Фотима Сулаймон қори қизи

Дуо ибодатнинг мағзидир


Скачать книгу

каттаю кичик ҳар бир ҳожатини ҳақиқий Хожаси Аллоҳ таолодан сўраб туриши лозим. Агар банда бундай қилмаса, ўзини ҳам, Роббини ҳам танимаган бўлади. Албатта, Аллоҳ таоло бундай нобакор одамдан ғазабланиши турган гап.

      Аллоҳ таолога дуо қилиб, У Зотдан ҳожатини сўрамаслик такаббурлик ва истиғнодир. Бу иш бандага тўғри келмайди.

      Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

      «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

      «Кимни қийинчилик ва ғам-ғуссалар пайтида Аллоҳ уни ижобат қилиши масрур қилса, оройиш пайтида дуони кўпайтирсин», дедилар».

      Бу ҳақда имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи «Оройиш пайтида Аллоҳни танисанг, Аллоҳ сени шиддат пайтида танийди», деганлар.

      Одатда биз – ожиз бандалар бошимизга мушкул ҳолат тушгандагина Аллоҳ таолога ёлвора бошлаймиз. Бошимизга тушган офатни тезроқ аритишини истаб қоламиз.

      Аммо ишимиз ўнгланиб кетса, дуо қилиш эсимиздан чиқади. Худди ҳеч нарса бўлмагандек юраверамиз.

      Мазкур нотўғри ҳолат Қуръони Каримнинг «Юнус» сурасида қуйидагича васф қилинади:

      «Қачонки инсонга зарар етса, ёнбошлаган, ўтирган ёки турган ҳолида Бизга дуо ‎қиладир. Ундан зарарини кетказсак, худди ўзига етган зарар ҳақида Бизга дуо ‎қилмагандек, кетаверадир. Исрофчиларга қилаётган амаллари ана шундай чиройли ‎кўрсатилди» (12-оят).

      Инсон боласининг иши юришиб турганида, ўзи соғ-саломат, тинч-омон ва роҳатфароғатда бўлганида ҳеч нарса билан иши йўқ, бу дунё ҳаётида мағрур бўлиб юраверади. Албатта, Аллоҳ ҳидоятга бошлаган мўминмусулмонлар бундан мустасно.

      Аммо мағрурланиб юрган ўша инсоннинг соғлиғига, тинчлигига ёки роҳатига путур етса, бошига мусибат келса, дарҳол ёдига Аллоҳ тушади. Ҳа:

      «Қачонки инсонга зарар етса, ёнбошлаган, ўтирган ёки ‎турган ҳолида Бизга дуо ‎қиладир».

      Оғир кунда қолган инсон, ким бўлишидан қатъи назар, ёнбошлаган, ўтирган ёки тик турган ҳолида, яъни ҳар қандай ҳолатда Аллоҳга ёлворишни бошлайди. Ҳатто энг катта кофир, фосиқлар ҳаётида ҳам бундай воқеалар рўй берганига тарихда мисоллар кўп. Турли мусибатлардан кейин дин йўлига кирганларнинг кўплиги ҳам шу ҳолга далилдир. Аммо афсуски, кўпчилик бундан ўзига яраша хулоса чиқариб олмайди. Бошига мусибат тушганида Аллоҳга ёлворади-ю:

      «Ундан зарарини кетказсак, худди ўзига етган зарар ҳақида Бизга дуо қилмагандек, кетаверадир».

      Яна аввалгидек, бу дунё ҳаётига ўзини уради. Аллоҳни унутади. Ўзининг бандалигини унутади. Бир кун келиб, бошига яна қайта мусибат тушиши мумкинлигини ҳам унутади. Ҳеч нарсадан тап тортмай, ибрат олмай, олдинги ҳолига тушиб қолади.

      Бундай кимсаларни Аллоҳ таоло оятда «исрофчилар» деб атамоқда ва бошларига мусибат тушганида Аллоҳга ёлвориб, мусибат кўтарилганида ҳеч нарса бўлмагандек кетаверишларини «исрофгарчилик» деб васф қилмоқда. Ҳамда бу ишлари ўзларига зийнатли – чиройли бўлиб кўринишини таъкидламоқда:

      «Исрофчиларга қилаётган амаллари ана шундай чиройли кўрсатилди».

      Аммо бунинг оқибати яхшиликка олиб бормайди. Бунга олдин ўтган