Тохир Хабилов

Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ)


Скачать книгу

кўра сал яхшироқ билса керак. Ўқиб чиқиб “Нормально” деди.

      – Унда Ўзбекистонникини тезда ёзиб чиқ, кечгача Раъно Ҳабибовнанинг столида бўлиши керак, – деди мудир русчалаб.

      Ходим “эплолмайман”, дейишга тили келмай, “улгурмайман”, деди.Шунда Вилор ака менга саволомуз тикилиб турди-да, бўш столни кўрсатди:

      – Ўтир, срочно готовь! – деб буюрди.

      Бутуниттифоқ низомига қараб, Ўзбекистонникини ёзиб чиқиш қийин эмасди. Чунки талаблар бир хил, фақат айрим атамаларни ўзбекчалаштириш лозим эди, холос. Масалан, “уличные, дворовые (жэк) команды”ни “кўча ва маҳалла командалари”, дейилса бас. “Республика ғолиблари Горький шаҳрида мусобақалашадилар”, деган банд ўрнига “Област ғолиблари Тошкент шаҳрида мусобақалашадилар” деб қўйилса кифоя. Шу тарзда Ўзбекистондаги “Чарм тўп” клубининг низомини ёзиб бердим. Чиройлироқ ёзишга уринган бўлсам-да, хатимга қараб бош чайқаб қўйди-да, “кетиб қолма, ҳовлига чиқиб чекиб тур”, деб буюрди. Ташқарига чиқишим билан чақиртирди:

      – Журналистмисан, машинкада печатат қила оласанми? Биттагина ўзбек машинистка бор, и то касалмиш. А время жмет, – деди.

      Ёза олишимни айтгач, қўшни хонага олиб чиқиб, бўш машинкани кўрсатди. Ишлари битгач, мамнунлик билан раҳмат айтди. Ишга қайтиб боргунимча Суроб акага қўнғироқ қилиб мени мақтабди. Марказқўм мудиридан раҳмат эшитиш газета муҳаррири учун қувонарли ҳол ҳисобланарди. Иккинчи мақтовни таҳририятда эшитдим: “Вилорга унча-мунча одам ёқмайди”, – деб таъкидлаб қўйдилар. Бу мақтов туфайли Марказқўмга тез-тез борадиган бўлдим. Кейинроқ билишимча, мудир жаноблари каминанинг мудирини бир иш юзасидан қаттиқ койиган экан. Республика мусобақаси бошланган кунлари турли йиғинларда ҳам Эркин ака негадир сал четроқда ўтирардилар. Вилор ака тез гапирарди, ишни ҳам тез бажарарди. Бирон жиддий масала юзага чиқиб қолса, уни ҳам тезлик билан ҳал қиларди. Шу жиҳатдан у билан ишлаш ёқимли эди.

      2011 йили Россияда “Чарм тўп” клуби ташкил қилинганлигининг 45 йиллигини нишонлашди. “Чарм тўп”нинг ватани Россия, деб шарафланди. Биздаги футбол мутасаддилар, айниқса, болалар спортига масъул жаноблар бу воқеага эътиборсиз қарадилар. Россияликларнинг “Чарм тўп”ни биз ўйлаб топганмиз, дейишларида асос йўқ. Тўғри, Бутуниттифоқ мусобақаси биринчи марта Горький (ҳозир Нижний Новгород деб аталади) шаҳрида ўтказилган. Лекин биринчи кўча, маҳалла командалари 1964 йили Тошкентда ташкил этилиб, ўзаро куч синашишган. Бу янгиликдан хабар топган олмаоталиклар ҳам шундай командалар тузишган. Оқибатда, Тошкент ва Олмаота кўча командалари 1965 йилда учрашишган. Бу хабар Москвага етиб боргач, “Чарм тўп” номида клуб ташкил этиб, унга машҳур футбол тренери Гавриил Качалин президент этиб тайинланган. Демак, “Чарм тўп”нинг тарихи “1966 йил, Москва”, деб эмас, “1964 йил, Тошкент” деб белгиланиши керак. Шунга кўра, бугун давом этаётган маҳалла футбол командаларининг мусобақаси тарихини ҳам 1964 йилдан бошлаш мақсадга мувофиқ. Бу тарихдан кўз юмиш мумкин эмас, чунки Владимир Фёдоров,