нималар кечаётганлигини ошкор этмасликка астойдил ҳаракат қиларди. Исмоил ўшанда ёз бошланиши билан қай йўсинда Чотқолга йўлга чиқишларини орзу қилиб ва маълум бир қарорга келиб: “Чотқолга бутун оиламиз билан бирга жўнаб кетамиз. Шунга тайёргарлик кўриш керак, ҳаммасини атрофлича ўйлаб кўрмоқ даркор”, – деяр экан, онаси:
– Ўғлим, энди мен қариб қолдим, ўзларинг бораверасизлар, мен эса бу ерда қолиб, сизларни дуо қилиб ўтираман.
Исмоил бунга астойдил ва очиқ кўнгиллик билан эътироз билдирди:
– Йўғ-э, сиз нима деяпсиз, шу сўзни айтишга қандай тилингиз борди? Биз сизни нега қолдириб кетар эканмиз? Бу бўлмаган гап. Сизсиз бир қадам ҳам силжимасмиз. Йўқ-йўқ, мен сизни зинҳор ташлаб кета олмайман. Бунақаси кетмайди. Ўзим сизни опичлаб бораман, эна.
– Оҳ, ўргилай сендан, болажоним, сўзларингни Оллоҳим эшитсин. Қувватим етганда ўзим ҳам эмаклаб бўлса-да борган бўлардим, хасталигу қарилик қурсин, – дея қўшиб қўйди журъатсизлик билан ўғлини ранжитмаслик учун. – Сизлар билан бирга бўлиш мен учун, албатта, яхши бўлар эди-ку, аммо бу ёғи ҳали нима бўларкин?
– Эҳ, менинг жонсарак энажоним! Мен сени яхши тушунаман, эна, аммо бу ҳақда гапиришга ҳали эрта. – Саида қайнонасини қувватлаб, жилмайди. – Худо хоҳласа, унгача яхши бўлиб кетасан. Ана айтди деярсан. Ўшанда бир қарорга келамиз-да жўнаб кетамиз. Ва сени Чотқолдаги акаларингга: “Мана, биз келдик, қабул қилинглар! Синглингизни ҳам олиб келдик, у билан бирга ўзимиз ҳам қўноқ бўламиз…” – деймиз.
Унинг сўзларидан беихтиёр ҳаммалари қўшилишиб кулиб юборишди. Қайнона эса келини гапни унинг касали ҳақида бораётганидан чалғитишга интилаётганини тушунди. Ҳа, у тўғри қилган эди.
Ўзаро умидбахш ва кўнгил очувчи бу суҳбат билан кеча ўтиб борарди. Айниқса Исмоил кўтаринки руҳда эди. Икки марта ухлаб ётган Омонтўрани қучоқлаб ўпиб, унга пичирлади: “Мана, сен билан Чотқолга, тоғаларимизникига жўнаймиз. У ерда ҳамма одамлардек яшаймиз. Сенга кичкина тойчоқни ўргатиб бераман, сен уни миниб, тоғларда чоптириб юрасан. Ана ўшанда буни кўрган момонг билан онанг қувончдан чўчиб кетишса керак-а?”
У энди Чотқолга жўнаш учун нима қилиш кераклигини батафсил тавсифлаб беришга киришди.
“Авваламбор ёзни, йўлнинг очилишини кутмоқ керак. Ҳозирча эса бирон кимса шубҳаланиб қолмасин учун сир сақлаб яшириниб туришга, сўнгра эса вақтни бой бермай, дарҳол йўлга тушишга тўғри келади. Бунинг учун эса ҳаммасини олдиндан мўлжаллаб, тайёрлаб қўймоқ керак. Довонда қиш ариганича йўқ. Ҳали бўронлар кўтарилиши мумкин дейишади. Демак, иссиқ кийимлар, айниқса пойафзал ҳозирлаб қўймоқ даркор. Тоғ-тошлардан, сўқмоқлардан, қор уюмларидан чидамли пойафзалсиз пиёда ўтиб бўлмайди. Сўнг бир ҳафтага етарли овқат ғамлаб олишимиз керак. Кўпроқ талқон, ҳамда қайнатиб пиширилган ва хом гўшт, қозонча, тузи, ўтини билан. Довонда қор ва шамолдан бошқа ҳеч нарсани тополмайсан. Мен бу хусусда кўплаб ҳикоялар эшитганман. Гўшт ёғли бўлиши керак,