ҳам бўларди.
– Кечгача кутишга вақт йўқ. Нозимни сенга таништириб ўтирмайман. Уни биласан. Илгари кўришгансизлар. У ҳам сени табрикламоқчи.
– Қутлуғ бўлсин, – деди Нозим.
– Раҳмат.
– Нозимнинг онаси, опаси ва поччаси ҳам кўчиб келишган. Уларни ишга жойлаштириш керак, – деди Амалия. – Онаси у ёқда Нозим билан бозорда савдо қилишган. Поччаси ҳам бозорда ишлаган, тажрибаси бор. Шунга… уларни шу бозорга жойлаш керак.
– Ҳм, – деди Якубовский сал энсаси қотиб. – Жойлаш керак бўлса, жойла… агар бу сенинг қўлингдан келса.
– Дадажон, нега энсанг қотади. Сен директор бўлганингдан кейин нега энди менинг қўлимдан келмас экан? Жойлайман-да. Нима, биттаю битта қизингнинг яқин одамига иш топилмайдими?
– Ҳали сен… шунчалик яқин бўлиб кетдингларми? Тўй қилмасдан, турмуш қурмасдан-а?
– Кечирасиз, – деди гапга аралашиб Нозим, – бизнинг ниятимиз жиддий. Шунинг учун оиламизни ҳам кўчириб келдим. Шу ерда яшаб, илдиз ёймоқчимиз.
– Ҳм-м, ундай бўлса яхши. Аммо-лекин сени огоҳлантириб қўяй йигит. Қизимнинг феъли… У эрка ўсган. Тантиқроқ. Сени тўйдириб юбориши мумкин. Хафа қиладиган бўлсанг, соғ қўймайман. Чидайсанми?
– Чидайман, – деди Нозим ўйлаб ҳам ўтирмасдан. – Уни қаттиқ яхши кўраман.
– У-чи, у ҳам сени яхши кўрармикан? – деб сўради Якубовский қизига қараб. – Ё бу гал ҳам…
– Дада-а, майда гап бўлмасанг-чи, – деди Амалия ўпкалаган оҳангда.
– Бўпти, – деди Якубовский Нозимга қараб. – Эртадан эътиборан сеникиларга бозордан битта жой беришади. Аммо… ўзинг нима иш қилмоқчисан? Ўзинг ҳам бозорда ўтирмассан ҳар ҳолда?
– Онам ўтиради. Шунинг учун бизга… иккита жой керак. Ахир опамнинг оиласи бошқа…
– Онасига бошқа жой бериш керак, – деди Амалия гапга аралашиб, қатъий оҳангда. – “Зим”га эса (у Нозимни шунақа деб чақиради), бозордан бирор иш топилар? Чекчилик, омборчилик?
– Бўпти, ўйлашиб кўрармиз. Ҳозирча битта жойда бошлаб туринглар, – деди Якубовский. У қизининг бу қадар жон куйдираётганига қараб: “Бу сафар чиндан нияти жиддийга ўхшайди, зора шу йигит билан турмуш қуриб, бироз босилса. Лекин бу йигит Амалиянинг олдинги “саргузашт”ларидан хабардормикан?” – деб ўйлади. Икки-учтаси билан ишқибозлик қилиб юриб, биттасининг ўлимига, иккинчисининг қамалишига сабаб бўлганини билармикан? Дарвоқе, бу йигитнинг ўзи ким? Таги қанақа, орқаси тозами? Бир гал Амалия: “Зим етим ўсган, унга ўзинг оталик қилсанг, садоқатли қул бўлиб хизмат қилади”, деганди. Эҳтимол, бу шумтака қизга ҳам бу йигит эрликдан кўра… беминнат дастёр сифатида кўпроқ керакдир? Нима бўлгандаям, уни қўлдан чиқармаган маъқул. Яхши бўлса ўзига фойда. Аксинча бўлса, чиқитга чиқиб кетаверади.
– Н. шаҳридан бўлсанг… “Қур эксим” фирмасини биларсан? – деб сўради Якубовский Нозимга синчиклаб тикиларкан.
– Йўқ, ҳеч ишим тушмаган, – деди Нозим.
– Ҳмм, майли, унда яна ҳам яхши…
Ана шу суҳбатдан икки ҳафта ўтгач, Нозим “Яшил бозор”нинг