлака томонидан маҳв этилди. У озодлик йўлидаги ўз ишлари билан ҳақиқий миллий қаҳрамон унвонига сазовор зотлардан биридир.

      Убайдулла Асадуллахўжаев газета воситаси билан эл ва халқини энг оғир забунликдан, унинг оғир кишанларидан – ғафлат ва жаҳолатдан қутқаришни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. У газетанинг маромномасини ёзди ва унга «Убайдулла» деб имзо чекди. Билмадим, олий таҳсилни Россияда олгани боисиданми, Зиё Саид «Ўзбек вақтли матбуоти тарихига материаллар» мақоласида Убайдулла Асадуллахўжаев ҳақида «Бу киши мусулмонча ёзиш-ўқишни билмайди. Шунинг учун бош мақолани Мунаввар Қори ва Абдурауф Музаффаров деган бир татар ёзиб берар эди», деган маълумот беради. Улур зиёли хонадонида тарбия кўрган Убайдулла ҳақидаги бу гап қанчалар ҳақ экан, айтиш қийин. Лекин «Маромнома»нинг услуби билан «Убайдулла» деб имзо чекилган бошқа мақолаларнинг услуби ва фикрий йўналишини қиёслаганда, бундай ўткир ва оригинал фикр дунёси фақат Убайдулланинг ўзиники ва уни бошқа одам унга ҳар қанча бўлганда ҳам яратиб беролмайди, деган хулосага келиш мумкин. Шу маънода Зиё Саиднинг гапи «миллатчи»ни камситиш учун тўқилган «узун қулоқ» гапдан бошқа нарса эмас. Лекин бошқа бир жиҳатдан Зиё Саидга тан бериш керакки, у «Садои Туркистон» «миллатдан ҳиммат аҳллари ва зиёлилар кўпайтириш йўлида кўп ҳаракат қилди… Ўз атрофига кўп кишини жалб этди. Ўлкадан мухбирлар етиштирди», деб холис баҳо ҳам беради.

      Убайдулла «Маромнома»да чунончи қуйидагиларни алам билан ёзди: «Биз, туркистонликлар ўтган ҳаким ва олимларимизнинг бирини соҳирликка, иккинчисини кофирликка, тағин билмам, наларга иснод веруб исмларини авлодимиздан унутдирмакдамиз…

      Бундан маълум бўладики, биз туркистонлилар ҳозирда на замонга қараб ҳаракат қилурмиз, на дин ва шариатимизга бўйсунурмиз ва на тарихимиздан ибрат олурмиз. Бизим шул қадар ғафлат ва жаҳолатимизни кўра туриб, янадан сабр ва таҳаммул ила сукут этмак муқаддас ватанимиз ва меҳрибон онамиз бўлган Туркистонга кўп оғир келди…»

      «Садои Туркистон»нинг муҳаррирларидан бири, оташин фикрли шоир Абдулла Авлоний газетани ҳам, унинг ўқувчиларини ҳам биринчи сонда шундай деб қутлаган эди:

      Маслаки бетараф, тараққий йўли,

      Қаламин илм учун тутибдир қўли,

      Сарф этар қанча бўлса, бор пули,

      Адвокатлар мудири масъули,

      Чиқди бошлаб «Садои Туркистон»

      Ўқунгиз шавқ бирла, эй дўстон!

      Гарчи бунда Авлоний газетанинг йўлини «бетараф» деб