пистолни йўқотишни афзал кўрардим.
Худди шу тазрда у «йигирма минг» ҳам деб юбориши мумкин эди, аммо йигитлик ҳаёси тийиб қолди.
Тўсатдан ҳамма хоналарни беҳуда тинтиб юрган хўжайиннинг миясида ялт этиб нур чақнагандай бўлди.
– Мактуб асло йўқолмаган! – деди у.
– Нима? – қичқириб юборди д’Артаньян.
– Йўқ. У сиздан ўғирланган.
– Аммо, ким ўғирлаган?
– Кечаги нотаниш дворян. У ошхонага, сизнинг камзулингиз турган ерга тушиб эди. У ерда ёлғиз қолиб эди. Гаров бойлашаман, бу ўшанинг қилмиши.
– Шунақа денг! – иккиланиб гапирди д’Артаньян.
Ахир мактубнинг фақат ўзи учун аҳамияти борлиги унга бошқалардан кўра яхшироқ маълум бўлиб, бирор кимсанинг унга кўзи ўтиши мумкинлиги хаёлига ҳам келмасди. Мусофирхонадаги қўноқларнинг ҳеч бири, хизматкорларнинг ҳеч бири ундан наф кўра олмаслиги шак-шубҳасиз эди.
– Демак, сиз ўша сурбет дворяндан гумон қиляпман, дедингизми, – яна сўради д’Артаньян.
– Бунга ишончим комил деяпман-ку, сизга, – тасдиқлади хўжайин. – Мен унга, муҳтарам афандимга жаноб де Тревиль шафе эканлар, ҳатто, унда шавкатли аслзодага мактуб ҳам бор деганимда, у очиқдан-очиқ безовта бўлиб, ўша мактуб қаердалигини сўради ва шу заҳоти ошхонага тушиб кетди, камзулингиз ўша ерда ётгани унга маълум эди.
– Унда ўғри – ўша! – хитоб қилди д’Артаньян. – Мен жаноб де Тревилга арз қиламан, жаноб де Тревиль эса қиролга айтиб қўяди!
Сўнгра салобат билан чўнтагидан икки экю чиқариб, уни дарвозагача қалпоғини ечиб кузатиб чиққан хўжайинга узатди. Шу жойда йигит ўзининг сариқ-малла отига сакраб минди-ю, Париж шаҳрининг Сент Антуан дарвозасигача бесаргузашт етиб олди. У ерда д’Артаньян отини уч экюга – саёҳатнинг ниҳоясигача эгаси роса ҳолдан кеткизганини ҳисобга олганда, анча дуруст нархга сотиб юборди. Шу важдан д’Артаньян олибсотарга отни юқорида кўрсатилган пулга бой берганида, у бу қулоқ эшитмаган нархга фақат отнинг ғаройиб тусига учиб, кўнганини ёш йигитга шама қилиб қолди.
Шу зайл д’Артаньян бўғчасини қўлтиқлаб, Парижга яёв қадам қўйди ва ўзининг озроқ маблағига яраша хонани ижарага олиш насиб қилмагунча кўча-кўйларда тентираб юрди.
Бўнагини тўлаб, д’Артаньян дарҳол ўз хонасига кўчиб кирди ва кун қайтгунча иш билан машғул бўлди: онаси ота-д’Артаньян жанобларининг ҳали яп-янги камзулидан сўтиб, яширинча ўғлига берган уқаларни иштон ва камзулларига қадади. Сўнгра Темир Лом соҳилига бориб, қиличини янги тиғ қилиш учун бериб келди. Шундан кейин у Лувргача17 юриб борди-да, биринчи дуч келган мушкетёрдан жаноб де Тревилнинг уйи қаердалигини суриштириб, билиб олди. Бу уй Эски Каптархона кўчасида, д’Артаньян томонидан муваффақиятнинг нишонаси деб таъбир қилинган жиҳати, у қўнган жойнинг яқингинасида экан.
Сўнгра у ўзининг Менгдаги хатти-ҳаракатидан мамнун ҳолда ўтмишдан ўкинмасдан, ҳозирги кунидан кўнгли тўқ бўлиб, келажагидан умидларга тўлиб-тошиб, қаттиқ уйқуга кетди.
Асл вилоят кишиси сифатида у эрталаб соат тўққизгача ухлади,