Рашод Нури Гунтекин

Яшил кеча


Скачать книгу

олининг четига тираб, бақира-бақира сўзлашга тушди:

      – Нима дедингиз, нима дедингиз? Тағин мен янглиш эшитган бўлмайин! Шундай ўқимишли одам бўла туриб, оддий масалада жуда катта хатоликка йўл қўяётганингизга, тўғриси, ҳайратдаман. Сизнинг таърифингиз ҳар тарафлама муҳтожи танқиддир. Авваламбор, шуни билиб қўйингки, скумбрия дўлмаси асло ва ҳеч қачон янги балиқдан тайёрланмайди. Қолаверса, скумбриянинг ичи пичоқ билан ўйилмайди… Бу нима, балиқ сизга қовоқмидики, ичини ўясиз?

      Бу чиройли ўхшатиш унинг ўзига ҳам маъқул тушди чоғи, бутун вужуди бўшашиб, бошини орқага ташлади-да, қаҳ-қаҳ отиб узоқ кулди, сўнгра олдидаги уюлиб турган қоғозлар орасидан бир ясси чизғични чиқариб, сўзида давом этди:

      – Қулоқ солинг, ҳозир каминангиз таърифлайди. Хотирингизда қолмаса, ён дафтарингизга ёзиб олинг. Мана шу чизғични скумбрия деб фараз қилинг. Балиқни мана шундай қилиб қўлингизга оласиз. Аввал бошини, сўнгра эса думини кесасиз… Шундан кейин, балиқни икки кафтингизнинг орасига оласиз-да, уни худди қуймоққа тайёрланаётган хамир каби секин-аста силаб-силаб, ишқалай бошлайсиз… Лекин қаттиқ сиқмайсиз, бўлмаса балиқнинг қорни ёрилиб кетади. Шу усул билан скумбрияни хийла юмшатганингиздан сўнг…

      Басри бей гапиришдан таққа тўхтади. Ойнавандлик бир девор билан идорадан ажратилган ва ёзув столи, ҳужжатлар шкафи ҳамда келувчилар учун икки скамейкани зўрға сиғдирган кичкинагина хонасининг эшигига қараб қолди. Йўлак қоронғилигида бир жуфт ойнакнинг йилтираб кетганига кўзи тушган эди.

      – У ерда ким бор? – дея бақирди.

      Титроқ бир қўл эшикнинг четини икки дафъа тараддуд-ла тақиллатди ва ичкарига эски камзулли, сариқ чарм ботинкали, мовий атлас кўйлакли йигирма беш – ўттиз ёшлар чамасидаги заиф бир одам кирди. Билинар-билинмас чўтир юзли бу кимсанинг ингичка қора соқоли бор эди. Узоқ давом этган ширинча яраси бўйнини хиёл-хиёл ўнг тарафга буриб қўйган эди. У камзулининг ечилиб кетган тугмасини қадаб фесини тузатгандан кейин турган жойидан таманно этди; эшикнинг ёнига ўтди.

      Бўлим мудири маориф билан жуда оз алоқаси бўлган бир масала устида баҳс этаётганда қўлга тушганидан асабийлашди. Ҳалигиндай қаттиқ овоз билан ундан сўради:

      – Сен кимсан? Сенга нима керак?

      Соқолли йигит яна бир карра таманно этгач, паст товушда:

      – Каминаи қуллари Дорулмуаллиминни шу йил тамомлаганлардан, – деди. – Кеча чекилган қуръада толенинг бир ажойиб жилвасига йўлиқдим: ҳеч истамаган бир ерга тушдим. Лутф ва карамингизга илтижо билан келдим.

      Басри бей бехос ақлдан озгандай, столга зарб билан мушт туширди-да, овозининг борича бақира бошлади:

      – Оллоҳим, бу Дорулмуаллиминдагиларни мени жинни қилиб қўйишлари учун яратганмисан? Бу нечанчиси, ахир?! Кечадан бери ҳеч демаганда ўттиз киши келди. Сўзлай бериб-сўзлай бериб тилимда тил қолмади. Истанбул йўқ. Ё тайин этилган ерга кетасиз, ё бўлмаса истеъфо. Англашилдими?

      У қўлларини кўтариб, кўзларини сувоқлари ёрилиб кетган ифлос шипга тикканича, сўзида давом этди:

      – Улуғларнинг улуғи ё Раббим… Шуларнинг уч, бешини камроқ яратиб, бунинг эвазига қолганларнинг бошига бир оз ақл, юракларига бир оз инсоф солсанг бўлмасмиди… Тавба-тавба, ё Раббим; тавба-тавба, ё Раббим. Бу одамлар инсонни куфрбоз этиб гуноҳга ботиришдан ҳам тоймайдилар.

      Шу пайт идоди мудири янги келган одамга жой бермоқ учун ўриндиғини бир оз ёнга сурди-да, негадир кула бошлади.

      Басри бей бу сафар унга хитоб этди:

      – Нури дийдам, укам! Ўзинг ўйлаб кўр, ахир. Давлат бу одамларни йилларча едириб-ичиради, ўраб-чирмаб кийинтиради. Оллоҳи Карим, ҳазрати Одам алайҳиссаломни тупроқдан яратгани каби ҳеч йўқдан одам сурқтига солиб ўртага чиқаради ва ҳар бирини лаёқатларидан ўн карра устун бўлган маошлар билан таъминлаб, авлоди мамлакатни зиёга маъмур этади. Аммо булар ҳали ғафлат уйқусида ётишибди. Ўзи одам бўлмаган ўзгани қандай одам этар? Ия, қара-я, бирдан шеър чиқиб қолди-ю! Ҳа, рост: «Ўзи одам бўлмаган ўзгани қандай одам этар. Фоилотун, фоилотун, фоилотун, фоилун…» Гўзал эмасми-а?

      Бундан аввалги балиқ ва қовоқ ташбеҳи каби ўзидан ўзи тўқилган бу мисра ҳам Басри бейни мамнун этди ва ҳовлиқишларини бир қадар пасайтирди. У олдидаги сигара қутисини олиб, орқасига ҳалиги мисраларни ёзиб қўйди-да, сўзида давом этди:

      – Мен нима ҳақида сўзлаётган эдим, афандим? Ҳа… Буларга лаёқатларидан анча юқори бўлган лавозимлар берилади. Лекин, ҳайҳотки, афандим, нима учундир, уларнинг бирортаси ҳам тайин этилган ердан мамнун бўлмайди. Шу Истанбул, Истанбул деганлари-деган. Ҳайронсан буларга… Саккизоёқ деган жониворни эшитганингиз бордир… Бир оёғини кессангиз борми, қолган бошқа оёқлари билан шартта ёпишиб олади. Бу одамлар ҳам худди ана шу саккизоёқларга ўхшаган, фақат бошқачаси… Қани, уларни Истанбулдан чиқариб кўринг-чи, мен қойил қолай сизга. Назорати Жалила2 булардан безор бўлди ва қуръа усулини ўйлаб топди. Кеча қуръалар ташланганди. Бу йил битирганлардан фақат беш кишигина Истанбулга, қолган ўттиз иккиси вилоятларга тайин этилди. Биласизми, афандим, шунга кечадан бери ҳужум бошланди. Ҳеч бири ўзига тушган ердан мамнун эмас. Ҳаммаси лутф ва илтифотингизга сиғинади.