лигини мен яхши билардим. Ана шундан буён менда босиқлик билан фикр юритиш одат тусига кириб қолган. Отам ичимдагини топ одамлар қалбига йўл топишда менга катта мактаб бўлган эса-да, худобезори кимсалар қилиғи қурбони бўлишимга ҳам сабабчи бўларди. Агар бу босиқлик оддий, росмана одамда мужассам бўлса, уни ҳар қандай думбул одам ҳам дарҳол англаб олади ва унга чиппа ёпишиб олишга ошиқади; коллежда ўқиб юрган кезларим ўртоқларим мени ичидан пишган деб аташар, бировларга аралашвермайдиган одамови ва бўлар-бўлмасга валдирайвермаганим сабабли улар юракларидаги сирларини менга ишониб айтардилар. Дўстларимнинг менга ишониб айтган сирларига шерик бўлишни истамасдим, чунки бировлар сирини сақлай оламанми-йўқми, билмайман, ҳатто уларнинг гапини эшитиб, эснаб ўтирган пайтларим ҳам бўлган. Ўзимни китоб ўқиётганга ёки пинакка кетгандай қилиб ўтирардим; ахир ёшларнинг ботиний сирларини миридан-сиригача эшитишни ҳар қанча истасам-да, улар сирларини охиригача айтишмас эди. Босиқлик билан фикр юритиш катта фазилат. Муҳим маънавий қадриятларни сезиш қобилияти барчага ҳам бирдай берилмаганлигини ёддан чиқарсам, бирон нарсани унутиб қўйдиммикан, деб хавотирга тушаман.
Ўзимнинг сабр-тоқатли эканлигимни қанчалик яхши билсам-да, бунинг чегараси борлигини унутмаслигим керак. Турли тоифадаги инсонларнинг хулқ-атвори турлича бўлади – баъзилариники ўта қаттиқ, ўта мураккаб, баъзилариники ўта юмшоқ. Баъзан уларнинг хулқ-атвори остида нимадир яширингани мени қизиқтирмай ҳам қўяди. Ўтган йили куз фаслида Нью-Йоркдан қайтгач, инсон феъл-атворининг нақадар мураккаблигини тушундим. Ўз манфаатлари учун кишилар ёвузликдан ҳам тоймасликларини билиб олдим. Шу-шу мен инсонларнинг ботиний сирларини билиш учун ўзгалар қалбига қўл солишни истамай қолдим. Фақат номи шу китобга битилган Гэтсби исмли инсонгина бундан мустасно эди. Гэтсби мен нафратланадиган ва хуш кўрмайдиган барча нарсани ўзида мужассам этган инсон каби туюларди, наздимда. Ҳар бир кимса қобилиятига қараб баҳоланадиган бўлса, бу инсон мутлақо жумбоқ эди. Ҳаёти сир-синоатга тўла. Бу инсонда ҳаётда барча икир-чикирларига нисбатан ажабтовур бир сезгирлик мужассам эдики, гўё у ўн минг миль нарида содир бўлган ер ости силкинишларини қайд этувчи мураккаб асбобга ўхшаб кетарди. Унда ҳозиржавоблик, дарҳол бошқача қиёфага кириб олиш, сўзамоллик хислати устун эди. Бу табиатнинг унга берган ноёб инъоми эди. Унинг қалбида жўш урган ғайратни ҳеч кимда учратмаганман ва бундан кейин ҳам учратмасам керак. Йўқ, Гэтсби пировард-натижада ўзини кўрсата билди; унинг фикрларини чулғаб олган ва уни эзиб турган заҳарли қурум тез барҳам топувчи инсон изтироблари ва хурсандчиликларига бўлган қизиқишни вақтинча сўндирган эди.
Мен ҳурмат-эътиборга лойиқ боёнлар оиласиданман. Мазкур оиланинг учинчи авлодига мансубман. Авлод-аждодимиз Ўрта Ғарбий шаҳарда таниқли насаблардан эди. Коррауэй катта бир уруғ-аймоқ бўлиб, оилавий келиб чиқишига кўра, у Бэклу герцогларининг ворислари ҳисобланар, очиғи, бувамнинг акаси бу шажарага асос солган десак, тўғри бўлур эди. У 1851 йили бу ерга кўчиб келгач, федерал армиясида хизматни ўташ учун бир кишини ўз ўрнига ёллаган эди. Ўзи эса бу ерда майда-чуйда темиртерсакларнинг улгуржи савдосини йўлга қўйиб юборди. Эндиликда бу ишлар билан менинг отам шуғулланмоқда.
Бобокалонимни кўрган эмасман, лекин айтишларича, мен унга жуда ўхшаб кетарканман. Отамнинг идорасида сурати деворда осиғлиқ бадқовоқ бувамни ҳамиша менга ўхшатишади. Мен Иель университетини тугатдим. Орадан бир оз вақт ўтгач, Жаҳон урушида қатнашдим. Урушдан қутулиб уйга кайтганимда ҳафсалам роса пир бўлди. Ўрта Ғарб энди кўзимга ҳаёти оғир гўша эмас, балки ўта зерикарли бир ер бўлиб кўринмоқда. Шарққа кўчиб кетдим ва у ерда кредит ишини ўрганишга аҳд қилдим. Барча таниш-билишларим кредит ишлар билан шуғулланишади; наҳотки мендек бир инсонга шу соҳада иш топилмаса? Барча оила аъзолари жамулжам бўлдик, масала мен кирадиган ўқув юртини танлаш ҳақида эди; аммаларим ва амакиларим пешоналарини тириштириб, узоқ маслаҳатлашгач, ниҳоят, қатъиятсизлик билан “хўш” деб қўйдилар, холос. Отам менга бир йил молиявий ёрдам беришга розилик билдирди. Ниҳоят, 1922 йилнинг баҳорида мен НьюЙоркка келдим. Бу ердан ўзимга маъқул уй-жой қидирдим. Ёз мавсуми бошланаётган эди. Мен шаҳардаги кўм-кўк ястаниб ётган ўтларга ва дарахтлар соя ташлаб, сўлимлик бахш этган ерларга ошуфта эдим. Дабдурустдан бирга ишлайдиган ходимимиз менга шаҳар чеккасидан ижарага уй олиб, бирга яшаш истагини билдириб қолди. У уй қидиришга тушиб кетди. Мўъжазгина уйни ойига саксон доллар тўлаш шарти билан олдик. Энди кўчай деб турганимизда шеригимни қандайдир иш билан Вашингтонга хизмат сафарига жўнатиб қолдилар, шу сабабли кулбага ёлғиз ўзим кўчиб келишимга тўғри келди. Мен ёлғиз яшамаслигим учун бир кучукчани ўзим билан олиб келдим, бир неча кун ўтмай кучукча уйдан қочиб кетди. Шундан сўнг хизматкор аёл ёлладим, у эрталаб ўрнимни йиғиб, уйларни ораста қилгач, фин тилида хиргойи қилганича менга нонушта тайёрлайди.
Аввалига ўзимни ёлғиз ҳис эта бошладим, орадан уч-тўрт кун ўтгач, вокзал яқинида эндигина поезддан тушган бир кимса мени тўхтатди.
– Кечирасиз, Уэст-Эгга қандай борса бўлади? – сўради у саросимага тушиб.
Мен унга йўлни тушунтирдим-да, йўлимда давом этдим, шунда мени ёлғизлик ҳисси тарк этганини сездим. Бу ерга биринчилар қаторида кўчиб келиб жойлашганим