у спиртли ичимликни ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилгани сабабли юраги ёрилиб ўлган, деб тасдиқлаган. Смельковнинг жасади кўмилган.
Орадан бир неча кун ўтгач, Смельковнинг ҳамшаҳари ва ўртоғи савдогар Тимохин Петербургдан қайтиб келиб, Смельковнинг қандай шароитда ўлганини эшитади ва ёнидаги пулларини ўғирлаш мақсадида уни заҳарлаб ўлдиришган бўлсалар керак, деб гумон қилади.
Бу гумон дастлабки терговда тасдиқланади ва қуйидагилар аниқланади: 1. Смельков ўлимидан бир неча кун муқаддам банкдан 3800 сўм кумуш пул олган. Аммо, марҳумдан қолган нарсаларни эҳтиёт қилиш мақсадида хатга олинганда атиги 312 сўм 16 тийин нақд пул чиққан. 2. Смельков ўлимидан бир кун илгари эртадан кечгача ва охирги кечаси тонггача Любка (Екатерина Маслова) деган фоҳиша билан исловатхонада ва «Мавритания» меҳмонхонасида бирга бўлган. Екатерина Маслова Смельковнинг илтимосига кўра, унинг ўзи йўқ пайтида исловатхонадан пул олгани келиб «Мавритания» меҳмонхонаси хизматчиларидан Евфимия Бочкова ва Симон Картинкиннинг кўзи олдида Смельков берган калит билан жомадонни очиб пул олиб кетган. Маслова жомадонни очганда, шу ерда ҳозир бўлганлардан Бочкова ва Картинкин бир даста юз сўмлик кредит билетларини кўришган. 3. Смельков исловатхонадан «Мавритания» меҳмонхонасига қайтгач, у билан бирга келган Любка деган фоҳиша хизматкор Картинкиннинг маслаҳатига кўра бир рюмка коньякка Картинкиндан олган оқ порошокни солиб Смельковга ичирган. 4. Эртасига эрталаб фоҳиша Любка (Екатерина Маслова) бекасига, исловатхона эгаси, гувоҳ Китаевага Смельковнинг бриллиант узугини сотган, буни Смельков совға қилди, деб айтган. 5. «Мавритания» меҳмонхонасининг хизматкори Евфимия Бочкова Смельков ўлган куннинг эртасига маҳаллий тижорий банкка 1800 сўм кумуш пул қўйган.
Суд-тиббиёт кўриги, жасадни ёриш ва Смельковнинг ички аъзоларини кимёвий усул билан текшириш натижасида, марҳумнинг организмида заҳар борлиги, ана шу заҳар ўлимга сабаб бўлгани аниқланган.
Жавобгарликка тортилган Маслова, Бочкова ва Картинкин айбларини бўйинларига олмайдилар: Маслованинг айтишича, ҳақиқатан Смельков пул олиб кел, деб уни ўзи ишлайдиган исловатхонадан «Мавритания» меҳмонхонасига юборибди. Маслова савдогар берган калит билан жомадонни очибди, савдогарнинг айтганини қилиб 40 сўм кумуш пул олибди, ортиқча олмабди, буни жомадонни очиб, ёпаётганида тепасида турган Бочкова билан Картинкин ҳам тасдиқлаши мумкин эмиш. Сўнгра у меҳмонхонага иккинчи келишида ҳақиқатан ҳам, Картинкиннинг маслаҳатига кўра, аллақандай порошокни, ухлатадиган порошок, деб ўйлаб, коньякка солиб савдогар Смельковга ичирибди, савдогар тезроқ ухлаб қолса, ундан тезроқ қутулиб кета қоламан, деб ўйлабди. Смельков Масловани урган экан, у йиғлаб, кетаман, деб туриб олибди, шундан кейин Смельков Масловага узукни совға қилибди.
Евфимия Бочкова йўқолган пул хусусида ҳеч нима билмаслигини, савдогарнинг хонасига кирмаганини, у ерда фақат Любканинг ўзи ёлғиз хўжайинлик қилганини, агар савдогарнинг бирон нарсаси йўқолган бўлса, буни Любка савдогарнинг калитини олиб келганда ўғирлаганини айтади. – Шу ерга