Атторнинг ҳикоя тарзи билан Мавлононинг ҳикоя усули орасида муҳим фарқ ҳам кўзга ташланади. Аттор яратган ҳикоялар асосан кичик ҳажмли, улар орасида икки, уч байтлиси ҳам бор. У ҳикоядан ҳикояга ўтмайди. «Маорифи илоҳийя» дейилган фиқҳ, ҳадис, калом сингари мавзулардан баҳс очмайди.
Аттор фақри фано шоири. Борлиқ, мавжудлик сир-асрорини у йўқликдан, фаноликдан ахтаради, фоний нарсаларга кўнгил қўймаслик, башарий ўзликдан кечиш ва илоҳий ирода соҳиби бўлиш завқидан гапиради. Оллоҳни ахтариш, маъшуқи азал висолига восил бўлиш ғояси Атторнинг «Мухторнома, «Илоҳийнома» каби асарларида ҳам ёритилган бўлса-да, шоир уни «Мантиқ ут-тайр» достонида энг гўзал шаклда тасвирлашга эришгандир.
Машҳур тасаввуфшунос Абу Аъло Афифийнинг ёзишича, «Мантиқ ут-тайр»даги қушлар инсон нафсларидир. Симурғ эса Ҳақ Таоло эрур. Водийлар, сўфий йўлидаги мақомлардир. Достондаги қушлар на кўз ила кўрилур, на қўл била тутилур… Уларнинг йўлчилиги маънавий водийлардаги бутунлай маънавий йўлчиликдир. Бу сайру саёҳат асносида, нафснинг ғаройибликлари, ҳоллар ва улардаги қоронғулик, нур, дунё ишларига боғланиш, «энг муқаддас илоҳий Ёр» ишқига таслим бўлиш каби ҳолатлар мушоҳада этилур».
Дарҳақиқат, Аттор достонидаги бош мақсад, энг аввало нафсни таниш, нафсга қарши курашиш ва уни поклаш йўли билан Ҳаққа етишишдир. Бир гуруҳ олимларнинг эътирофларига кўра шайтон ва малакнинг инсонга таъсири, нафс ва руҳнинг ҳаракатидан пайдо бўлади. Нафс ҳаракатга тушиши билан, унинг асл жавҳаридан бир зулмат юзага келади. Бу қоронғулик қалбда ёмонликка чорловчи бир йўл ахтаради. Ана шунда шайтон қалбга кўз тикади ва уни ишғол айлашга киришади. Ва нафс жаҳолат, ғафлат, ҳавову ҳавасга таслим бўлади. Руҳ ҳаракат бошласа-чи? Унда руҳнинг сифатига уйғун порлоқ бир нур туғилади ва инсон маънавий ҳаёт завқига етишиб, олий ва улвий мақсадлардан чекинмай яшиш машаққатларини енгиб ўта олади. Қушлар тимсолида Аттор буни ниҳоятда ёрқин ва таъсирли манзараларда тасвирлаб бергандир.
Масалан, талаб водийсини олайлик. У зуҳд, норасо ва бераҳм дунёдан йироқлашиш ва бунинг асосий шарти бўлган «нафс ила мужоҳада» водийси ҳисобланади. Бу водийга тегишли фикр-мулоҳаза ва рамзий ифодаларда гўёки покланиш «методи» талқин қилинган.
Ишқ водийси эса, маъшуқи азал нурининг шуълалари таъсир ўтказгандан сўнг нафснинг Унингла бирлашиши учун кучли иштиёқ сезиш, ўзидан воз кечиш мақомини акс эттиради. Аслида ҳақиқий ошиқ ҳаёти ҳам худди шундан бошланади ва бу кашф босқичларнинг дастлабкисидир. Зеро, Шарқ мутасаввифлари, жумладан, Атторнинг ишонч-эътиқоди бўйича, инсон руҳи Оллоҳдан таралган бир нур. Бу нур «зоҳирий оламда» рангдан рангга, шаклдан шаклга, жисмдан жисмга ўтиб «комил»ларнинг вужудида тўла мукаммаллик топгандан кейин яна Оллоҳга қайтажак. Тоқ ва Мутлақ борлиққа сингиб – бирлашиб кетиш ошиқни ҳеч тасаввур қилиб бўлмас завққа толдиради. Лекин бундай саодат камдан-кам кишиларга насиб айлайди. Чунки илоҳий йўлни ўргатиш ва кўрсатишга