Бир ярим ҳафта давомида кечаю кундуз Тянь-Шань трактида машиналарнинг гувиллаши тинмади. Хуллас, қанчалик оғир, қанчалик машаққатли бўлмасин, бизникилар хитойлик ишчиларнинг илтимосини белгиланган муддатда адо этишди, уларни уялтириб қўйишмади. Мен ҳам кўпчилик қатори ишладим. Буларни, энди ҳамма ишлар изига тушиб, орадан шунча йиллар ўтиб кетгандан кейингина айтяпман. Ўша қизғин кунларда эса мен эгарда ҳали мустаҳкам ўтира олмас ва ҳаёт отини ҳам унчалик бошқара олмасдим…
Довон ортида Алибек билан учрашганимиздан сўнг автобазага келганимда, кеч кириб қолган эди. Ётоқхонага қараб йўл олдим, аммо йўл-йўлакай марказий кўча томон бурилдим. Яна чойхонага. Ўша кунларда менинг ҳушдан кетгунча ичиб, ўлгудек маст бўлгим, лоақал бир лаҳза бўлса ҳам ҳамма-ҳаммасини унутиб, тошдек қотиб ухлагим келарди. Мен ўзимни зўрлаб бўлса ҳам жуда кўп ичдим, аммо ароқ менга деярли таъсир этмади. Мен чойхонадан баттар хафа бўлиб, ғазабим қайнаб чиқдим. Тун ярмида шаҳарчада дайдиб юрдим ва нима қилаётганимни ўйлаб-пўйлаб ўтирмасдан Береговая кўчасига, Хадичанинг уйига қараб қайрилдим. У ҳам мени кутиб ўтирган экан.
Кейин ҳам аҳвол ана шундай давом этаверди. Мен икки олов ўртасида қолгандим. Кундузлари ишда, автобазада қолган кечаларим эса дарров Хадичаникига югуриб қолардим. Оёғим уникига тортиб турарди, у билан ўзимни хотиржам ва эркинроқ ҳис қилардим. У ерда гўё ўзимдан, одамлардан ва ҳақиқатдан яширингандек бўлардим. Назаримда ёлғиз Хадичагина мени тушунадигандек ва севадигандек туюларди. Уйимга келганимда эса иложи борича тезроқ жўнаб қолишга ҳаракат қилардим. Асал, азиз Асалгинам! Агар у ўзининг оқкўнгиллилиги ва софдиллиги билан мени уйдан тобора узоқлаштираётганини билса эди. У шу фазилатлари билан мени тезроқ кетиш учун баҳона топишга мажбур қиларди, чунки унга муносиб эмаслигимни, мен учун у қилган барча нарсаларга ўзимнинг сазовор эмаслигимни кўра била туриб бу ерда ортиқ тура олмасдим. Мен уйга бир неча бор маст бўлиб келдим. Аммо у бирор марта ҳам таъна қилмасди. Ҳали-ҳалигача унинг менга нисбатан шундай муносабатда бўлганини тушуна олмайман: бўшлиги, иродасизлигиданми ёки аксинча, ўта бардошлилиги ва инсонга нисбатан ишончи туфайлими? Ҳа, у албатта менинг ўзимни қўлга олишимни, муваффақиятсизликлар устидан ғолиб келишимни ва яна аввалги ҳолимга қайтишимни кутар, бунга ишонар эди. Аммо ундан кўра мени койигани, бор ҳақиқатни виждонан айтиб беришга мажбур этгани яхшироқ эди. Эҳтимол, Асал менинг юрагимни ўртаб тирнаётган нарсалар фақат ишдаги кўнгилсизликларгина эмаслигини билганида, мендан жавоб талаб қилган бўлармиди?.. У шу кеча-кундузда менинг ҳаётимда нималар содир бўлаётганини тасаввур эта олмасди. Мен эса унга жуда ачинардим, юрак сирларимни очишни доим галга солардим. Натижада, шу тахлитда иш кўриб, унинг олдида, муҳаббатимиз олдида, оиламиз олдида бажаришим лозим бўлган бурчимни адо этишга улгура олмай қолдим.
Сўнгги марта учрашувимизда Асал мени қувонч билан, шавқ-завқ билан кутиб олди. Юзлари гулгун очилиб, кўзлари табассумдан порлар эди.