Чингиз Айтматов

Танланган асарлар: Қиссалар


Скачать книгу

қиссани ҳаётда қай тарзда эшитган бўлсам, худди шу тарзда ёзишим керак. Мен бу қиссани икки кишидан эшитганман, шунинг учун ҳам қисса икки ҳикоядан ташкил топган. У икки кишининг бошидан кечирганларидир. Мен нимани эшитган бўлсам, шунигина ёзяпман. Яхшиси, қаҳрамонларнинг ўзлари ҳикоя қилиб бера қолишсин.

      ШОФЁР ҲИКОЯСИ

      …Буларнинг ҳаммаси ҳеч кутилмаганда юз берди. Ўша кезларда мен моторлаштирилган қисмда ҳарбий хизматни ўтаб бўлиб, армиядан эндигина қайтиб келган эдим. Ҳарбий хизматга боргунимча ўн йилликни тамомлаб, шофёрлик қилардим. Ўзим болалар уйида тарбияланганман. Дўстим Алибек Жонтурин мендан бир йил олдин ҳарбий хизматдан бўшаб келиб, Рибачедаги автобазада ишлаётган эди. Хизматни ўтаб бўлгач, мен ҳам тўппа-тўғри ўша автобазага келдим. Биз Алибек иккимиз Тянь-Шанда ёки Помирда ишлашни доим орзу қилиб юрардик. Автобазада мени яхши кутиб олишди. Ётоқхонага жойлаштиришди. Ҳатто бирор ери ҳам лат емаган яп-янги «ЗИЛ» машинасини беришди. Тўғрисини айтсам, машинамни одамни севгандек севардим. Мотори жуда кучли, ажойиб машина эди. Шундай бўлса ҳам биз унчалик ортиқча юк билан юрмасдик. Тянь-Шань йўлини ўзингиз яхши биласиз – бу автотрасса дунёдаги энг баланд тоғли йўллардан бири, қанчадан-қанча даралар, довонлар бор. Тоғда сув истаганча топилади, шунга қарамай, ҳаммавақт эҳтиётдан сув олиб юришга тўғри келарди. Эҳтимол, кузовнинг олди бурчагидаги устунчага осиб қўйилган сувли камерага кўзингиз тушган бўлса керак. Юк оз бўлса ҳам, олис ва ўнқир-чўнқир йўлларда мотор тез қизиб, радиатор эриб кетиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун доим сув олиб юриш керак. Дастлаб мен ҳам қандай бўлмасин, машинага кўпроқ юк ортиш чораларини кўзлаб узоқ вақт бош қотирдим. Бироқ ҳеч нима чиқмади. Ҳарқалай, тоғ тоғлигини қилади.

      Шундай бўлса ҳам ўз ишимдан кўнглим тўқ эди. Бу ернинг ўзи ҳам, табиати ҳам менга ёқарди. Автобазамиз шундайгина Иссиқкўлнинг қирғоғида жойлашган эди. Бу ерга чет эллик туристлар ҳам келиб туришарди. Улар кўл соҳилида сеҳрлангандек бир неча соатлаб томоша қилиб туриб қолишарди, ана шундай пайтларда мен ўзимча: «Қаранг, Иссиқкўлимиз қандай ажойиб! Бунчалик гўзал, бунчалик кўркам манзарани топа олиш мумкинми?..» – деб фахрланардим.

      Дастлабки кунларда негадир бир оз сиқилиб юрдим. Баҳор, ишлар қайнаган пайт, сентябрь Пленумидан кейин дастлабки кунларданоқ колхозчилар қурилиш ишларини авж олдириб юборишган эди. Улар бутун вужуди билан ишга шўнғиб кетишди-ю, аммо техника етишмасди. Шунинг учун ҳам автобазадаги машиналарнинг бир қисмини колхозларга ёрдамга юборишарди. Айниқса, ишга янги кирганларни, шу жумладан, мени ҳам нуқул ўша ёққа юборишарди. Трассага ўтиб, энди йўлга кўникдим деганда, яна у ердан олиб овулларга ҳайдашарди. Ишнинг қанчалик муҳим ва зарур эканлигини тушунардим. Аммо мен ҳарҳолда шофёрман, машинага жоним ачирди-да. Машина эмас, балки мен ўзим ўнқир-чўнқирлардан сакраб отилиб, қишлоқ бўйлаб лой кечиб бораётгандек бўлардим. Йўллар шунақанги расвоки, бунақасини ҳатто тушингизда ҳам кўрмагансиз.

      Кунлардан