Ушбу эндорфинлар кайфиятингизда табиий “сармастлик”ни пайдо қилади. Ҳар қадай вазифани муваффақиятли бажарганингиздан сўнг содир бўлувчи эндорфин ажралиш жараёни, сизни янада ижобий, ишчан ва ўзига ишонган одамга айлантиради.
Ижобий майлларни шакллантиринг
Мана муваффақиятнинг яна бир энг муҳим сирларидан бири. Сиз эндорфинларга ва улар қўзғатадиган ўзингизга ишонч ва маҳоратга бўлган “ижобий майл”ни шакллантира оласиз. Ушбу “майл”ни шакллантирганингизда, беихтиёр ҳаётингизни шундай тартибга солишни бошлайсизки, муҳимроқ вазифалар ва лойиҳаларни йўлга қўйиб, уларни охирига етказишга ўрганасиз. Сиз аслида муваффақиятга ижобий маънода мубтало бўласиз.
Муҳим ишларга бел боғлаб, уларни якунига етказишга одатланиш, мазмунли ҳаёт кечириш, юксак мартабага эришиш ва ўзингизни яхши ҳис қилиш калитидир. Ўша паллада бу одат хулқингизнинг узвий бўлагига айланади, сиз учун муҳим вазифаларни бажармасликдан кўра бажариш осонроқ бўлиб қолади.
Енгилга ўрин йўқ
Нью-Йорк кўчаларидан бирида мусиқачини тўхтатиб, Карнеги Холл қаердалигини сўраган киши ҳақидаги ҳикояни эсланг. Мусиқачи шундай жавоб қайтарган эди: “Машқ қил, оғайни, машқ.”
Машқ қилиш ҳар қандай маҳоратни маромига етказиш калитидир. Зеро, онгингиз ҳам мисоли мушак. Фойдаланган сари мустаҳкамланиб, такомиллашиб бораверади. Машқ қилиш орқали керакли ҳар қандай кўникмани ривожлантиришингиз ёки исталган хулқ-атворни касб этишингиз мумкин.
Янги кўникмани шакллантиришда керакли уч хусусият
Диққат ва фикрни жамлаш кўникмасини такомиллаштириш учун уч асосий хусусиятга эга бўлишингиз керак. Уларнинг барчасини ўрганиш мумкин. Улар: қарор, интизом ва қатъиятдир.
Аввало, ишни ниҳоясига етказишга қарор қилинг ва буни одатга айлантиринг. Иккинчидан, ўрганмоқчи бўлган тамойилларингиз одат тусига кирмагунча уларни машқ қилиш интизомини шакллантиринг.
Учинчидан, бу одат шахсиятингизнинг ажралмас қисмига айлангунча қатъиятли бўлинг.
Қандай бўлишни хоҳласангиз ўзингизни шундай тасаввур қилинг
Ўзингиз хоҳлагандай самарали ва муваффақиятли инсонга айланишни тезлаштирадиган махсус услуб мавжуд. Бу ишчан, тезкор ва диққатли инсон бўлишнинг фойда ҳамда устунликлари ҳақида тинимсиз ўйлашдан иборат. Ўзингизни муҳим вазифаларни доимий, тез ва самарали бажарадиган одам деб ҳисобланг.
Ўзингиз ҳақингиздаги тасаввурингиз хулқ-атворингизга катта таъсир кўрсатади. Келажакда ким бўлишни хоҳласангиз, ўзингизни шундай тасаввур қилинг. Ўзингиз ҳақингиздаги тасаввурингиз кўп жиҳатдан ташқи оламдаги ҳаракатларингизни белгилаб беради. Ташқи ҳаётингиздаги барча ўзгаришлар руҳий оламингиздаги ички тасвирнинг яхшиланишидан бошланади.
Янги кўникма, одат ҳамда қобилиятни эгаллаш ва ривожлантириш учун сизда деярли чексиз имконият мавжуд. Такрорлаш ва машқ орқали ўзингизни тарбияласангиз, юмушларингизни ортга суришни бартараф