ўтмишига ўчакишиб, тақдири азалнинг йўриқларини тан олмаётганини сезмасди. Кичик ўғил ана шундай тарбия таъсирида улғайди. Аммо, катта ўғлининг ўлими, вақт унинг измида эмаслигини, ҳаёт унинг иродасига бўйсунмаслигини кўрсатди. Оталик меҳри, топар-тутари болаларини хору зорликдан асради, аммо балои қазодан асрай олмади.
Акасининг фожиали ўлимига эркатойи Жобирбекни айблади. Нафақадаги ота ўзига муносиб ўринбосар бўлиб етишиб келаётган тўнғич фарзандининг тобути устида: «Аканг ўлгандан кўра сен ўлсанг бўлмасмиди» дея нола қилганда, у бир ёшга улғайди. Шу-шу отасининг кўзларида унга нисбатан совуқ бир назар қотиб қолди. У узоқ йиллар ана шу қотиб қолган дийдани юмшатиш пайида бўлди. Отасининг пойига борини тўкди, ёшликдаги шўхликлари учун кечирим сўраб олдида тиз чўкди – фойдаси бўлмади. Отасининг сўниқ, ҳиссиз кўзларидан барибир бирор-бир маъно уқмади. У акасининг бевақт ўлими туфайли отанинг кўнглида армон бўлиб қолган ниятларини рўёбга чиқарганида ҳам, бетон заводининг директори бўлиб тайинланганида ҳам ота унинг муваффақиятларидан на қувонди, тушкун дамларида на дардкашлик қилди.
10
Жобирбекнинг балоғат даври жуда мураккаб кечди. Уйга кеч қайтадиган, ўзи билан албатта, бир ишкални бошлаб келадиган одат чиқарди. Маҳалла-куй ундан безор, мактабнинг ҳам унинг ахлоқига бир талай эътирозлари бор эди. Аввалига унинг қилиқларини кўрибкўрмасликка олдилар. Ахир отасининг ҳурмати бор. Кейин-кейин узунқулоқ гаплар отанинг қулоғига етиб борди. Насиҳат қилди: «Болам, ножўя ишларинг менинг мартабамга, йиллаб, мисқоллаб йиққан обрўйимга, бекаму кўст турмушимизга рахна солаётганини англамоғинг керак!»
Насиҳат кор қилмади. У ўз билганидан қолмади. Қайсидир бир овлоқда уч-тўртта безоринамо ошналари билан ожизроқ бир болани дўппослагани, тун ярмидан оққан пайт, мотоциклларини тириллатиб одамларнинг ҳаловатини бузиб, тинчлик бермаётгани ҳақидаги нохуш хабарлар, миш-мишлар йирик завод директорининг хонасига қабулхонада навбат кутмай кирадиган бўлди.
Ота дарғазаб, она икки ўртада кечаётган зиддиятдан дилгир бўлиб яшарди. Мактабни битирув кечаси ўқитувчилар жамоасининг кайфиятида икки хил ҳолатни кўриш мумкин эди. Улар бирда йиғлаб, бирда қувнаб кетишарди. Ўн йил мабайнида фарзандидек бўлиб қолган болалар бағрини тарк этаётганига хафалансалар, шодликларининг боиси кетаётганлар сафида Жобирбекнинг ҳам борлигидан эди чамаси.
Жобирбек пойтахтга кетди. Ўқишга кирди. Одамлар қизиқ-да! У уларни тинч қўйса ҳам уни эслашдан, гапиришдан чарчашмасди: «Ўқишга кирибди, ё пирай! Ўзининг «уч»и биланми ё мансабдор отасининг кучи билан кирибдимикин?» деб маломат қилишди. Таажжубланарлиси шундаки, у институтга ўз билими билан кирди. Яхши ўқирди. Фақат, бўлмағур одатларини батамом тарк этмаганди. Янги йил байрами арафасида яна бир ишкал чиқди. Ишкалмисан ишкал! Деворий газетанинг байрам сонида кимдир унинг номига ҳазил қилиб, икки қатор шеър битиб остига ярми хўроз, ярми товуқ суратини чизган экан. Кўп қатори Жобирбек ҳам уни ўқибди.
Билими