Александр Дюма

Уч мушкетёр


Скачать книгу

денг? – деди қирол. – Жаноб де Ла Тремулнинг ҳамма гапларига тамомила ишонасизми?

      – Ҳа, ҳазрат олийлари.

      – Сиз унинг ҳукмига итоат қиласизми?

      – Ҳа.

      – Неки талаб этса, рози бўласизми?

      – Ҳа, ҳазрат олийлари.

      – Ла Шене! – қичқирди қирол. – Ла Шене!

      Людовик XIII нинг ҳамиша эшик пойлагувчи ишончли маҳрами хонага кириб келди.

      – Ла Шене, – деди қирол, – дарҳол жаноб де Ла Тремулга жўнасинлар. Бугуноқ кечқурун у киши билан гаплашиб олишим зарур.

      – Де Ла Тремул билан менинг орамда ҳеч кимни қабул қилмайман деб, ҳазрат олийлари сўз берадиларми? – сўради де Тревиль.

      – Ҳеч кимни, – жавоб берди қирол.

      – Унда эртагача, ҳазрат олийлари.

      – Эртагача, тақсир.

      – Ҳазрат олийлари қай вақтни буюрадилар?

      – Сиз истаган вақтни.

      – Лекин, мен жуда эрта келиб қўйиб, ҳазрат олийларини уйғотиб қўйишдан қўрқаман.

      – Мени уйғотиб юборишдан? Мен ухлармишманми? Мен ортиқ ухламай қўйдим, тақсир. Гоҳида мизғийман, холос. Истаганингизча эрта келаверинг, соат еттида бўлсаям, майли. Лекин айб мушкетёрларингизда бўлса, эҳтиёт бўлинг!

      – Айб мушкетёрларимда бўлса, айбдорлар ҳазрат олийларининг қўлларига топширилади, лозим кўрган чорангизни қўллайсиз. Ҳазрат олийларининг яна бошқа истаклари борми? Қулоғим сизда, Итоат қилишга тайёрман.

      – Йўқ, тақсир. Йўқ. Мени бекорга Одил Людовик дейишмайди. Эртагача, тақсир, эртагача.

      – Ҳазрати олийларини худо паноҳида асрасин!

      Бу тун қирол нечоғлиқ ёмон ухласа-да, жаноб де Тревиль ундан ҳам бадтарроқ ухлади. У оқшомдаёқ уч мушкетёр ва уларнинг дўстига саҳарда роппа-роса олти яримда ўзиникида бўлишини айттириб қўйди. Ҳеч қандай ваъда бермай, ҳеч нарсага кафил бўлмай, уларни ўзи билан саройга олиб кетди, уларнинг тақдири худди ўзиники сингари қил устида турганини ҳам яширмади.

      Кичик дарвозадан киргач, у кутишни буюрди. Қирол жаҳлидан ҳануз тушмаган бўлса, улар билдирмай жўнаб қоладилар. Борди-ю, қирол қабул қилишга розилик берса, уларни чақирадилар.

      Қиролнинг шахсий қабулхонасида жаноб де Тревиль Ла Шенени кўриб қолди, у кеча кечқурун герсог де Ла Тремулни уйидан топиш иложи бўлмагани, уйига қайтганда алламаҳал бўлиб, саройга келолмагани ва герсог боягина ташриф буюриб, шу дақиқада қирол ҳузуридалигини маълум қилди.

      Сўнгги вазият жаноб де Тревилга жуда маъқул эди. Энди у де Ла Тремулнинг кетиши билан шахсан ўзининг қирол ҳузурида бўлиши оралиғида ҳеч қандай бегона таъсир ўтиб улгурмаслигига ишонса бўларди.

      Дарҳақиқат, ўн дақиқа ўтар-ўтмас эшиклар очилди ҳамда де Тревиль кабинетдан чиқиб келаётган де Ла Тремулни кўрди. Герсог тўппа-тўғри унга қараб юрди.

      – Жаноб де Тревиль, – деди у, – ҳазрат олийлари уйимнинг олдида содир бўлган воқеанинг ҳамма тафсилотларини билиш учун мени чақиртирибдилар. Мен у кишига тўғрисини айтдим, яъни айб менинг одамларимда бўлганини, сиздан узр сўрашга тайёрлигимни тан олдим. Сиз билан учрашиб қолган