Александр Дюма

Уч мушкетёр


Скачать книгу

шу қадар зарур, ўша ягона сеҳрли калитсиз бунча олис сафарга отланганингиздан таажжубдаман.

      – Мактубим бор эди, тақсир, худога шукур, туппатузук ҳам ёзилган эди! – хитоб қилди д’Артаньян. – Лекин, уни мендан ҳийла билан ўғирлаб кетишди!

      Шундан кейин у Менгда юз берган воқеаларнинг ҳаммасини ҳикоя қилиб, нотаниш дворянни барча тафсилотлари билан тасвирлаб берди. Унинг жўшқин нутқидан уфуриб турган самимият де Тревилга манзур бўлди.

      – Ғалати воқеа… – ўйчан гапирди мушкетёрлар капитани. – Сиз, демак, баланд овоз билан менинг номимни тилга олдингизми?

      – Ҳа, албатта. Мен эҳтиётсизлик қилиб қўйдим. Лекин, иложим қанча, сизники сингари ном йўлда менга қалқон бўлиб хизмат қилиши керак эди-да. Уни қанча кўп дастак қилганимни ўзингиз ўйлаб кўринг.

      Хушомад у маҳаллар расм бўлган эди, де Тревиль ҳам ҳар қандай қирол ёки кардинал сингари мақтовдан таъсирланарди. Шу сабабдан у мамнун бўлганини ифода этгувчи табассумни тиёлмади, лекин, табассум бирпасда сўнди.

      – Айтинг-чи, – Менгдаги воқеага қайтиб, ўзи гап бошлади у, – айтинг-чи, ўша дворяннинг чаккасида енгил чандиқ йўқмиди?

      – Ҳа, ўқ тешиб ўтгандай.

      – У келишган кишимиди?

      – Ҳа.

      – Барвастамиди?

      – Ҳа.

      – Рангпар, сочлари қорами?

      – Ҳа, ҳа, худди шундай. Сиз қаердан у кишини танийсиз, тақсир? Оҳ, зора мен уни бирор кун қидириб топсам – онт ичаманки, мен уни дўзахдан бўлсаям қидириб топаман…

      – У аёл кишини кутармиди? – унинг сўзини бўлди де Тревиль.

      – Ҳарҳолда, ўша аёл билан бир-икки оғиз гаплашиб олгандан кейингина жўнаб кетди-ку.

      – Улар нималарни гаплашганини сиз билмайсизми?

      – У аёлга қутича бериб, ундан фармойишларни топажагини айтди ва қутичани фақат Лондонда очишни таклиф этди.

      – Ўша аёл инглизмиди?

      – У, миледи деб гапирди.

      – Бу ўша! – шивирлади де Тревиль. – Бу ўша! Мен бўлсам уни ҳалиям Брюсселда деб ўйлаб юрибман.

      – О, тақсир, – хитоб қилди д’Артаньян, – унинг ким ва қаерданлигини менга айтиб беринг, мен сиздан бундан бўлак ҳеч нарсани, ҳатто, мушкетёрликка қабул қилишингизни ҳам сўрамай қўя қоламан! Негаки, мен аввало у билан ҳисоб-китоб қилишим керак.

      – Сизни худо асрасин бундан, йигитча! – хитоб қилди де Тревиль. – Уни кўчада учратиб қолгудай бўлсангиз – дарҳол бошқа томонга ўтиб олишга шошилинг. Бу қояга йўлиқманг – шишадай синиб кетасиз.

      – Барибир, – деб қўйди д’Артаньян, – агар уни учратиб қолсам…

      – Ҳарҳолда, ҳозирча уни қидиришингизни маслаҳат бермайман, – деди де Тревиль.

      Тўсатдан кўнглига ғалати шубҳа келиб, де Тревиль жимиб қолди. Отасининг мактубини гўё ўғирлаган кишига нисбатан йигит билдираётган жўшқин нафрат… Ким билсин, бу нафрат остида маккор режа яширинганми? Бу йигитни падари бузруквор юборган бўлсачи? У де Тревилни қўлга тушириш ниятида келган бўлса-чи? Ўзини д’Артаньян деб танитаётган бу одам, бошқаларнинг