Уткир Хошимов

Тушда кечган умрлар


Скачать книгу

калла ташлади. Сув совуқ эди. Шўнғиб чиқиб, оқимга қарши суза бошлади. Ҳов анави мажнунтолга етмагунча қўймайди! Сузишга уста эди. Қизиқ, уввало уринадики, қани ақалли бир қулоч сурилса! Илгари оқимга қарши ҳеч сузмаган экан. Қанақа анҳор ўзи бу лаънати? Юзаси қилт этмайди. Ҳовузга ўхшаб жимирлаб турибди-ю, таги шиддат билан оқади. У олдинга интилади, сув орқага тортади! Оёққўлини тапиллатиб жон-жаҳди билан сузаверади. Етади! Мажнунтолга етмагунча қўймайди. Охири ҳансираб кетди. Бир маҳал қараса, анҳор соҳилида болалар қалдирғочдек тизилиб ўтирибди. Қорни, тиззаси тупроққа беланган.

      – Ҳа-а, Комиссар! Қани, бир ғайрат қил-чи, кўрамиз сувга тескари сузиш қакақа бўларкан? Бунинг отини Қонқус деб қўйибди, ўв!

      Соат Тўлаганнинг овозини таниди. Шу гапинг учун ҳам сузади, ўлиб қолгунча сузаверади!

      Бўлмади… Ҳолдан тойди. Қараса, оқим орқага – ўрамага суриб кетяпти. Қўрқув ичида қирғоққа талпинди. Қамишларни чангаллаб сирпана-сирпана юқори чиқиб олди. Ҳансираб нафас олар, оёқ-қўли титрарди. Соҳилга чиқиши билан болалар бараварига қийқириб кулишди. «Душман! Ҳаммаси душман! Илоннинг боласи – илон, чаённинг боласи – чаён!..»

      – Соат дафъатан хаёлига келган гапдан кўнглида алам ва айни пайтда алланечук енгиллик туйди. Офтобнинг бинафшаранг ҳалқачаларидан қамашган кўзларини юмиб, узоқ ётди. Бир маҳал қараса, кўйлаги осиғлиқ ўрик шохида сап-сариқ мевалар ялтираб турибди. Пастда эмас, қир учида. Хаёлига ғалати ўй келди.

      – Ҳусанхўжа! Ҳусанхўжа!

      – Нима? – деган ингичка овоз келди.

      – Ўрик олиб туш. Ҳов, юқори шохдан. Тез бўл!

      – Йиқилиб тушаман-да.

      – Йиқилмайсан. Ҳусанхўжа узун иштонини шалоплатиб яқин келди.

      – Кесак отақолай?

      – Майли, – деди Соат лоқайдлик билан.

      Ўрик баландда эди. Ҳусанхўжа мўлжаллаб нуқул кесак отар, кесаги тепа шохга етмас эди. Терлаб кетди. Бошқа болалар индамай томоша қилиб ётибди. Охири, битта кесак ўрикли шохга тегди. Учта ўрик тўпиллаб тупроққа тушди. Ҳусанхўжа югургилаб олиб келди.

      – Манг, Соат ака!

      – Ювмайсанми, аҳмоқ!

      – Соат кўзини ола-кула қилди.

      – Тупроққа қўшиб емайман-ку! Ҳусанхўжа анҳор соҳилига қорни билан ётиб, ўрикни чайиб келди.

      – Манг, ака!

      – Ёрилибди-ку, эшшак! Менга бутуни керак!

      – Соат Ўрикларни анҳорга улоқтирди.

      – Чиқ шохга! – деди ўдағайлаб.

      – Бутунидан узиб туш! Ҳусанхўжа бирпас анграйиб турди-да, алам билан чийиллади: – Эй, бор! Мен сенинг малайингманми?

      – Нима?

      – Соат сапчиб ўрнидан турди.

      – Нима дединг? – тарсакилаб юборган эди, Ҳусанхўжа ағдарилиб тушди.

      Шунда… кутилмаган ҳодиса рўй берди. Овози дўриллаб қолган тенгдошлари қуюндек ёпирилиб келди. Тўрттаси баравар ёпишди. Бири қўлтиғидан олди, бири оёғидан… Сувга улоқтириб юборишди. Соат Қонқуснинг қоқ ўртасига шалоплаб тушди. Худди қурбақадек. Соҳилга сузай деса, рақиблари тизилиб турибди: ҳаммаси завқланиб кулади. Ҳусанхўжа тупроқ чангитиб маймундек