1957 йили биринчи қиссаси – “Юзмаюз”ни ёзади. 1958 йилда эса “Жамила” қиссасига нуқта қўяди. (Бу унинг ижодий диплом иши бўлган. В.Файзуллоҳ изоҳи). Адиб ота тилида битган бу асарлари ўша йиллариёқ Қирғизистонда босилади. “Жамила”нинг биринчи номи қирғизчада “Обон” (Куй) эди. Аммо “Новый мир” журналига олиб борилганда, бош муҳаррир, машҳур шоир Александр Твардовский номини ўзгартиришни таклиф қилади. Асар журналнинг 1958 йил август сонида “Жамила” номи билан босилади. Кейинроқ “Октябрь” журнали “Юзма-юз” қиссасига ўз саҳифаларидан жой беради.
Ўқишни тугатиб, юртига қайтган ёш адиб 1958 – 1960 йиллари “Литературный Киргизстан” журналини бошқаради. Омадни, масъулиятни қаранг. Афтидан Москвада ўқиш, устозларнинг раҳнамолиги, “Жамила”нинг довруғи унга жуда катта ҳам ижодий, ҳам ташкилотчилик эшикларини очади. Дадил ва эркин ижод қилиш имконини беради. 1960 йилдан собиқ мамлакатнинг марказий газетаси “Правда”нинг ўз мухбири бўлади. Бу билан у ҳаётнинг ичига яна ҳам киради, маҳаллий партиякратларнинг зуғумидан ҳам нисбатан холи бўлади. 1961 йили бир йўла икки қиссаси босилади: “Сарвқомат дилбарим” ва “Бўтакўз”. 1963 йилда яна икки қиссаси: “Биринчи муаллим” ва “Самон йўли” (“Момо ер”) ёруғлик юзини кўради. Шу йили ҳаммасини йиғса, ҳажман ярим романча келмас, жами 222 бетли тўрт қиссаси “Жамила”, “Сарвқомат дилбарим”, “Бўтакўз”ва “Биринчи муаллим” жамланган – “Тоғ ва дашт қиссалари” деб номланган китоби собиқ Иттифоқнинг энг нуфузли ва бир мартагина бериладиган олий мукофоти билан тақдирланади. Ўшангача империянинг туркий республикалари адиблари ичидан бу мукофот фақат қозоқ адиби Мухтор Авезовга берилган, бунга ҳам кўп бўлмаган, қолаверса, Авезов Москвада яшар, Москва давлат универсететининг профессори ҳисобланар, зиёлилар ичида таниқли, ёши ҳам олтмишга яқинлашиб қолган эди. Айтматовнинг эса ижоди эндигина бошланган, ўзи 34 ёшни тўлдирган эди. Бу худди муъжизага ўхшар, кечагина ёзилган асарлар пешма-пеш жаҳон тилларига таржима бўлиб, хорижий ўқувчиларнинг олқишига сазовор бўлаётганидан совет раҳбарлари буни ҳам социализм ғалабаси сифатида истеъдодни тақдирлашдай намойиш қилмоқчи бўлишади. Аслида адибни жиловлашга шошилишади. Лекин ёниқ ва дилбар қиссаларнинг оташин бир тарзда қизғин қарши ва тан олиниши фақат Яратганнинг қўли билан туркиёна руҳиятнинг ер шари бўйлаб довруқ таратишининг бошланиши эди. Бадиий ижоднинг чинакам қудрати, халқнинг асрлар оша мардона руҳи булоқ сувидек бирдан отилиб чиқиши, зам-зам каби кўнгилларни қондириши эди.
Айтматов бошиданоқ бадиий ижоддан ташқари журналистика, жамоат ишлари, ижтимоий фаолият билан жуда қизғин банд бўлди. У шундай бир шароитда қандай ўз устида ишлай олган экан, ҳайрон қолади киши. Оддий одамнинг ақли бовар қилмайди. Фаолиятига ҳавас қиласизу унинг замирида ётган уйғоқлик, фидойилик ва очиқ кўнгиллиликка куч топиб берган талай фазилатлар унга табиатдан берилганига иймон келтирасиз, холос. Бўлмаса бошқа бир, ҳатто катта қаламкашни ҳам бу серқирралик парча-парча