Артур Конан Дойл

Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари


Скачать книгу

нисбатан анча ёш, бақувват, соғлом эди. Сиз ўшанда қандай қилиб Лондоннинг қоқ ўртасида бу шарқий касалликни юқтириш мумкин, деб ҳайрон қолгандингиз… Ваҳоланки, айнан шу касалликни мен ўрганаётгандим. Холмс, бу тасодифни қаранг. Сиз жуда синчковсиз, шунинг учун ҳам бу тасодифни дарров пайқадингиз, аммо ўлимнинг сабаби айнан шунда деганингиз менга ёқмади.

      – Биламан, бу сизнинг ишингиз…

      – Шундайми, билармидингиз? Аммо ҳеч нарсани исботлаб беролмадингиз. Олдинига менга қарши айб қўйдингиз, бошингизга ташвиш тушиши билан ёрдам сўраб ялиндингиз, ахир бу иккиюзламачилик эмасми? Ёки бунинг бошқача бирор номи борми? Хўш?

      Мен зўрға гапираётган хириллашни эшитдим.

      – Менга сув беринг, – деб касал базўр шивирлади.

      – Кунингиз битган, азизим, яқинда нариги дунёга жўнайсиз. Аммо сиз билан гаплашиб олмагунимча кетмайман. Айнан шунинг учун ҳам сизга сув беряпман. Ушланг! Тўкилмасин. Шундай. Мен нима деяётганимни тушуняпсизми?

      Холмс ингради.

      – Бир иложини қилинг, менга ёрдам беринг. Ўтган гапга саловат… Келинг, унутайлик, – деб шивирлади у. – Мен бу ишни мутлақо миямдан чиқариб юбораман. Қасамёд қилишим мумкин. Мен унутаман, мени даволасангиз бас.

      – Нимани унутасиз?

      – Виктор Сэвежнинг ўлимини. Ҳозир сиз ўз жиноятингизга иқрор бўлдингиз. Мен ана шуни унутаман.

      – Ихтиёрингиз, ёдда тутасизми, унутасизми, бу сизнинг ишингиз. Мен гувоҳлар орасида сизни кўрмайман. Сиз бошқа ерда бўласиз, азизим Холмс. Менинг жияним нимадан ўлганини билсангиз билаверинг. Ҳозир гап у ҳақда эмас, сиз ҳақингизда.

      – Ҳа, ҳа.

      – Ҳузуримга юборган дўстингиз, исми эсимда қолмади, сизни бу дардни Ист-Эндда матрослардан юқтирган, – деди.

      – Мен фақат ўша ерда юқтирган бўлишим мумкин, деб ўйлайман.

      – Холмс, яна ақллиман, деб кеккайиб юрасиз! Сиз ўзингизни жудаям фаросатли деб биласиз, тўғрими? Аммо сиздан ақллироқ шахс топилди. Ўйлаб кўринг-чи, Холмс, бу касалликни бошқа йўл билан юқтирган бўлишингиз мумкин эмасми?

      – Мен ўйлашга қодир эмасман. Бошим ишламаяпти. Худо ҳақи, ёрдам беринг!..

      – Ҳа, мен сизга ёрдам бераман, фақат қандай юқтирганингизни тушунишгагина ёрдам бераман. Ўлимингиздан олдин шуни тушуниб олишингизни жуда истайман.

      – Бу оғриқларни енгиллаштирадиган бирор нарса беринг, илтимос!

      – Ҳа, оғриқлар пайдо бўлдими? Менинг сичқонларим ҳам ўлимидан олдин чийиллашарди. Гўё пайлар тортишиб қолгандек-а?

      – Ҳа, ҳа, худди чангакдек.

      – Ҳечқиси йўқ. Бу гапимни эшитишингизга халақит бермайди. Эшитинг! Эслаб кўринг-чи, касал бўлишингиздан олдин ҳаётингизда бирор бир ғаройиб воқеа содир бўлганми, йўқми?

      – Йўқ, йўқ, ҳеч нарса.

      – Яхшироқ ўйланг.

      – Мен жуда оғир касалман, ўйлашга қодир эмасман.

      – Ундай бўлса, сизга ёрдамлашиб юбораман. Почта орқали бирор нарса олмадингизми?

      – Почта орқали?

      – Масалан, қутича.

      – Ҳозир, ҳозир, эслаб кўрай-чи. Тинкам қуриб боряпти!

      – Холмс, эшитинг!