овқатга нафақат Жанет келмади. Дэвид ҳам Эллага хабар юбориб, шошилинч иши чиқиб қолганини айтди. Қанақа шошилинч ишлигини эса айтмади.
Тушунтириш унинг одатида йўқ эди. У бошқа аёллар билан ўйнашиши, бирга бўлиши ҳам мумкин эди ва лекин кечқуран, албатта, қайтар ва уйда овқатланарди. Ораларидаги жанжал қанча чуқур бўлмасин, Элла ҳамиша кечки овқатни тайёрлар ва Дэвид уни хурсандчилик ва миннатдорлик билан ер, ликопчасига нима солиб берса, ҳаммасини еб қўярди. У ҳеч қачон раҳмат дейишни эсидан чиқармас эди ва бу чин юракдан айтилган миннатдорликни Элла хиёнат учун узр сифатида қабул қилар эди. Ва уни кечирарди. Ҳамиша кечирарди.
Бу сафар эри чегарадан чиқди, лекин бунинг учун Элла ўзини койиди. Ҳар доимгидек, «айбдор» Элла Рубинштейннинг иккинчи исми эди.
Эгизаклари билан столга ўтиргач, ундаги айбдорлик ҳиссининг ўрнини ғамгинлик эгаллади. Ташқаридан қараганда Элла доимгидай ғамхўр она бўлиб кўринаётган эса-да, лекин ичида туғён ураётган танглик тўлқинини ҳис этаётган, оғзига эса бирдан сафронинг аччиқ таъми келган эди.
Кечки овқатдан кейин у ошхонадаги стол ёнида бошланган жимжитлик ичидаги қандайдир оғирликни ҳис этган ҳолда яна узоқ ўтирди. Шунда унга бирдан
ҳамиша ўзи тайёрлайдиган овқатлар ва умуман бутун бажарадиган уй юмушлари мияни ўтмаслаштирадиган даражада зерикарли бўлиб кўринди. Элла ўзига ачиниб кетди. У ўз умрини тўғри сарфлай олмаганидан ўзига ачиниб кетди, ахир у аллақачон қирқ ёшга кирган эди.
Юраги меҳр-муҳаббатга тўла эди, лекин бу кимга керак?
Элла фикран «Ширин шаккоклик» ка қайтди, Шамс Табризийнинг характери уни ҳайратга солган эди.
«Шундай бир инсонга рўпара келсам яхши бўлармиди, – фикран ҳазил қилди у.
– Бундай инсон билан бир кун ҳам зерикиш бўлмас эди!»
Шу дам Элла хаёлан ўз рўпарасида баланд бўйли, чарм шим кийган, мотоциклистлар курткасида, қора сочлари елкасигача тушган, юз ифодалари жиддий сирли эркакни кўрди; у рулида қизил шокила осилган қизил рангли «харли-дэвидсон» (маркали) мотоциклда эди. Элла унга табассум қилди. Келишган норғул сўфий чўл йўли бўйлаб мотоциклида тез юрарди. Шундай йигит билан автостопда саёҳат қилиш ёмон бўлмас эди!
Қизиқ, Шамс унинг кафтини ўқий олган бўлармиди? Балки у Элланинг хаёллари нима учун вақти-вақти билан бунчалар қоронғулашиб кетишини тушунтириб бера олармиди? Ёки шундай катта ва меҳр-муҳаббатли оиласи бўла туриб ҳам, у нима учун ўзини бунчалар ёлғиз ҳис этишини тушунтира олар? Ва менинг аурамнинг ранги қандайлигини айтар? Бу ранглар қанчалар ёрқин? Ва умуман кейинги пайтлар ҳаётимда бирон ярақлаган (нурли) нарса бўлдими ўзи? Ёки кейингидан бошқа даврда-чи?..
Айни ўшанда, ошхонадаги стол ёнида ўтирганида, Элла ўзи айтган баландпарвоз гапларига, ўзини руҳан тетик тутишга уринишларига қарамасдан, қалбининг энг теран ерида ҳамон севги орзуси борлигини англаган эди.
Шамс
1242 йил, март, Самарқандга яқин шаҳарчадаги карвонсарой.
Карвонсаройнинг юқори қаватида ўндан ортиқ чарчаган йўловчилар уйқуга ғарқ бўлиб ётишипти.
Мен