Хуршид Дўстмуҳаммад

Юз йиллик қотиллик қиссаси


Скачать книгу

билан акасининг тезлашларига жиддий эътибор бермаётган Темур гапни чўзмади:

      – Мана шу топшириқни бажарсам, юзим ёруғ бўлса, кейин уйланаман, – деди, гапни чўрт кесиб.

      Азиз пиқирлаб кулди.

      – Юз йилда бирортаси тагига етолмаган убийствани аниқлашингга ишоняпсанми?

      – Бошлаганимда иккиланган эдим, ҳозир ишона бошладим. Ишларим беҳуда эмас, қизиқиб кетяпман, ака.

      Акаси жиддий тортди:

      – Адам кўп айтгандилар – очилмайдиган жиноят йўқ, деганлар. Зора, шуни эпласанг.

      Темурнинг ўй-хаёлини эгаллаганди шуғулланаётган иши. Ётса ҳам, турса ҳам, акаси айтмоқчи, эплаш-уддалаш дардига айланди, унинг. Ҳар бир топган маълумоти ушбу нияти йўлида мушкулини осонлаштиришига ишончи ортиб бораётганди.

      – 8 –

      “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси таҳририяти жойлашган етти қаватли, узун бинога етиб борганида соат кечки бешдан ошган, иш вақти охирлаганидан, бинодан битта-яримта эркак-аёл ходимлар чиқиб кетишаётган эди.

      Учинчи қаватдаги керакли хонани топиб борди, телефонда овози паст ва ингичка эшитилган йигит айтди – устоз Саъдий кечроқ келадилар, ҳамма нарсани у кишидан сўраб оласиз, деди.

      Темур кутди, тоқат қилиб кутди.

      – Қандай шамол учирди сизни бу ёқларга? – деб кўзойнаги тепасидан мўралаб, гапни терговнамо сўроқ қилишдан бошлади, Саъдий устоз.

      – Поён Равшанов деган одамни сиз яхши билар экансиз…

      – Поён Равшановга қизиқиб қолдингизми ёки Беҳбудийгами? Аввал шуни аниқлаштириб олайлик-да. Талабамисиз? Қаерда ўқийсиз? Ҳозирги талабалар Беҳбудийга қизиқадиларми? Янгилик-ку бул?

      Саъдий устознинг кинояомуз гапириши, дам-бадам ўнг кифтини учириб қўйиши ғалати туюлса-да, ҳарқалай, унинг пичинглари ўринсиз эмасди. Темурнинг ўзидан қиёс, тўрт йиллик талабалик кезларида Беҳбудийга қизиқиш у ёқда турсин, бундай одам бор-йўқлиги ҳақида ҳеч вақо эшитмаган, на бирорта талаба, на бирорта домла бундан гап очган. Поён Равшановни-ку, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” деган газетани-ку… газетанинг номи қисқароқ бўлгучи эди…

      У ўзига синовчан боқиб турган торгина хона соҳибига қаради. Саъдий устоз сочи ёнбошлатиб силлиқ таралган, анчагина уринган кўзойнагини тинимсиз дам қўлига олиб-дам кўзига тақавериши қараб турган одамнинг кулгисини қистатар, жиғига тегар, бунга беэътибор устоз “чирт” этиб тупламоқчидек, юпқа лабларини қимтиб-қимтиб жуфтлар, булар етмагандай, дам-бадам елкасини учириб-учириб қўярди. Темур икки-уч сонияда хона соҳибини бир кўз югуртиришда тўла ўрганиб, “ўзлаштириб” улгурди.

      – Сиз ўқиган мақола газетада чиққан кезлари бирдан Беҳбудийчилар жонланиб қолди-ку! – Арз-ҳол қилаётган оҳангда деди Саъдий устоз. – Билган ҳам, билмаган ҳам қўнғироқ қилди, ёзди, ёпирилди. Сизга ўхшаш талаба бачалар ҳам келди. Хурсанд бўлдим. Ўзи бизда одат шундай – бир янги гап қўзғалса, ёв қувгандай ёпирилиш одатимиз бор, қочгани жой тополмай қоласан, одам, бир унутса, фонус ёқиб, дурустроқ