Абэ Кобо

Қумдаги хотин


Скачать книгу

эди, аёл эса ҳали ёш, ўттизларга борган, ўрта бўйли, ёқимтойгина жувон экан. Хотин упа қўйса керак, унинг юзи денгиз бўйида яшайдиган аёлларнинг юзларига нисбатан оқ эди. Умуман хушнудлик билан, самимий кутиб олгани учун хотиндан миннатдор эди.

      Шуниси ҳам борки, агар хушнудлик билан кутиб олмаса, у ўлақолса ҳам бу кулбанинг остонасидан ичкарига ҳатлаб кирмасди. Мени лақиллатишяпти, деб ўйлаб, дарров қочиб қолиши ҳам мумкин эди. Деворларидаги сувоқлари кўчиб кетган, фусума1 ўрнига бўйра тутилган; томга тираб қўйилган устунлар қийшайиб қолган; ҳамма деразалар тахтакачлаб ташланган; ерга тўшалган похол бўйралар тўкилай-тўкилай деб турибди, оёғинг тегиши билан худди ҳўл нарсани босгандагидек товуш чиқади. Устига-устак қотиб қолган қумнинг бадбўй ҳиди анқийди.

      Лекин ҳамма нарса ҳам кайфиятга боғлиқ. У хотиннинг сермулозаматлигига маҳлиё бўлиб қолди. Майли, бу,      нақа нарса кишининг умрида бир марта юз беради, дерди у ўзича. Омади келиб биронта қизиқ ҳашаротни учратиб қолар. Ҳар қалай, бундай муҳитда ҳашаротлар ўйнаб-ўйнаб кун кўради.

      Тахминлари тўғри чиқди. Хотиннинг таклифи билан ер ўчоқнинг олдига энди ўтирган ҳам эдики, атрофида худди ёмғир томчилаётгандек сас эшитилди. Бу ғужғон ўйнаётган бургалар эди. Бунақа нарсалардан у қўрқмайди. Энтомолог бундай кутилмаган ҳодисаларга нисбатан ҳамиша шай туради. Фақат кийимнинг ичига ДДТ сепиш, ётишдан олдин баданга ҳам ҳашаротларга қарши мой суртиш керак.

      – Мен овқат пишириб келаман, шунинг учун ҳозирча…– хотин энгашиб чироқни олди,– бир оз қоронғида сабр қилиб ўтира турасиз-да.

      – Хўш, чироғинг биттами?

      – Ҳа, афсуски…

      Хотин гуноҳкорона жилмайди, чап юзида кулгич пайдо бўлди. Агар кўзига эътибор берилмаса, юзи жуда кўхлик экан, деб ўйлади эркак. Балки бундай боқиши кўзларининг оғриғидандир. Яллиғлаган мижжаларини ҳатто упа ҳам яширолмабди. Ётар олдида кўзига дори томизиб қўйишни унутмасин…

      – Аммо мен, овқатдан олдин чўмилиб олсам, деган эдим.

      – Чўмилиб олсам дейсизми?..

      – Нима, бунинг иложи йўқми?

      – Афсус, индингача кутишга тўғри келади.

      – Индингача? Ахир индингача бу ерда турмайманку, – беихтиёр шарақлаб кулиб юборди эркак.

      – Наҳотки?..

      Хотин ўгирилиб олди, унинг елкалари уча бошлади. Хафа бўлди шекилли. Бу қишлоқилар орият учун ҳам сирларини яширмайдилар. Эркак ўнғайсизланиб, лабларини қимтиди.

      – Хўш, чўмиладиган жой бўлмаса, устимдан бир сув қуйиб олсам ҳам бўлади. Бўлмаса, ҳамма ёғим қум…

      – Сув, кечирасиз-да энди, бир челаккина қолган. Бу ердан қудуқ жуда узоқ…

      Хотиннинг важоҳати қандай ҳазин. Майли, энди индамайди. Тез кунда бу ерда чўмилишдан ҳеч қандай маъно йўқлигига қаноат ҳосил қилса керак ўзи ҳам.

      Хотин унга қайнатилган балиқ билан моллюскалардан пиширилган шўрва олиб келди. Умуман, денгиз соҳилининг овқати, унча чакки эмас. Овқат ейишга киришиши билан хотин каттакон қоғоз соявон очиб, боши устида ушлаб турди.

      – Бунинг нима кераги бор?