title>
СЎЗ БОШИ
Мени бу қисқа ва аёллар учун жудаям керакли бўлган китобчамдан олдин “Ҳаёт жавҳари” деб номланган рисолам китобхонларга тақдим этилди.
Аслида, бу китобча “Ҳаёт жавҳари”нинг давомидир. Афсуски, баъзи сабаблар билан улгуролмай қолдим. “Ҳаёт жавҳари” ўқувчиларимизнинг қўлига етиб, унинг мазмунидан хабардор бўлгач, у ҳақда китобхонлар ижобий фикр билдиришди, яъни китобни яхши қабул қилишди. Шунинг учун кеч бўлса ҳам аёллар ва ўз навбатида кўпчилик китобхонларимиз учун энг муҳим бўлган бу китобчани ёзишга қарор қилдим.
Мазкур мўъжазгина китобча жудаям қисқа, оддий халқ тилида ёзилди. Шу билан бирга ёлғиз аёллар учун эмас, эркаклар учун ҳам керакли маълумотлар билан бойитилди. Бу китобни ўқиб чиққан аёл ва эркаклар оз бўлса ҳам унинг мазмунидан хабардор бўлиб, ўзларининг ҳаётидаги энг муҳим саналган оилага, турмушга муносиб ҳиссасини қўшади, деган умиддаман.
Сизлардан илтимос, китобчани ёлғиз аёллар эмас, эркаклар ҳам ўқисинлар. Энг яхшиси, эр-аёл иттифоқлик ва бир-бирига меҳр билан ўқиб, турмуш амалиётида қўлласа, бу уларга ҳаётлари давомида асқотса, ўзимни жудаям бахтли инсон деб ҳисоблар эдим.
АЁЛЛАРДАГИ КЛИМАКС
40 ёш! Умуман, бу ёшни инсон учун даврий алмашиниш ёши десак, хато бўлмайди. Бу ёшда инсон нафақат улғаяди, балки организмда ички ва ташқи физиологик ўзгаришлар рўй беради: бўй ўсишининг тўхташи, органларнинг нозиклашиши, организмда қариш жараёнининг дастлабки кўринишларининг юзага чиқиши, соч оқариши, айниқса, асаб тизимининг кескин ўзгариши яққол кузатилади. 40 ёшдан кейинги ўзгаришлар, жумладан, асаб тўғрисида гапириш мавзуни ўзўзидан климакс сўзи билан боғлайди. Климакс – асли грек тилидан олинган бўлиб, зина, деган маънони билдиради. Зина эса ўз ўрнида пастга тушиш ёки тепага чиқишни англатади.
Климакс – аёл ҳаётининг бир даври бўлиб, уларнинг фарзанд кўриш палласидан кексаликка ўтиши фаолиятининг аста-секин пасайиши ва “ўчиши” билан ифодаланади, бу жинсий гормонлар (эстерогенлар) ҳосил бўлишининг тобора камайиб бориши асносида ой кўришнинг тўхташида намоён бўлади.
Аслида, климакс касаллик эмас, ҳар бир аёл киши бу даврни табиий равишда бошидан ўтказади. Даврий ўтиш аёлларда турли ёшда, турли кўринишда ўтиши мумкин, аммо ҳеч бир аёл бундан мустасно қолмайди. Демак, мавзу анча жиддий ва барча билиши лозим. Чунки, 40 ёшли аёл нафақат оиламиз, балки жамиятимизнинг энг ардоқли ва фаол аъзосидир.
Демак, климакс ҳақида. Баъзи аёллар бу даврда ҳеч қандай қийналмайдилар, ҳатто ўзлари билмасликлари ҳам мумкин. Баъзи аёллар қийналадилар, ва у ҳатто оғир касаллик белгиларини ҳам бериши мумкин. Шунинг учун климаксни тиббиёт тилида кўп тармоқли касаллик деб атасак ҳам бўлади. Айтиш мумкинки, ҳар бир аёл икки даврни бошидан ўтказади: Оналикка кириш даври ҳамда она бўлишдан қолиш даври.
Қиз бола туғилгандан кейин балоғат даврига етганда Яратгандан ато қилинган тинч ётган оналик системаси, яъни ички органлар безлари ва нерв системаси ҳаракатга келиб, уйғона бошлайди. Тахминан 9-15 ёш даврида қиз бола биринчи ҳайз кўради. Мана шу кундан бошлаб қиз болани келажакда она бўлиш ички тайёргарлиги бошланади. Бу даврни балоғат даври деб атаймиз.
Қадди-қоматнинг ўзгариши бош мия нерв системасига таъсир кўрсатиб, унда ҳам ўзгариш содир бўлиб, она бўлишга тайёрлайди. Демак, қиз бола фақат танада эмас, нерв системасида – характерида ҳамма жиҳатдан ҳар хил белгиларни бера бошлайди. Мана бу даврда ҳар бир она ўз қизига қаттиқ эътибор бериши керак. Ақлли оналар дарҳол буни сезади, чунки шу онанинг бошидан кўп йиллар олдин бу ҳолат кечган. Баъзи бепарво оналар бу физиологик даврга эътибор бермай, қизига қарата баъзи нотўғри ҳаракатларда бўлиши мумкин. Масалан, оналик даврига кирган бу қизда нерв системасининг ўзгариши натижасида мулойим, ёқимли қиз характерида олдин кузатилмаган асабийлашиш, жиддийлашиш, қўполлик, ўринсиз гапириш, гапга кирмаслик, уйқусизлик ёки уйқучанлик, ҳатто бош оғриши, киндигининг пасти оғриши каби аломатлар ҳам кўриниши мумкин. Буни тушунмаган она ёки бошқа оила аъзолари балоғатга етган қизга нисбатан салбий қараб, кутилмаган ҳодисалар юз бериши мумкин. Шунинг учун она қизи билан дўстона суҳбат ўтказиб, унга руҳий тарбия бериши лозим.
Баъзи қизларда балоғатга етиш даврида ички жинсий безларнинг кучли ишлаши натижасида ёки жинсий фаолиятга мойиллик бўлиб, бош мия нерв системасининг қўзғалиб кетиши натижасида балоғатга етган қиз болада жинсий талаб пайдо бўлади. Ақлан тўлиқ бўлмаган бу талаб, эс-ҳушини йиғиб олмаган қиз бола ҳаётида бурилиш ясайди, алданиб ўз шаънига ҳам, оила шаънига ҳам доғ туширадиган ишларни қилиб қўйиши мумкин.
Шунинг учун ҳурматли оила аъзолари, хусусан, она бу даврда қиз болага жудаям диққат қилиб, унинг юриштуришидан хабардор бўлиб туриши керак.
Балоғатга етган эркак болаларда ҳам худди шунақа ҳолат кузатилиши мумкин. Уларнинг ҳам жинсий безлари секрецияси ва жинсий муносабат, бош мия системаси ортиқча ишлаб кетиб ҳам эс-ҳушини йиғиб олмаган ўсмир бола ёмон ишларни қилиб, ҳатто жиноий ишларга ҳам қўл уриши мумкин.
Шунинг учун сиз ота-оналар, хусусан, ота назоратни кучайтириб, уларнинг юриш-туришларига