Тохир Хабилов

Ҳаёт қайиғи (2 китоб)


Скачать книгу

Кейинроқ мулоҳаза қилсам, шоир бу сатрларга ҳам керакли маъноларни яширган экан. Биз ўйлагандек, коммунистик жамиятни мақтамаган, балки бу жамият кенгликларининг ортида иқболни кўряпти. Ўзбекистоннинг иқболи, келажаги – ҳурлик.

      Ўзбекистон мадҳиясини яратиш бўйича кўрик эълонқилиниб, Абдулла Орипов ғолиб топилганда мен “Ҳақиқат қарор топди. Мадҳия ёзиш учун шоирнинг маънавий ҳуқуқи бўлиши керак эди. Бундай ҳуқуқ Абдулла Ориповда мавжуд”, дегандим. Кўрик-танловда иштирок этган муҳтарам шоирларимиз каминадан ранжимасинлар, Абдулла Орипов бу мадҳияни етмишинчи йиллардаёқ ёзиб қўйган эди…

      Абдулла Ориповнинг 1965 йилда нашр этилган биринчи китоби “Митти юлдуз” деб аталганди. Эҳтимол, китобча ғоят кичик бўлгани учун шундай дейилгандир, балки ёш шоирни митти юлдузга ўхшатишгандир. Лекин ҳақиқат шуки, галактика бағридаги кўзимизга митти бўлиб кўринаётган юлдуз аслида Қуёшдан улканроқдир. Абдулла Орипов ижодига шу нуқтаи назардан баҳо бераман. Ўша йиллари шоирнинг янги шеъри биз – ёшлар учун бир кашфиёт эди. Ундан барча янги асар кутарди.

      Шукур Холмирзаев уч-тўрт йигитни ҳашарга таклиф қилдилар. Қайноналарининг уйи сомонбозор яқинида экан. Зилзилада шикастланган эски уйчани буздик. Абдулла Орипов келгунларига қадар Шукур ака биз билан бирга ишладилар. Кейин икки ижодкор ошнанинг суҳбати бошланди. Ишни якунлагач, бизни даврага таклиф қилишди. Шунда Абдулла ака олти ойдан бери шеър ёзмаётганларини эслатиб, бу кеч янги шеър туғилганини мамнунлик билан билдирдилар. “Абдуллажон, ўқинг, ўқиб беринг”, деб илтимос қилдилар Шукур ака. Абдулла ака айрим шоирлардан фарқли ўлароқ барча шеърларини ёддан билардилар. “Кейин ўқиб берарман”, деб галга солмай, жўшиб ўқий бошладилар. “Олти ойдир шеър ёзмайман” деган армонли сатрлар билан бошланган шеър бу ҳолатга дўсту душманнинг муносабати ҳақида эди. Шоирнинг шеър ёзолмаган куни энг оғир кун бўлишини ўшанда ҳис этганман.

      Чойхонанинг ичкари томонида ҳам ижодкорлар тўпланишарди. Уларнинг ёшлари сал каттароқ, қизиқишлари ҳам ўзгачароқ эди. Ичкари хона, таъбир жоиз бўлса, “шахмат клуби” эди. Озод Шарафиддинов, Мирзиёд Мирзоидов, Миад Ҳакимов, Эркин Воҳидовлар даврасига Мамажон Муҳиддинов ҳам қўшилиб турардилар. Вақти-вақти билан тоғам ҳам келардилар. Ёш бўлганим учун у томонга ўтишга журъат қила олмасдим.

      Махфий гап

      “Ленин учқуни”да ижодкор болалар учун адабий тўгарак очилган эди. Машғулотларни Раззоқ Абдурашид, Сафар Барноевлар олиб боришарди. Кейин Мурод Хидир, сўнг каминага ҳам бу масъулият юкланган. 1967 йил эди шекилли, ой ва кун ҳам ёдимда йўқ, бирга ишлайдиган Эрмат акамиз ранги оқарган, бармоқлари титраган ҳолда кириб келди. Ўша куни ишга барвақтроқ келган эканман. Шу сабаблимикин, Эрмат ака дардини менга айтди. Тўгаракка қатнайдиган ўқувчи қизни ижарадаги уйига олиб бориб, номусига тегиб қўйибди. Хабарни қўрқув аралаш айтгач, “Ўзи бокира эмас экан, бултур акаси номусига тегиб қўйган экан”, деб ўзини оқлай кетди. Кейин “Бу сирни бировга айтиб қўйманг”, деб