* * Дардларини олдик, у шод бўлмади, Ғамларини олдик – нажот бўлмади. Қалблар вайронага айланди, аммо Бу дунё барибир обод бўлмади. Бир жом истаб ўтдик балки бир умр, Бир ном излаб ўтдик балки бир умр. Бу маълум, номаълум фалак остида Гумном бўлиб ўтдик балки бир умр. Гоҳ рақиб, гоҳида дўст, ўтиб кетдик, Гоҳ баланд, гоҳида паст ўтиб кетдик. Увлаб қолаверди имконларимиз, Бу узун йўлдан биз маст ўтиб кетдик. Сўзларга гоҳида заҳримиз бердик, Гоҳида сир ила сеҳримиз бердик. Сағир сингиллардай бошларин силаб, Бемеҳр тунларда меҳримиз бердик. Сўзларки, энг қадим дардлар нишони, Сўзларки, йиғлатар томирда қонни. Сўзларки, хасга ҳам жон ато этар, Сўзларки, иситар юпун дунёни. Дунёга келиб биз бир ёр сўрабмиз, Югуриб, йиқилиб, зор-зор сўрабмиз. Дунё ор-номуслар талоши экан, Бизлар беномусу беор сўрабмиз. Не ҳол бу? Сўрадик барча одамлар, Не ҳол бу? Қарадик барча одамлар. Ўтиб борар экан бир ит, ногаҳон Тўрт ёндан таладик барча одамлар. Осмонни тарк этгач ою қуёшлар, Бир сўз бўйним қучиб, кўзларин ёшлар, Бутун ҳаётимга ёйилар кейин Сочлар, сочлар, қоп-қора сочлар! Бу қандай бахт эди – майдан ҳам тахир? Бу не толеъ эди – гўё шум тақдир? Бу не саодатдир – кўзларида ғам, Бу не оғуш эди – совуйди бағир? Тунда шивирлагин аввал номимни, Сўнг эсла сўнган ул ғурур, шонимни. Сўнг обод уйингни кўтариб бошга Дод солгин ёд этиб хонумонимни. Қизлар, қўлда ўроқ, куйлаб ўтасиз, Дилда неларнидир ўйлаб ўтасиз, Олис адирларнинг буғдойзорида Менинг ҳаётимни сўйлаб ўтасиз. Сўқмоқлар узилди, узилди йўллар, Симлар узилдилар, узилди қўллар. Кўнгил узолмадим фақат мен сендан, Нурли иплар мисол тортилмиш йиллар. Сочинг ҳасратида ҳар ён йиғидир, Қошинг қай жаллоднинг хунхор тиғидир. Зулфинг остидаги пинҳон холинг ҳам Қайси бир ошиқнинг қорачиғидир. Кўнглимга йўл солган ул қошлар букун Қайси бир дилларнинг кўпригимикин? Йўлимга гул сочган ул сочлар букун Қайси бир уйларда супургимикин? Мен бир кун шубҳасиз такрор бўларман, Сокин ёдингизда бедор бўларман. Ҳорғин кўзингизда чақиндай чақнаб, Саҳро қалбингизда баҳор бўларман. Аввал шамол эдим беғам, беармон, Кейин майса бўлдим, сўнгра бўлдим дон. Фалак тегирмони янчди боримни, Бир сиқим тупроқман, бир тутам сомон. Дунёга келибсан – дилингда қайғу, Осмон