ўхшашлик бор. Улар сўз маъносини шунга буриб, ҳатто сомиъ – эшитувчи, муншид – ўқиб берувчиларнинг фикр-зикрини, гарчи улар ораси узоқ бўлмаса ҳам А билан Б ва Б билан Ж ўртасида бўлган ўхшашликдан огоҳлантирмоқчи бўладилар.
Бу санъатда шоирликнинг танланиши одатда жуда улкан бойлик саналади. Бу худди ҳозирги замондаги баъзи бир шоирлар қилмишига ўхшаб кетади. Улар шундайки, агар бир сўзни шеърдаги байтга қофиядош қилиб қўйиб, олдинги байтда лозим бўлган нарсаларни ёки тасвирлаш ниятида бўлган нарсаларни бита олса, у ҳолда одамда жуда ажойиб ҳузурбахш ҳолат пайдо бўлади.
Биз яна шундай деймиз: бу санъат аҳли билан нақш берувчи рассом санъати ўртасида қандайдир муносабат бор. Булар иккаласининг санъатдаги моддаси турли-туман бўлса ҳам, аммо шаклда, яратилиш ва мақсадларда бир-бирига мос келади. Ёки айтайлик, ўша иккала яратилган нарсада, улар шаклларида ва мақсадларида бир-бирига мувозанат, ўхшашлик бор. Бу шундайки, шеър санъатини безайдиган нарсалар сўз – мулоҳазалар бўлса, рассомлар санъатини безайдиган нарса – бўёқлар саналади. Буларнинг иккови ўртасида фарқ бор, аммо иккаласи ҳам феълда бир-бирига ўхшаш, иккаласи ҳам одамлар тасаввури ва сезгиларида бир мақсадга – тақлид қилишга йўналган бўлади.
Шоирлар санъати илмини ўрганувчилар фойдаланадиган умумий қонун-қоидалар мана шулардан иборат. Бу қонунларнинг кўпини (илмий нуқтаи назардан) текшириб чиқиб, мулоҳазалар билдириш ҳам мумкин эди, лекин бундай санъат соҳасида илмий текшириш олиб боришдек нарса инсонни санъатнинг бир навида бир томонлама мулоҳаза олиб боришга элтиши ҳамда бошқа навлар ва қарашлардан юз ўгиришга олиб келиши мумкин.
Шу сабабдан бу соҳада айтиб ўтган мулоҳазаларимиз унга ўхшаган бирор нарсани ҳал қилиб ҳам беролмайди.
(Шу билан Абу Наср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Тархон ал-Форобий ёзган рисола тугади.)
Абдусодиқ ИРИСОВ
АРАСТУ «ПОЭТИКА»СИ ВА УНИНГ ШАРҚДАГИ ИЗДОШЛАРИ
Арасту «Поэтика»си ўрта асрларда Шарқда дастлаб қадимги сурёний тилида, сўнгра эса араб тилида тарқалган эди.
У маҳалларда араб тили ҳали илмий тил сифатида танилмаган, кўп асарларни, шулар жумласидан кўп юнон муаллифларининг таълифларини сурёний тилига таржима қилиш одат эди. Ҳатто «Калила ва Димна» китоби ҳам арабчага таржима қилинишдан анча олдин санскрит тилидан сурёний тилига кўчирилган эди. Кейинчалик, ўнинчи асрга келиб «Поэтика» сурёний тилидан арабчага таржима қилинди. Бунинг дастлабки таржимонларидан бири Исҳоқ ибн Ҳусайн (вафоти 911) бўлса, бошқаси Матто ибн Юнус ал-Қунноий (941 йилда ҳаёт бўлган) эди. Ал-Қунноий таржимаси давримизгача ҳам етиб келган. Шу билан ўрта асрларда бу асар араб дунёсига тарқалиб кетди.
Арасту асарларини рўёбга чиқаришга бел боғлаган Ғарб олимлари Шарқ олимлари мероси билан ҳам қизиқиб, уларни нашр этишга хизмат қилдилар. Инглиз шарқшунос олими Давид Самуил Марголиус 1887 йили Арасту «Поэтика»сининг Матто ибн Юнус қилган таржимасини топиб, уни Лондонда наш