бош оғриғи юрагига кўчиб ўтди: у лабларини базўр очиб, фақат шу жумлани айта олди:
–Ўзинг асрагайсан, худойим…
Сўнг учаласи ҳам булутлар орасида сузиб бораётган ойга боқди. сўл қирғоқда, тепаликлар остида қадимий қабристоннинг қабр тошлари қорайиб кўринарди.
Ниҳоят, Темир ҳам тилга кирди.
–Ўзинг асрагайсан, худойим, – деди у ва юм-юм йиғлади.
Бу рутубатли, ёмғирли ва безовта ҳавода учаласи ҳам ёлғиз бир нарсадан бехабар эди. Ўнг қирғоқдаги тепаликлардан нарида ястаниб ётган қорли тоғларнинг энг тепасида, чўнг қояларнинг муз боғлаб ётган тошлари орасида бир коҳо бор эдики, кимгадир, қаердандир бу коҳонинг номи аён эди: Бобо Коҳо эди бу ғорнинг номи.
Мошунинг онаси, Зулфиқор отанинг ўртанча қизи Салотин ҳовлидан келаётган гангир-гунгур овозларни эшиттиб кўнглида “шукр” деб қўйди: чунки у анчадан бери Мошудан ташвишда эди, бундай ҳавода яратганнинг бир дайди ва бенаво бандасига – Темир тоторга ёш болани ишонганидан, бунинг устига, нариги қирўоққа жўнатганидан юраги нотинч эди. Аёл, Мошу кетгандан бери, деразадан ҳавлига, ҳовлидан ташқарига. дарвоза ортида қишлоқнинг сийрак чироқлари шуъласида бўзариб ётган лой-балчиқли йўлга қайта-қайта тикилган, баланд тоғлар томондан тўп-тўп бўлиб оқиб келаётган булутлар орасида сузиб юрган ой шуъласида қорайиб кўринаётган олис ўрмонларга такрор-такрор боққан ва ҳар сафар, кошки Темирнинг кайфи бўлмаса эди – илоё бу зорманда ароқни, винони чиқарганни ер ютсин – болани эсон-омон уйга қайтариб олиб келса эди, дея кўнглида неча бор худога, барча азиз-авлиёларга илтижо қилган эди. Мошу кетгандан кейин Салотин отасининг қистови билан чириган зинапоялардан пастга тушиб, товуқ катаги билан ёнма-ён, ҳавоси хийла оғир хонадан қадимий мис самоварни инқиллаб-синқиллаб иккинчи қаватга олиб чиқди, сўнгра яна пастга тушиб, селопдан олган қоғоз халталаридан бирини кўмирга тўлдириб чиқди ва ойнаванд айвонда чой қайнатди. Зулфиқор отанинг бир одати бор эди: уйига қай маҳал бирор кимса келиб қолса, аччиқ қилиб дамланган чой қуйиб бермасдан чиқариб юбормас эди. Келадиган киши ҳурматли одам, дўхтир ё фелъдшер бўлса-ку, айтмай қўя қолайлик.
–Шукр, келишди! – деди Салотин юзини дераза ойнасига босиб: рутубатли ҳаво шишани музга айлантириб қўйган эди. Ташқарига синчиков боқар экан, Мошу Маҳмуд ва Темир тоторнинг қорасини кўрди – учаласи ҳовлидаги тутнинг остида туриб олиб нималарнидир гаплашар эдилар.
–Ҳой, тентаклар, лақиллашиб ўтирадиган пайтми ҳозир! – Бир хаёли ойнани тақиллатмоқчи бўлди, аммо пастдагилар буни эшитмаслигини англаб, бу фикридан қайтди. Ортига қайтиб, кўрпани иягигача тортиб ётган, оғир-оғир нафас олаётган Зулфиқор отага тикилди: унинг юзлари сўлиб қолган, ёноқлари сарғайган киприклари пир-пир титрарди.
–Вой, уларга нима бўлди, нега чиқишмаяпти экан? – Салотин безовта бўла бошлади.
Зулфиқор ота кўзларини очиб:
– Келишдими? – деб сўради.
– Ҳа.
– Самовар нима бўлди?
– Нима бўларди, анчадан