Кўпроқ билишга интилсангиз бас. Бундай интилиши бор киши билмаганини ўрганишга вақт ҳам, имкон ҳам, албатта, топади. Янги оилангиздагилар ҳам сизнинг билишга интилишингиздан севинишади, сизга рағбат беришади. Чунки улар ҳам сизнинг «элнинг кўрки» бўлиб юришингизни исташади. Ўзи лобар, тили дилбар, назокатли, уйига меҳмон келса, минг турлук ноз-неъмат билан, жонини фидо қилиб кутиб оладиган келинни ким ҳам хоҳламайди дейсиз? Келинининг келажак турмушида, болалари тарбиясида асқотади деб, турли курслар қидириб юрадиган қайноналар ҳам кўп. Бўлажак қайнонангиз шундай қилсалар, у кишига парвона бўлинг, энг яқин кишингиз деб билинг.
Балки орангизда «Буларнинг ҳаммасини билиш менга зарурми?» деб ўйлайдиганлар ҳам топилиб қолар. Бадавлат жойга тушдим, хонадонимда уч-тўрт хизматкор бор деб, ўзингизни асосий вазифа – уй тутишдан четга олсангиз келажагингиз ҳам, бахтингиз ҳам қил устида деяверинг.
Тўйгача бўлган уч-тўрт ойлик учрашувлар фасли ва тўй кунлари кўтаринки руҳиятини катта ёшдаги аёллар «поэзия» даври деб атайдилар. Тўйдан кейин эса айтишларича «проза» бошланармиш.
Бу ўхшатиш нечоғли тўғрилигини билмадим-у аммо айрим насрий асарларни қўлдан қўймай ўқиладиган даражада зўр ёзилишига ишончим комил бўлгани учун ҳам, тўйдан кейинги ҳаётимизни қандай ўтказиш – кўнгилни кўкларга кўтарадиган шаклдами ёки бир хил ва зерикарли шаклдами – бу жуда кўп жиҳатдан ўзимизга боғлиқ деб ўйлайман. Ҳаётимизнинг чиройли ёки хунук кечиши, борингки бахтли ёки бахтсиз бўлишимиз ҳам кўп жиҳатдан бизнинг қанча кўп билишимизга, уқувимизга, эплилигимизга, ҳаётдан нима излаб, нималарга интилаётганимизга боғлиқ.
«Ҳикмат излаганга – ҳикматдир дунё» деб бежиз айтишмаган.
Яхши уй бекаси бўлиш, яхши уй тутиш қутлуғ вазифа. Шуни уддаласангиз, билингки сиз жамиятнинг олди кишисиз.
«Мен бир оила келиниман холос, менинг жамиятга қандай алоқам бор?» деб ҳайрон бўлаётгандирсиз. Чуқурроқ ўйлаб кўринг-чи.
Бугун ақлли, эсли-ҳушли қиз деган ном олиб, эртага лобар келин, дилбар аёл, меҳрибон она «мартаба»сига эришсангиз, билингки сиз баркамол жамият учун курашаётганларнинг энг пешқадамисиз. Бугун озода бўлиб, саранжом ва саришта бўлиб, соғлигингизга қараб юрсангиз – эртага сиз келажакнинг соғлом авлодини таъминлагувчи кишисиз.
Яхши фарзандларни тарбиялаш, жамиятга олижаноб кишиларни етказиб бериш ҳам аслида келинлик фаслидан бошланади.
Келажакда эрингиз топармон бўлиши, оғзингиздан чиққанини муҳайё қилиши мумкиндир. Аммо унинг муҳайё қилганини билиб-билиб ишлатмасангиз, юзага олиб чиқмасангиз, ёнига қўшмасангиз, эртага кексалар айтмоқчи «Ётиб еганга – тоғ ҳам чидамас»лигига ўзингиз ҳам амин бўласиз. Эрининг топганига файзу баракани уйдаги аёли бағишлайди. «Қилич тутган саркардадан, игна ушлаган аёл афзал!» деб бекорга айтилмаган.
Пул топиб, уйига ризқ-рўз йиғиб келиш илинжида юрган эркаклар ёнларида энг садоқатли, ақлли, идрокли, заковатли, фаросатли, иродали, жасоратли, меҳрли, ҳалол, покиза ва шунга