Тохир Хабилов

Ҳаёт қайиғи (3 китоб)


Скачать книгу

мудири Азиз Тўраевнинг бу масалада кунда қўнғироқ қилиб туриши ҳам табиий. Брежневни кутиб олиш тайёргарлиги “Иттифоқ миқёсидаги сиёсий иш” экани эса ҳақиқат эди. Мўлжални тўғри олган эканман, “осмондан” келишим котибага таъсир этди.

      – Кўриб турибсиз, сиз билан бирга боролмайман, битта машина тўғрилаб бераман, – деб соғлиқни сақлаш бўлимига қўнғироқ қилди.

      “Шийпонга “тез ёрдам” жўнатдингизми?” деган саволига “йўқ ҳали” деган жавобни эшитгач, овозини кўтариб, эркакчасига бир-икки “ширин” гап айтди-да, “Машина райкомга келсин, меҳмон бор, шийпонга ола кетади”, деб каминанинг мушкулини осон қилиб берди.

      Дала шийпони зилзила пайтидаги Тошкент қурилишини эслатарди. Йиллар давомида деҳқонларни чўл офтобидан асраган деворлари сувоқ кўрмаган пахса, томи қамиш чайла ўрнига ҳашаматли шийпон қурилаётган эди. “Большевик подшоҳ”га мактуб ёзиб, жавоб олган бригада бошлиғи нималар бўлаётганига ўзи ҳам ҳайрон. Танишиб, энди суҳбатни бошлайман деганимда ишбошилардан бири келиб, “Ҳожатхонани қайга ўрнатамиз?” деб сўраганида унинг аччиғи чиқди. “Ҳамма ёқ дала, хоҳлаган жойингга ўрнатавермайсанми?” –деб жеркиб ташлади. Катта юк машинасига ортилган, кичик уйча ҳажмидаги бетондан қуйилган тайёр ҳожатхонани қаерга ўрнатиш ҳам муаммо бўлиб қолди. Шошма-шошарлик билан чизилган лойиҳада унинг ўрни кўрсатилмаган экан.

      Бригадир билан суҳбатимиз бот-бот бўлиниб турди. Унинг бошқа деҳқонлардан фарқ қилувчи фазилатлари йўқ эди. Ҳозир офтоб тиғида ишлаётганлар каби у ҳам қишлоқда туғилиб, эгатларда улғайган. Пахтадан бошқа нарсани билмайди. Дам олиш нималиги тушига ҳам кирмаган. Қишда уч-тўрт улфати билан район марказидаги чойхонада ошхўрлик қилиб келиш унинг учун “курорт”. Мақолага асос бўлувчи “кашфиёт” ҳақида сўраганимда кулиб қўйди.

      – Буни мен ўйлаб топганим йўқ, ука. Деҳқон юқоридан қандай топшириқ берилса шуни бажаради. Дадам раҳматлига қайсидир йиллари “квадрат уялаб эк”, деб мажбур қилишувди. Менга “қўшқатор эк”, дейишди, экдим. Бу кашфиёт меники эмас, обком буванинг олимлик иши экан.

      Каминага ҳаммаси аён бўлди. Олтмишинчи йилларда қайсидир олимнинг илмий кашфиётини исбот қилиш учун чигит квадрат уялаб экилган. Яъни эгат 90х90 (ёки 60х60) сантиметр ҳажмда квадрат шаклда олинган. Ҳам узунасига, ҳам кўндалангига ишлов берилган. Бу усулга қарши чиққан раисми ё бригадирми қаттиқ танқид қилиниб, ишдан олинган. Пахтачиликдаги бу “янгилик”нинг афзаллиги ҳақида “Ўзбекфильм” бадиий фильм ҳам ишлаган. “Квадрат уялаб экиш” эллик йил аввал йўқ бўлиб кетди, бу фильмни эса телевидение мустақиллик йилларида ҳам бот-бот кўрсатиб турибди.

      Етмишинчи йилларнинг ўрталарига келиб, вилоят раҳбари эгатнинг ўртасига эмас, икки чеккасига чигит экишни ўйлаб топибди. Бу шунчаки таклиф ёки кашфиёт эмас, балки “обком бува”нинг илмий диссертацияси экан. Қарийб икки юз чақирим йўл атрофини тозаланиши, шийпон қурилиши ва шунга ўхшаш дабдабалар