киши ким? – деб хотиндан сўради.
Хотин:
– Мени бу киши ўғирлаб келган! – деди.
Подшозода унга:
– Эй раъно, мен сенга ошиқ бўлдим, агар рози бўлсанг, сени шаҳарга олиб борай! – деди.
Хотин унга:
– Аввал буни ўлдир, сўнг мени олиб кет, бу ёмон ва айёр кишидир! – деди.
Подшозода:
– Мендан оломайди! – деб уни олиб кетаверди.
Баногоҳ ҳалиги киши уйғониб, хотинининг кетаётганини кўрди. Оҳ уриб югурди ва бир баландликка чиқиб қараса, бир неча отлиқ кетиб боряпти. Уларга яқинлашиб: “Тўхтатинглар! – деди. Улар тўхтаганда ҳалиги киши: “Менинг хотинимни қаёққа олиб кетяпсизлар? Худойи таолодан қўрқмайсизларми?" деди.
Хотин:
– Мен сизларга бу айёр ва таррор1 (ўғри, юлгич) деб айтмаганмидим? Сизлар эса ишонмадингизлар, – деди уларга.
Подшозода:
– Отнинг қуйруғига боғлаб, шаҳарга элтинглар! – деб буюрди. Ўзи келиб, воқеани подшога тушунтирди. Подшо:
– Эр билан хотинни келтиринглар! –деди.
Дарҳол олиб келдилар, подшо эркакдан:
– Бу хотин сенга ким бўлади! – деди киши.
Хотин эса:
– Бу киши мени ўғирлаб қочган! – деди.
Подшо:
– Сен хотиним дейсан, хотин сени ўғри дейди! – деб таажжубда қолди.
Ҳалиги киши:
– Эй подшо, мени танийдиган гувоҳларим бор! – деди.
Подшо:
– Гувоҳинг ким? – деб сўради.
– Ҳазрати Исо пайғамбар! –деди у.
Подшо:
– Бўлмаса уни олиб кел! – деб буюрди. Киши йўлга тушди.
Шунда хотин:
– Эй подшоҳ, бундай айёру таррор жаҳонда бўлмас, сизлар унинг сўзига ишониб, рост хаёл қилдингиз, у қайтиб келмайди, ҳийла найранглар билан ўзини озод қилди! – деди.
Подшо дарҳол бир неча кишини унинг орқасидан юборди. Бу фақир киши пора йўл юргач, кўнглига: “Исо пайғамбар кўпинча биёбонда юрар эди, уни қандай топаман?” деган хаёл келди. Бир ерда ётиб, уйқуга кетди ва туш кўрди. Тушида Исо алайҳис салом : “Эй фақир, кўп ғамгин бўлма, тонгда келаман”, – деди. У ҳали уйқуда экан, подшоҳ юборган одамлар етиб келишди ва унга “ Яхшиям уйқуда экансан, Исо алайҳис салом қани? Тур ўрнингдан, олдимизга туш, подшоҳ сени чақирмоқда!” дейишди.
Бечора подшонинг олдига борди. Подшо ундан:
– Исо қани? – деб сўради.
Дарвиш:
– Мен сизнинг олдингизга кетаётиб, кўп фикр қилдим, музтар бўлиб, Исо алайҳис саломни қаердан топаман деб, ётиб ухлаб қолибман. Туш кўрдим, тушимда Исо алайҳис салом хабар бердилар: “Тур қайтиб бор, эртага у ерда ҳозир бўламан”, – дедилар. Ҳали уйқудан уйғонмаган эдимки, ногоҳ булар келиб, тутиб олдилар! – деди.
Подшо вазирга боқди, вазир:
– Бир кеча сабр қилмоқ керак! – деди.
Бу фақирга бир кеча муҳлат бердилар. Агар унинг сўзи ёлғон бўлса, хоҳлаган жазоларини бермоқчи бўлдилар.
Эртасига биёбонда бир нур пайдо бўлди. Қарасалар, Исо алайҳис салом тўлин ойдек тулуъ1 (1чиқмоқ,