турибманки, сиз яхши тайёргарликдан ўтгансиз ва сўроқларда ўзингизни қандай тутишнинг ҳавосини обдан олгансиз. Бу маълум фикрларга олиб боради. Майли, ҳечқиси йўқ, сиз билан бошқа жойда гаплашиб қўйишади. У ерда ҳазил-ҳузулга мойиллигингизни тезда сўндиришади, шунингдек, сизга хайрихоҳ айримлардаги кулиш истагини ҳам, – Абрам Гоц шундай дея ҳарбий мутахассисга кўз қирини ташлади, сўнгра яна япон офицерига тикилди. – Майли, ҳозирча бўшсиз, ўз ишингиз билан шуғулланишингиз мумкин. Биз кенгашиб кўрамиз ва сизга қароримизни етказамиз.
Ҳа, айтмоқчи, шошмай туринг. Бу ердаги Архангельскда турган полкка ким қўмондонлик қилган?
– Майор Сэкигути, – жавоб берди поручик.
– Мана бу ёлғон, – Абрам Гоцнинг юзи ғолибона табассумдан ёришиб кетди. – Полковник Исикура қўмондонлик қилган. Полкда нечта пулемёт бор эди?
– Тўртта.
– Яна ёлғон. Сизларда пулемёт ротаси мавжуд бўлган.
– Ўзингиз яхши биларкансиз, нега мендан сўраяпсиз?
– Текшириб кўрмоқчи бўлдим, – Абрам Гоц тантана қила бошлади. – Нечта аскар ва офицер бор эди?
– Бунақа саволларга жавоб бермайман, – қатъий деди Ютаро Тода.
– Ҳали жавоб берасиз, жаноб поручик. Бу ерда эмас, бошқа жойда. Шунақа гапириб берасизки, ўзлари тўхтатишларига тўғри келади.
Кечқурун Абрам Гоц поморлар кенгашида нутқ сўзлади.
– Биз япон офицери билан суҳбат ўтказдик ва ишонч ҳосил қилдикки, у кўринганидек оддий эмасга ўхшайди, – комиссия раиси қатъий эди, унинг овози борган сари жаранглай бошлади. – Афсуски, бизда у билан жиддийроқ шуғулланиш имкони йўқ, майли, бу бошқа органлар ваколатига киради. Бусиз ҳам ишимиз бошимиздан ортади. Марказдан олинган буйруққа мувофиқ, биздан шубҳали шахсларни Москвага жўнатиш талаб қилинади, у ерда улар билан ОГПУ ходимлари иш олиб боради.
Савелий Парфёнов бўғиқ овозда норозилигини билдирди:
– Тезкор отрядимиз командири нимаси билан шубҳали экан? Биз уни тинч даврда ҳам, ўқ ёмғири остида ҳам кўрганмиз, ишонаверинг, у ҳар доим ўзини мардонавор кўрсатган. У Москвада нима қилади? Отряд йўлтўсарларни қувиши керак, шубҳали японни мана шунда яна бир марта жанговар ҳолатда текширамиз, вассалом.
Комиссия раиси столга мушт туширди.
– Феъл-атворингиз мени ҳайрон қолдиряпти, ўртоқ Парфёнов. Бизга ёрдам бериш ўрнига ғилдирак орасига таёқ тиқмоқчи бўляпсиз. Бу ҳақда марказга хабар қиламан, кўриниб турибдики, сиз билан ҳам тегишли органлар шуғулланиши керак. Яна бир бор эслатаман, бу ерга раҳбарлик кўмагини кўрсатгани келганмиз, бунинг ўрнига вақтимизни беҳуда тортишувга сарфлаяпмиз. Ҳойнаҳой, Москвадагиларга бу иш қизиқ туюлса керак.
Савелий Парфёнов Абрам Гоцга нафрат билан қаради.
– Бизни қўрқитаверманг, муҳтарам раис. Сиздан ҳам қўрқинчлироғини кўрганмиз ва белини синдирганмиз. Японни сизга бериб қўймаймиз. Партизанлар унинг қамоққа олинишига жим қараб туришмайди. Керак бўлса, ҳаммаси бир тан бўлиб туриб беришади.
Абрам Гоц ачиниш билан