шу аҳволга тушган, деган мулоҳазадан чиқиб кетолмас, бу дард ўтиб кетишидан умидвор эди. Айни шу топда “Тез ёрдам” машинасида ҳайдовчилик қиладиган, оила дўсти бўлмиш йигитга унинг кўзи тушиб қолди. Йигит Нуриддин билан сўрашиб бўлгач:
– Район реаниматсия бўлимининг бошлиғи зўр дўхтир, шунақа беморлардан кўпини даволаган, – деб қолди. Бу гап сувга чўкаётган кимсага қутқарув тахтаси улоқтирилгандай унга нажот бахш этди.
– Укажон, ўшанга бориб келсак, сизга малол келмайдими?
Йигит иккиланиб ўтирмай ўз машинасини йўлга бошлади. Дам олиш куни бўлгани боис шифокорни уйидан, туман марказидаги шинам ҳовлисидан топдилар. У Нуриддинни яхши танир экан, фироқ-думоқсиз, самимий қабул қилди. Бемор аҳволини суриштирди.
– Инсульт бўлса, қийин экан, – дея у бош тебратди.
– Шояд қўлингиз енгил келиб, халоскор бўлсангиз, – илтижо, умидворлик билан у таниқли шифокорнинг лоқайд кўзларига мўлтираб қаради. Бунақа одамлар ҳақида мушук қуруққа офтобга чиқмайди, деб у кўп эшитган. Лекин ҳозир бу борада нима дейишга ҳайрон эди. Шундай эса-да, кўнглидагини сездириб қўйгиси келди. – Бир умр эсдан чиқармасдим. Хизматингизга доим тайёрман, ука.
– Нималар деяпсиз, ака? – деди шифокор хижолат аралаш. – Ахир бу-бурчимиз-ку! Ёрдамим тегса – шуни ўзи мукофот эмасми?..
Бу гапларни у юракдан чиқариб айтдию шоша-пиша ҳовлисига қайтиб кирди. Кўп ўтмай, ўзига зарур асбоблар, яна дори-дармонлар олганча, йўлга шай ҳолатда чиқди.
6. НАЖОТ ФАРИШТАСИ
Янги келган шифокорга Роҳила ҳам, ундан таъсирланиб, Ҳилола ҳам нажот фариштасидай қарадилар. Улардаги жонланиш Нуриддинга ҳам кўчди. Шифокордаги ҳар бир ҳаракат маъносини гўё унинг кўзларидан уқмоқчи бўларди. Чиндан ҳам кўпни кўрган тиббий ходим бор билимини, тажрибасини ишга солиб, астойдил ҳаракат қиларди. Жуда эҳтиёткорлик ила, эринмай у нафас йўлларини тўсган балғамларни бемор оғзидан олиб ташлади. Нафас олиш ва чиқариш бир мунча енгиллашиб, хишиллаш йўқолди. Қўшимча уколлар ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Қон босими тобора пасайиб бораётган эди, муолажалар оқибатида 40 дан 70 га кўтарилди. Тирноқларда ҳам сал-пал қизилликлар пайдо бўлди.
“Онажоним, соғайиб кетсангиз борми, бошимда кўтариб юрардим. Ҳеч кимга сизни ишонмасдим”, деган ўй Нуриддиннинг миясидан муттасил ўтиб турарди. Укаларию сингилларининг ҳам чеҳраларида ёруғлик, умид шуълалари кўрина бошлади.
– Акажон, сизга раҳмат… – дея аввал Роҳила, сўнг Ҳилола катта акасини қучоқлаб, қувончли кўзёш тўкдилар.
– Йў-йўқ, менга эмас… – Нуриддин довдираб, нажоткор томон ишора қилди. У шифокор эса ўзи мўлжаллаган ҳамма ишларни тугатиб, кетишга чоғланди, сумкасини кўтарди.
– Сизга қанақа миннатдорчилик билдиришга сўз тополмаяпман, укажон, – деб Нуриддин уни қучоқлаб, бағрига босди. – Сал бўшасам, ҳузурингизга бораман.
– Бизни ҳаётимиз, касбимиз ўзи шу, ҳеч хижолат чекманг. Мен бирор ортиқча иш қилганим йўқ, – деди у. – Агар хоҳласангиз, холани ўша ёққа, реаниматсия бўлимига олиб кетамиз.
– Қанийди