Озод Муъмин

Буюк Амир Темур ёқути


Скачать книгу

қилди. Ундан сўнг Оламгир II (1754–1759 йиллар), Шоҳ Олам II (1759–1806 йиллар), Акбаршоҳ II (1806–1837 йиллар) ва Баҳодиршоҳ II (1837–1857 йиллар) бобурийлар тахти эгаси бўлдилар. XIX асрнинг бошида инглиз қўшинлари Деҳлини эгалладилар. Ҳиндистоннинг катта қисми Буюк Британия мустамлакасига айланди. Бобурийлар империясининг ерлари анча камайди. Бу сулоланинг ҳукмронлиги 1857 йили Баҳодиршоҳ II нинг ҳалокати билан тугади. Шу йили инглизлар хизматидаги ҳинд сипоҳийлари Баҳодиршоҳ II бошчилигида мустамлакачиларни ҳайдаб чиқаришга уриниб, қўзғолон кўтардилар. Бу қўзғолон бостирилди. Иштирокчилар, шу жумладан, Баҳодиршоҳ II ҳам замбаракнинг оғзига боғлаб отилиб, тилка-пора қилиндилар.

* * *

      – Ҳурматли «Чироғи олам»! Ҳикоянгизнинг бу қисми қалбимга маъюслик солди. Менга айтинг, ахир сизни Нодиршоҳ 1739 йилда Исфаҳонга олиб кетган-ку, нега буни баён этмаяпсиз?

      – Ҳар бир воқеа-ҳодисотда мантиқ бўлиши даркор. Мени узоқ вақтлар қалб қўри билан иситиб, асраб келган бобурийлар тарихини қисқа бўлса ҳам айтиб беришим керак эди. Мана энди кейинги воқеа-ҳодисаларни баён қиламан.

* * *

      «Бу, Исфаҳонга 1153 йили Ҳиндистондан олиб келинган ёқут, шоҳлар шоҳи Султон Соҳибқироннинг йигирма беш минг асл жавоҳиротларидан биридир».

      Бу ёзувни Эрон ҳукмдори Нодиршоҳ 1739 йили (ҳижрий 1153 й.) Ҳиндистонга бостириб бориб, «Буюк Амир Темур ёқути»ни қўлга киритгач, тош юзасига ёздирган. Ана шу битик кейинчалик жавоҳирот тақдирида маълум аҳамият касб этди. Бу ҳақда кейинроқ ёзаман.

      Нодиршоҳ туркий халқ вакили бўлиб, афшар уруғига мансуб эди. У 1688 йили Хуросоннинг Обивард шаҳрида таваллуд топган. Нодирнинг ёшлигидаёқ намоёнлашган ноёб саркардалик истеъдоди, ботирлиги ва зийраклиги, уни юксакларга олиб чиқди. У 1722 йили Обивард ҳокими Бобо Алибекнинг ўнг қўл ёрдамчисига айланди. Унга куёв ҳам бўлди. Бобо Алибекни Оллоҳ ўз даргоҳига чақиргач, Нодир Обивард бошқарувини ўз қўлига олди. Кўп ўтмай Хуросон ҳукмдори Малик Маҳмудхон хизматига кирди. 1726 йилда сафавийлар сулоласининг энг охирги шоҳи Таҳмосибга бу ажойиб саркарда жуда ёқиб қолди. Шоҳ саркарда Нодирни ўз хизматига чақириб, унга Таҳмосибқулихон деган янги исм берди. Сўнг унга мамлакатга тажовуз қилаётган афғон уруғларининг адабини бериб қўйишни топширди. Нодир 1729 йилда Хуросонга келиб ўрнашиб олган афғонларни жангда енгди, бироқ 1730 йили Эронга қайтиб кетди. Бунга усмоний туркларнинг сафавийлар ерига ҳужум қилгани сабаб бўлди. Уларга қарши курашмаса бўлмасди. Афғонларнинг абдали уруғи ҳокими Зулфиқорхон қулай фурсатдан фойдаланиб яна Ҳиротни эгаллади ва ўзини шаҳар ҳокими деб эълон қилди. Нодир усмоний туркларни улоқтиргач, орқага қайтди. Ўзининг ўттиз минг кишилик қўшини билан яна Ҳиротга ҳужум қилди ва уни эгаллади. Зулфиқорхон рақиби Нодирнинг кучини яхши билгани учун, ҳокимликни вазири, ўзига қарши фитна тайёрлаётган Оллоёрхонга совға қилиб, Қандаҳорга қочиб кетди. Бироқ Қандаҳор ҳокими Ҳусайншоҳга вазир Оллоёрхоннинг мағлубияти хабари етиб келгач, у Зулфиқорхондан шубҳаланиб, уни ва укаси Аҳмадхонни зиндонга ташлатди.