ҲАМЗАТОВ РАСУЛ

МЕНИНГ ДОҒИСТОНИМ


Скачать книгу

билан омоч қулоғига ёпишгандай қўлимга қалам олиб, чала қолган достонимни ёзиб тугатиш учун ўтирдим.

      Менинг шеъриятим, сени қанча осмонларга қиёс қилмайин, сен менинг экинзоримсан, шудгор қилинган даламсан, энг машаққатли меҳнатимсан. Шундай бўлишига қарамай мен умуман насрда ижод қилмадим.

      Кунлардан бир куни менга хатжилд олиб келишди. Унда мен жуда қадрлайдиган журналнинг муҳаррири ёзган мактуб бор экан. Қолаверса, муҳаррир ҳам мактубини «Қадрли Расул…» дея бошлабди. Хуллас, ўзаро ҳурматимиз жойида.

      Мактуб тахламини очар эканман, уни тоғликлар уй олдидаги кегарасига қуритиш учун ёзиб қўядиган ҳўкиз терисига ўхшатдим. Қуриган ҳўкиз терисини уйга олиб кириш учун тўрт буклам қилинганда қандай шиқирласа, мактубни очаётганимда шундай шиқирлади. Фақат ундан бурунни ачитувчи тери ҳиди келмади. Умуман, мактубдан ҳеч қандай ҳид таралмади.

      Дарвоқе, муҳаррир мактубида шундай ёзибди: «Бизнинг таҳририятимиз журналнинг яқин сонларидан бирида Доғистоннинг бугунги куни, илғор тажрибалари ва эришган муваффақиятларига бағишланган материал беришни режалаштирди. Майли, у оддий меҳнаткашларнинг кундалик ташвишлари, меҳнат қаҳрамонликлари ёки орзу-ниятлари тўғрисида ҳикоя бўлсин. Майли, бу ҳикоя сенинг тоғли ўлканг ва унинг асрлардан ўтган анъаналари, ажойиб «бугуни», порлоқ «эртаси» ҳақида бўлсин. Таҳририят аъзолари фикрича, бу материални бошқалардан кўра сен яхшироқ ёзасан. Қайси жанрда ёзиш сенинг ихтиёрингда: ҳикоями, мақолами, очеркми, лавҳаларми, ўзинг биласан. Ҳажми – машинкада ёзилган қоғозда 9–10 бет. Муддати 20–25 кун. Сенга ишонамиз ва олдиндан миннатдорлик билдирамиз».

      Қачонлардир тоғликлар қизларини турмушга беришаётганда уларнинг розилигини сўрашмаган, фақат хатда ёзилгандай қабул қилган қарорлари тўғрисида айтишган. Ҳатто ўша вақтларда ҳам тоғликлар ўғлининг розилигини олмасдан уйлантиришмаган. Гидатли овулидаги бир кишигина ўғлининг розилигисиз бунга жазм этган, холос. Ишқилиб, журналнинг ҳурматли муҳаррири бизнинг Гидатли овулидан эмасмикан? Улар менинг номимдан қарор чиқариб бўлишибди… Лекин мен 25 кунлик муддатда Доғистон тўғрисида 10 бетлик материал ёзишга қарор қила оламанми?

      Юрагимга тошдай ботган бу мактубни четроққа суриб қўйдим. Бир муддат ўтгандан кейин телефоним бетўхтов қаттиқ жиринглади, худди бу телефон эмас, ҳозиргина тухум қўйган товуқ. Албатта, бу журнал таҳририятидан қилинган қўнғироқ эди.

      – Салом Расул! Бизнинг мактубимизни олдингми?

      – Олдим.

      – Материал қани?

      – Банд эдим… Ишлар кўпайиб кетди… Ҳеч вақтим бўлмади.

      – Нималар деяпсан, Расул. Бу гапларингни қўйиб тур. Журналимизнинг адади миллиондан зиёд. Хорижликлар ҳам ўқишади. Агар сен жуда банд бўлсанг, майли, биз сенга ёрдамчи жўнатамиз. Сен унга бир-иккита ғоя ва маълумотлар айтасан, қолганини ўзи қотиради. Кейин ўқиб чиқиб хатоларини тузатасан ва исм-фамилиянгни қўясан. Бизга сенинг номинг керак.

      – Ким келаман деган меҳмонни кутиб олмайман деса, тили танглайига ёпишсин. Ким келган меҳмонни ёқинқирамай, пешанаси тиришиб кутиб олса, майли унинг уйида