Сирожиддин Саййид

АСАРЛАР (I жилд)


Скачать книгу

мисол,

      Офтобда қорайган озғин болалар

      Унинг атрофида ўлтирар, тунда

      Шеробод чўлида, ёлғиз ўчоқда

      Аланга чайқалар, порлар, милтирар,

      Милтирар, милтирар…

      Ўчмагин, ёнгин!

      Ўчмангиз, оловлар, ўчманг, ёнингиз!

      Руҳни қамраб олсин осойишталик.

      Дил сизни олисдан кўриб қучоқлар.

      Менинг дардларимнинг ёниқ кўзлари –

      Ўчоқлар…

1980

      «Салласига қараб…»

      Салласига қараб,

      Миллатини айтишим мумкин.

      Соқолининг ҳурмати учун

      Ўтқазишим мумкин тўрга.

      Аммо номи нима эди бу юртнинг?

      Тарих, ажинларинг – ажриқларингнинг

      Юз минг илдизи бор юзингда.

      Юлқиб ташла ва менга айтгин

      Номи нима эди бу юртнинг?

      …Қўлларим ўтмишлар узра ташланган.

      Бармоқларим тўғонидан Жайҳун, Сайҳуннинг

      Тўлқинлари оқиб ўтар соч каби.

      Қўш дарё қўш кокил сингари

      Ёйилади, синиқ бир чеҳра

      Очилади – Мовароуннаҳр!

      Йўқотмагин бу номни, тарих.

      Йўқотмоқчи бўлсанг, менга бер,

      Дилимнинг тубинда асрайман уни

      Исми янглиғ Шарқ сулувининг.

      Қўлларим ўтмишлар узра ташланган.

      Дубулғалар янглиғ гумбазлар

      Қўлимга илашиб, узиладилар.

      Миноралар узра ривоятларнинг

      Мангу булутлари юрарлар сузиб,

      Фон Кауфманники эмасдир улар.

      Қўлларим ўтмишлар узра ташланган.

      Бир китоб излайди қўлларим –

      Чарм муқовали, ҳарфлари

      Ҳурлар қошидан ҳам нафис бир китоб.

      Аммо жавонларинг

      Тишсиз оғизлардек бўм-бўшдир, тарих!

1980

      НЕБИТТОҒ. ТУЯЛАР

      Сен бу туяларнинг олдида

      Нима айтоласан, Небиттоғ?

      Нималарни бўзлай оласан?

      Нефт билан бўялган сенинг кўзларинг,

      Уларнинг кўзида йўллар соғинчи.

      Билим ташиб ўтдилар улар,

      Сен билан мен кўролмайдиган,

      Сен билан мен ўқий олмаган

      Китобларни элтганлар улар.

      У карвонлар қани, Небиттоғ!

      Тарих ўз кўзларин ишқалар ҳануз,

      Замонлар қум сочган уларга.

      Балки туяларга ортилган бойлик

      Бойлик эмас асли, аждодларнинг у

      Хуржун-хуржун хатоларидир балки?

      Балки мен ўз ҳаётим билан

      Бобом гуноҳини юва оларман.

      Айблар кўмган бўлса номини

      Юрак билан артиб софларман.

      Халқлар армонининг садоси янглиғ

      Қўнғироқлар садоси келар.

      Нима айтоласан, Небиттоғ,

      Сен бу туяларнинг кўзига қараб?

      Музейда – ойналар остида

      Жим-жит ухлар мангу курашлар.

      Безовта кунлари инқилобларнинг

      Ойналар остида ухлар осуда.

      Уфқнинг лабига нон мисол

      Яқинлашиб боради қуёш,

      Шаҳар хомуш тортар шом оғушида.

      Ва атроф саҳродан яйдоқ-яланғоч,

      Хуржунсиз, оҳиста кела бошлайди,

      Оҳиста-оҳиста